ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9490.77 +23.5
1 EUR = 10455.03 -115.18
1 RUB = 148.82 -0.31
1 GBP = 12119.71 -125.26
1 JPY = 86.86 -0.66
1 AFN = 122.29 +0.96
1 AMD = 19.96 +0.05
1 AED = 2584.07 +6.33


Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли иқтисодий ўсишнинг барқарор кўрсаткичлари қайд этилмоқда. Бунда, албатта, мамлакатимиз молия муассасаларининг ҳиссаси беқиёс. Зеро, банклар фаолияти иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, корхоналар фаолиятини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очишда муҳим ўрин тутаётир.

 Республикамизнинг энг йирик саноатлашган ҳудудларидан бири – Навоий вилоятида тижорат банклари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар эл фаровонлигини таъминлаш­га хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир. Ҳудудда иқтисодиёт тармоқларини янада ривожлантириш ҳамда замонавий технологияга асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида бажарилган саъй-ҳаракатлар фикримиз тасдиғи бўла олади.

Эркин иқтисодий зона

 Халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш, бунинг учун муносиб шарт- шароит яратиш, шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш йўлида бугун кенг кўламли дастурлар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Буни ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар ташкил қилиш ва уларнинг жадал ривожланишини таъминлаш йўлида қабул қилинган фармон ва қарорлар мисолида кўриш мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрда қабул қилинган «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4853-сонли Фармони бу борада дастуриламал вазифасини ўташи, шубҳасиз.

Мазкур Фармонда белгиланган вазифаларга мувофиқ, Навоий вилоятида эркин иқтисодий зона фаолиятини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда бу жараёнда тижорат банклари иштирокини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу хусусда батафсил Марказий банк Навоий вилояти Бош бошқармасининг Тижорат банкларининг инвестициялар портфелини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи – Нуриддин Ҳайдаров билан суҳбатимизда тўхталамиз.

– «Навоий» эркин иқтисодий зонасида тижорат банклари томонидан инвестицион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ва улар истиқболини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга қандай баҳо бериш мумкин?

– Халқаро стандартларга мос сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш бугуннинг талаби. Шу боис ҳам, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий инвестициялар, биринчи галда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароит яратиш масаласи бугун устувор аҳамият касб этади. Шундай бўлаяпти ҳам. Хусусан, Навоий вилоятининг саноат салоҳиятини, ишлаб чиқариш, транспорт-транзит ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Республикамиз Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги «Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-4059-сонли Фармонига асосан, Кармана туманида биринчи эркин иқтисодий зона – «Навоий» ЭИЗ ташкил этилди. Умумий майдони 564 га.ни ташкил қилувчи мазкур ҳудуд «Навоий» халқаро аэропорти, Е-40 автомагистрали ва халқаро аҳамиятга молик темир йўлга яқин жойлашгани вилоятнинг мультимодал транспорт-логистика тармоғи имкониятларини янада кенгайтирди.

Бу ҳудудда солиқ, валюта ва божхона режимлари, кириш, туриш ва чиқишнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари-норезидентлари билан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсат олиш, солиқлар, божхона ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича кенг имтиёзлар тақдим этишни ўз ичига олган махсус ҳуқуқий режим мавжуд. «Навоий» ЭИЗнинг амал қилиш муддати 30 йил бўлиб, мазкур муддат якунланганидан сўнг уни яна узайтириш эҳтимоли мавжуд.

ЭИЗда рўйхатдан ўтган хўжалик юритувчи субъектлар уларга киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми қуйидагича бўлган тақдирда (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 23 февралдаги «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида алоҳида божхона режими ва алоҳида солиқ режимини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 120-сонли Қарорига мувофиқ) ер, мулк ва даромад солиғи, ободончилик ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови (кичик корхоналар учун), Республика йўл жамғармаси, Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этилган:

    3 млн. евродан 10 млн. еврогача – 7 йилга;

    10 млн. евродан 30 млн. еврогача – 10 йилга. Кейинги 5 йил давомида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ҳажми амалдаги ставкадан 50 фоиз миқдорида белгиланади;

    30 млн. евродан ортиқ бўлганда – 15 йилга. Кейинги 10 йил давомида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ҳажми амалдаги ставкадан 50 фоиз миқдорида белгиланади.

Ҳудудда саноатнинг барча тармоқларида хом-ашёдан тай­ёр маҳсулотгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ қамраб олган саноат мажмуасини яратиш учун барча шарт-шароит мавжуд.

Иқтисодий ҳудудни ташкил қилиш концепциясидан келиб чиққан ҳолда тармоқ ва йўналишлар бўйича корхоналарни жойлаштириш режаси ишлаб чиқилган. Булар – электр техникаси маҳсулотлари ва телекоммуникация асбоб-ускуналари; машинасозлик, ўлчагич асбоб-ускуналари ва бутловчи қисмлар; дори-дармон маҳсулотлари ҳамда тиббий жиҳозлар; озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш; пластик ва полимер буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналардир.

«Навоий» ЭИЗ ташкил этилганидан буён ўтган давр мобайнида жами 122 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар киритилди. Ушбу маблағнинг 35 фоизга яқинини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, дейиш мумкин. 2015 йил якунларига кўра, иқтисодий ҳудудда 184,4 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 5,1 млн. АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди, экспорт ҳажми 3 баробар ошди.

«Навоий» ЭИЗда бугун 24 та лойиҳа фаолият кўрсатмоқда. Мазкур лойиҳаларни ҳаётга самарали ва тўлақонли татбиқ қилишда тижорат банклари фаол иштирок этаётганлигини қайд қилиш жоиз. Жумладан, 2010 йилда фаолият бошлаган «Telecom Innovations» Ўзбекистон – Сингапур – Хитой қўшма корхонасига «Алоқабанк»нинг Навоий вилояти филиали 2600 млн. сўм миқдорида кредит ажратган. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 4,87 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Бугунги кунда мазкур қўшма корхонада 40 та иш ўрни мавжуд.

Банк кредити ёрдамида ташкил қилинган корхоналардан яна бири «UzEraeCable» Ўзбекистон – Корея қўшма корхонасидир. У 2010 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Умумий лойиҳа қиймати 14,7 млн. АҚШ долларига тенг мазкур қўшма корхонага «Асака» банкнинг Навоий вилояти филиали томонидан 10 682,7 млн. сўм ва 4 185,5 минг АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратилган. Корхонада 93 киши иш билан таъминланди ва 2015 йилда 26,9 млрд. сўмлик аккумулятор ва автомобиль кабеллари ишлаб чиқарилди. Тез орада Маҳаллийлаштириш дастурига асосан, эмалланган сим ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.

«AgroFresh» Ўзбекистон – БАА қўшма корхонаси ҳам «Асака» банк кредити эвазига муваффақиятли фаолият юритиб келаётган истиқболли лойиҳалар сирасидандир. Мазкур қўшма корхонага банк томонидан 6401,6 млн. сўм миқдорида кредит йўналтирилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 4,0 млн. АҚШ долларига тенг. Бугун корхонада 18 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.

«Навоий» ЭИЗдаги истиқболли лойиҳалардан яна бири «Navoi Hunan Pulp» Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси ҳисобланади. 2011 йилда фаолият бошлаган ушбу корхонага Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки 600 млн. сўмлик кредит ажратган. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,2 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Ҳозир корхонада 54 киши иш билан банд.

ЭИЗда республикамиз тижорат банкларининг кредитлари асосида ривожланиб бораётган, экспорт салоҳиятини йилдан-йилга ошираётган кўплаб қўшма корхоналарни мисол келтириш мумкин. «Полипропилен қувурлар» ШК, «Полиэтилен қувурлар» ШК, «KoUNGCylinder» ҚК, «Ariston Thermo-UTG» ҚК, «Olive Telecom» ҚК, «UzErae Alternator» ҚК, «UzMinda» ҚК, «Navoiy Beauty Cosmetics» ҚК, «UzKor Lighting» ҚК, «НРС Systems» ҚК, «Navoi Cable Connector» ХК, «Smart Communications» ҚК, «Novo Farm Kompelkt» ҚК, «UzHongKong» ХК каби корхоналар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, 2016-2017 йилларда «Навоий» ЭИЗда яна 5 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилган. Жумладан, «Ўзбекэнерго» ДАК томонидан электр энергияси учун электрон ҳисоблагичлар ва қуёш панелларини ишлаб чиқариш, «Dartlex Impex LLP» компанияси (Буюк Британия)нинг 2 та лойиҳасини амалга ошириш, яъни алюмин профиллари ва ПВХ профилларини тайёрлаш, «Ўзфармсаноат» АК томонидан тайёр дори воситаларини ишлаб чиқариш (хорижий ҳамкор: «Bravo Pharma» (Ҳиндистон) кўзда тутилган.

 Қулай ишбилармонлик муҳити

 – Тижорат банклари вилоятдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш масаласига қай даражада эътибор қаратмоқда?

– Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, бизнес ташкил этиш ва уни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Бунга жорий йил 25 октябрда эълон қилинган Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш 2017: бошқарув сифати ва самарадорлигини баҳолаш» ҳисоботидаги кўрсаткич ёрқин мисол бўла олади. Зеро, Ўзбекистон жаҳондаги 190 та мамлакат орасида ўзининг 87-ўриндаги мавқеини сақлаб қолгани ҳолда ушбу ҳисоботнинг 10 индикаторидан 5 тасида позициясини янада яхшилашга эришди.

Маълумки, тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган тартибини амалиётга жорий этиш ва «ягона дарча» тизимини янада такомиллаштириш туфайли корхонани рўйхатдан ўтказиш бўйича сезиларли ўсиш қайд этилди (25-ўрин, 17 поғонага ўсди). Қолаверса, кейинги йилларда бизнесни ташкил этиш тартиб-таомиллари тубдан соддалаштирилгани боис юртимиз аҳолиси ўз бизнесини очиш учун Швейцариядагидан – 1,8 марта, Германиядагидан – 1,9 марта, Япония ва Россиядагидан – 2 марта, Исроилдагидан – 2,2 марта, Греция ва Испаниядагидан – 2,3 марта, Ҳиндистондагидан – 4,7 марта, Хитойдагидан – 5,5 марта ва Бразилиядагидан – 14,5 маротаба кам вақт сарфламоқда. Бу мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароит яратиш, ишбилармонларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий тасдиғи, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 ок­тябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «2016-2020 йилларда инвестицион ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти ривожланишини рағбатлантириш самарасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар Дастури» тасдиқланди.

Дастурда Ўзбекистон банк тизими зиммасига ҳам қатор вазифалар юклатилган. Белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши Марказий банк томонидан доимий назоратга олинган ва белгиланган муддатда улар ижросини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви томонидан 2015 йил 1 январдан эътиборан, қайта молиялаш ставкасини амалдаги 10 фоиздан 9 фоизга тушириш бўйича қарор қабул қилинди. Бу, албатта, банк кредитлари бўйича фоиз ставкалари пасайишига асос яратди ва иқтисодиётнинг реал секторидаги инвестицион фаоллик ошишига олиб келди. Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлида яратилаётган қулай имкониятлар самараси ўлароқ, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўз вақтида зарур молиявий ресурслар, айниқса, имтиёзли кредитлар билан таъминланмоқда. Натижада, сўнгги 5 йил давомида Навоий вилоятида тижорат банклари томонидан кичик бизнесни кредитлаш ҳажми 2,5 баробарга ўсди. Вилоят тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар миқдори 2012 йилда 242,3 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, 2016 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 496,2 млрд. сўмга етди.

Аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, Навоий шаҳридаги «Навбаҳор текстиль» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона банк кредити ҳисобига муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Мазкур корхона енгил саноат тармоғи, жумладан, тўқимачиликни ривожлантириш ва пахта хом-ашёсини қайта ишлашни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган эди.

«Навбаҳор текстиль» МЧЖ ҚКга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июлдаги «Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида жами 10 млрд. 498 млн. сўмлик чет эл инвестицияси жалб этилган. Йилига 6 минг 300 тонна пахтани қайта ишлаш қувватига эга мазкур корхонада 220 киши иш билан банд. Шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида корхона жами 14,6 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди. Шундан 5,0 млн. АҚШ долларилик маҳсулот экспортга йўналтирилган.

Мухтасар айтганда, бу каби ютуқларнинг бари мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар самарасидир.

 Ёшлар истиқболи – энг олий мақсад

 Эндигина мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларимизнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш фаровон келажак пойдеворини мустаҳкамлаш демакдир. Шу боис ҳам, ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун қулай муҳит яратишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида ёш тадбиркорлар учун 16,5 млрд. сўмлик кредитлар ажратилиб, 4 минг нафардан зиёд ёшларнинг доимий бандлиги таъминланди.

Давлатимиз раҳбарининг «Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни янада рағбатлантириш, ёшлар, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун қатор имтиёз, кафолат ва ҳуқуқлар белгилаб берилган. Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларга Навоий вилояти тижорат банклари ҳам муносиб улуш қўшмоқда.

Ўтган беш йил давомида вилоят тижорат банклари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун жами 65,0 млрд. сўм миқдорида кредит ажратди. Бу борадаги кредитлаш ҳажми 2012 йилга нисбатан 6 баробар оширилди. Натижада жойлардаги коллеж битирувчилари иш билан таъминланиб, уларнинг касб-ҳунарни амалиётда пухта эгаллаши учун шарт-шароит ҳозирланди.

 Тадбиркор аёлларга ғамхўрлик

 Маълумки, мамлакатимиз Биринчи Президентининг 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишлари, айниқса, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги аёлларнинг микрокредитлар олиши учун муносиб шарт-шароит яратиш лозимлиги белгиланган эди.

Мазкур Фармон ва ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Марказий банк ҳамда тижорат банклари томонидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Унга кўра, Навоий вилоятида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, аёллар тадбиркорлигининг турли шаклларини ривожлантириш, улар учун имтиёзли кредитлар ажратиш борасида қатор вазифалар бажарилди.

2016 йилнинг 9 ойи давомида тижорат банклари томонидан тадбиркор аёлларга 45,9 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Бу кўрсаткич 2012 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпдир. Мазкур кредитлар, асосан, аёллар меҳнатидан фойдаланиладиган ва улар бошқарадиган кичик корхоналарга берилган.

 Истеъмол кредитлари – фаровонлик омили

Банклар халқимизга имтиёзли ва қулай шартлардаги истеъмол кредитларини таклиф этмоқда. Бу, албатта, оилаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга. Навоий вилоятида ҳам бу борада эътирофга арзигулик ишлар амалга оширилди.

Шу йилнинг 9 ойи давомида вилоятдаги тижорат банклари томонидан 17,4 млрд. сўмлик истеъмол кредитлари ажратилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 132 фоизга ортди. Жумладан, «Асака» банкнинг Навоий филиали томонидан Фахриддин Хусеновга 5 млн. сўм миқдорида, «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Навоий филиали томонидан Дилнавоз Аслоновага 6 млн. сўм миқдоридаги истеъмол кредити (ёш оила сифатида ётоқхона мебеллари тўпламини сотиб олиш учун) ажратилди. ТИФ Миллий банкининг Навоий бўлими томонидан Сардор Хайруллаевга 15 млн. сўм миқдорида ва «Ҳамкорбанк» Навоий филиали томонидан Ҳамидулло Тўраевга 9 млн. сўм миқдоридаги истеъмол кредити маиший техника буюмларини харид қилиш учун берилганини мисол тариқасида тилга олиш мумкин.

Вилоятда банкларнинг истеъмол кредити билан турмушини яхшилаётган ва ҳаётидан мамнун бўлаётганлар сони тобора ортиб бормоқда. Банклар эса яқин истиқболда ушбу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни мақсад қилган.

 Бунёдкорлик йўлидаги одимлар

 Ёш оилаларни ижтимоий ҳимоялаш, уларни замонавий уй-жой билан таъминлаш мақсадида тижорат банклари республикамизнинг барча ҳудудларида муайян лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда.

Навоий вилоятидаги тижорат банклари уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратаяпти. 2016 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, ипотека кредитлари ажратилиши бўйича белгиланган режа тижорат банклари томонидан 2 баробардан зиёдроқ ҳажмда бажарилди. Яна ҳам аниқроғи, бу кўрсаткич 19 млрд. 420 млн. сўмни ташкил этди. Шундан ёш оилаларга 9 млрд. 645 млн. сўмлик ипотека кредитлари ажратилган бўлиб, бу борадаги режа 232 фоизга бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 ав­густдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1167-сонли Қарорига мувофиқ, намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, 2016 йилда вилоятнинг 9 туманида 151,0 млрд. 682 сўм қийматидаги 800 та намунавий уй-жой бунёд этилди. Ушбу қурилиш учун турар жой эгалари томонидан шакллантирилган 25 фоизлик бошланғич бадал маблағига қўшимча равишда «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан 87 млрд. 780 млн. сўм, «Ипотека-банк» томонидан 27 млрд. 302 млн. сўм ҳамда ТИФ Миллий банки томонидан 36 млрд. 600 млн. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилди.

Шу билан бирга, ёш оилаларнинг турмуш фаровонлигини ошириш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги 250-сонли қарори билан тасдиқланган «Камолот»нинг кўп квартирали уйларидан ёш оилаларга квартиралар бериш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 3-бандига мувофиқ, квартиралар ёш оилаларга тижорат банклари томонидан сотиб олинадиган квартира қийматини тўлаш учун кредит ажратиш йўли билан мулк қилиб берилмоқда. Жумладан, ёш оилалар 5 йиллик имтиёзли давр билан, дастлабки бадални тўламасдан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг фоизда 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредитларини олиши мумкин. Мазкур Низомнинг 4-бандига кўра, квартираларни ипотека кредити асосида сотиб олиш ҳуқуқига турар жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд сифатида ҳисобда турган ҳамда фан, санъат, адабиёт, спорт ва бошқа йўналишларда юксак натижаларга эришган ёш оилалар (қоидага кўра, давлат мукофотлари, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиблари, нуфузли халқаро ва республика мусобақалари, танлов ҳамда олимпиадалар совриндорлари) эга бўлмоқда.

2015 йилда вилоятнинг 2 туманида 5 млрд. 534 сўм қийматидаги кўп квартирали 88 та «Камолот» уйларидан ёш оилалар учун квартиралар бунёд этилди. Ушбу қурилиш ишлари учун турар жойларга Халқ банкининг «Қизилтепа» филиали томонидан 1 млрд. 300 млн. сўм, «Зарафшон» филиали томонидан 4 млрд. 234 млн. сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.

 Ресурс базани ошириш – давр талаби

 Юртимизда олиб борилаётган самарали иқтисодий сиёсат ва таркибий ўзгаришлар мамлакатимиз банк-молия тизимининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам замин яратди.

Бугунги кунда тижорат банклари аҳолига миллий ва хорижий валютада янги омонат турларини ҳаётга татбиқ этган ҳолда ўз ресурс базасини янада мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда. Марказий банкнинг Навоий вилояти Бош бошқармаси Пул муомаласини тартибга солиш ва мониторинг бошқармаси бошлиғи ўринбосари Маликжон Холов билан суҳбатимизда ушбу йўналиш бўйича вилоятда эришилаётган натижалар ва келгусидаги вазифалар тилга олинди.

– Вилоятдаги тижорат банклари аҳоли қўлидаги бўш маблағларни жалб этиш юзасидан қандай ўзига хос чора-тадбирларни амалга оширмоқда?

– Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан бу борада аҳоли ва кичик бизнес субъектлари учун доимий тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Мавжуд ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, аҳоли ва тадбиркорлар учун омонат ҳамда депозитларнинг янги, жозибадор турларини жорий қилиш, фуқароларнинг омонатларини ҳимоялашнинг ишончли кафолатларини таъминлаш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг банкларга ишончини янада мустаҳкамлаш, омонатларни тижорат банкларига жалб қилиш учун қўшимча шарт-шароит, қулайлик ва имтиёзлар яратишга қаратилган зарур чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

Жисмоний шахсларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларига жойлаштирилган пул маблағлари давлат томонидан ҳимояланган. Қолаверса, фуқароларнинг омонатлари бўйича ҳақ тўлашнинг ишончли кафолатлари қонунан таъминланганлиги аҳолининг тижорат банкларидаги депозитлари ҳажми ошишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Эътиборлиси шундаки, фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларидаги омонатлари бўйича уларнинг миқдоридан қатъи назар, тўла ҳажмда ҳақ тўлашнинг кафолатланиши жаҳондаги иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ҳам кузатилмаган ҳолатдир. Айни жиҳат мамлакатимиз банк тизимига бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан аҳоли учун 40 дан зиёд турдаги қулай ва манфаатли миллий ва хорижий валютада омонатлар жорий қилинди. Умумий ҳисобда аҳолига таклиф этилаётган омонатлар сони 250 тадан ошиб кетди. Мазкур омонатларга тижорат банклари томонидан аҳоли қўлидаги бўш пул маблағларини жалб қилиш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Натижада, 2016 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, аҳоли омонатлари қолдиғи 293,4 млрд. сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 55,2 млрд. сўмга ёки 29,7 фоизга кўпайди. Шунингдек, тижорат банкларига жалб қилинган депозитлар ҳажми 2015 йил 1 октябрга нисбатан 208,4 млрд. сўмга ёки 30,0 фоизга кўпайиб, 2016 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, 888,5 млрд. сўмни ташкил қилди.

Банкларда барча амалиётлар бир жойнинг ўзида амалга оширилиб, интернет тармоғи орқали интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган. Бу ортиқча вақт ҳамда харажатларни тежаш имконини бермоқда. Ушбу йўналишда юксак инновацион технологиялар қўллаган ҳолда замонавий банк хизматлари турини кўпайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.

 Пластик карталар ривожи

 – Бугун нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимининг ишончли воситаси бўлмиш банк пластик карточкалари асосидаги савдо-сотиқ амалиётларини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Навоий вилоятидаги ишлар кўлами қандай?

– Иқтисодиётимиз жадал суръатлар билан ривожланиб бориши баробарида пластик карталар орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажми ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда. Мамлакатимиз банк тизимига жаҳоннинг ривожланган давлатларида бўлгани каби замонавий банк хизматлари жадал жорий этилмоқда.

Жумладан, «SMS-банкинг», «Банк-мижоз» сингари қулай хизмат турлари ҳамда пластик карталар орқали қатор замонавий банк хизматлари татбиқ қилинаяпти. «Click» тизими товарлар ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, ўз ҳисобрақамини бошқариш, жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини уяли алоқа телефони ёки интернет тармоғи орқали банк иштирокисиз амалга ошириш имконини яратди.

Вилоятимиз банклари томонидан 2016 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, муомалага чиқарилган пластик карталар сони 758 мингтани ташкил қилди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бу кўрсаткич 107 мингтага ёки 116 фоизга ортди.

Тўлов қабул қилувчи шохобчаларни тўлиқ тўлов терминаллари билан таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар қилинди. Савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш объектлари, коммунал тўловларни қабул қилувчи шохобчалар ва бошқа объектларга ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари сони 9172 тани ташкил қилди. Ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бу кўрсаткич 635 тага ёки 107 фоизга кўпайди. Бу борада хўжалик юритувчи субъектларга ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари айланмалари доимий равишда таҳлил қилиб борилмоқда.

Вилоят тижорат банклари томонидан ўрнатилган инфокиосклар сони 74 тани, банкоматлар сони 28 тани ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорларга терминалдан фойдаланганлик учун қатор имтиёзлар берилган. Жумладан, Республика Президентининг 2006 йил 3 августда қабул қилинган «Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-433-сонли Қарори, 1-бандига асосан, савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчалари орқали кўрсатилган хизматларга пластик карталар асосида тўланган ҳажмидан амалдаги ставкага нисбатан 10 фоиз пасайтирилган ставка бўйича фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови тўланмоқда.

Бундан ташқари, 2016 йил 25 февралда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва «Uzkart» банклараро чакана тўлов тизимини мувофиқлаштириш кенгаши томонидан тасдиқланган Банклараро чакана тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатишда сўм пластик карточкалари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда банк ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан амал қилиниши лозим бўлган тарифлар режаси ҳам мавжуд. Унга асосан, 2014 йил 4 августда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва «Uzkart» банклараро чакана тўлов тизимини мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан тасдиқланган тарифлар режасида белгиланган ставкаларга бир қатор ўзгартиришлар киритилди:

    пластик карточкаларнинг туридан қатъи назар (шу жумладан, корпоратив карточкалар) фойдаланиш муддати тугаганда қайта эмиссия қилиш ёки алмаштириш бепул;

    банк эмитентидан қатъи назар, жисмоний шахснинг пластик карточкасидаги маблағларни бошқа бир жисмоний шахс пластик карточкасига ўтказиш ёки кирим қилиш бепул;

    жисмоний шахсларнинг пластик карточка ҳисобварағидаги қолдиқ маблағларга ҳисобланадиган фоиз Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан кам бўлмаган миқдорда (Марказий банкнинг жорий қайта молиялаш ставкаси 9 фоиз­га тенг) қилиб белгиланди;

    юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор учун корпоратив пластик карточкани эмиссия қилиш 20 евродан
5 еврога арзонлаштирилди;

    юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорнинг йўқотилган ёки шикастланган корпоратив карточкалари ўрнига янгисини бериш 25 евродан 10 еврога камайтирилди;

    юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг корпоратив карточкаларига маблағлар ўтказилиши учун уларнинг асосий ҳисобварақларидан карточка ҳисобварағига маблағ кўчириш 0,5 фоиздан 1 фоизга кўпайтирилди.

Сирасини айтганда, Навоий вилоятида тижорат банклари томонидан мижозлар талабини қондириш, уларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида пластик карталар асосида ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштиришга юксак эътибор қаратилмоқда. Бу вилоят банклари – юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси эканлигидан далолатдир.

Айни пайтда вилоятдаги 13 та тижорат банкининг 35 филиали, 50 та мини-банки ҳамда 60 дан зиёд махсус кассалари орқали аҳолига барча турдаги банк хизматлари кўрсатилмоқда.

«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида бугунги кунда 24 та лойиҳа фаолият юритмоқда. «Навоий» ЭИЗ ташкил этилгандан буён жами 122 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган. Киритилган инвестициянинг 35 фоизга яқини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. 2015 йил якуни билан 184,4 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва 5,1 млн. АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорт қилинган. 2014 йилнинг мос даврига нисбатан экспорт ҳажми 3 баробар ошган.

Мижозлар нима дейди?

Баҳодир Аҳмедов, Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги «Обидин» фермер хўжалиги раҳбари:

– Фермер хўжалигимизда даставвал сут ва гўшт маҳсулотлари етиштирилар эди, бугун эса аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, балиқ етиштиришни ҳам йўлга қўйдик. Балиқ маҳсулотлари инсон организми учун зарур оқсил моддасига бой. Шу боис ҳам, сунъий кўл ташкил қилдик. Аҳамиятлиси, 5 гектар майдонни эгаллаган ушбу кўл ўртасида «Сокин диёр» дам олиш маскани ҳам мавжуд. Мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида ишга туширилган ушбу масканда мижозлар учун барча шароит муҳайё. Улар шу ернинг ўзида кўлдан тутилган балиқдан турли таомлар тайёрлатиб, истеъмол қилишлари, ҳордиқ чиқаришлари мумкин. Ҳозир талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда сазан, дўнгпешона, оқ амур балиқлари боқилмоқда. Кўлимизда йилига 20-25 тоннагача балиқ етиштириш мумкин. Келгусида маҳсулот тури ва сонини янада кўпайтириш ниятидамиз. Бунда, албатта, бизнинг молиявий ҳамкоримиз – «Микрокредитбанк» кўмагига таянамиз. Ушбу банк билан самарали ҳамкорлик қилаётганимиз туфайли ҳам фаолиятни кенгайтиришга муваффақ бўлдик. Айни пайтда фермер хўжалигимизда 15 киши иш билан таъминланган.

Алижон Хидиров, «Nurota oltin bog‘lari» масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

– Боғдорчиликни йўлга қўйиш, интенсив боғлар яратиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва уларни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш мақсадида 2014 йили фаолият бошлаган эдик. Ҳозирги кунга келиб, Нурота туманининг Алишер Навоий ширкат хўжалиги ҳудудида 400 га. ҳамда Ўзбекистон ширкат хўжалиги ҳудудида 100 га. майдонда интенсив боғ яратишга муваффақ бўлдик. Бунинг учун ТИФ Миллий банки филиалидан жорий йил март ойида узоқ муддатли имтиёзли шартлардаги 6 млрд. сўм миқдорида кредит маблағини олганмиз. Кредит эвазига 20 та иш ўрни яратилди. Ана шундай ғамхўрлик самараси ўлароқ, ўтган йиллар давомида корхонамиз Англияга 550 минг АҚШ долларилик шафтоли, олхўри ва майиз экспорт қилди.

– 2006 йилдан буён фаолият юритиб келаётган «Муаззам Шариф» номли фермер хўжалигимизга балиқчиликни ривожлантириш мақсадида «Агробанк» АТБнинг Қизилтепа филиалидан 50 млн. сўм миқдорида кредит ажратилган эди, – дейди мазкур фермер хўжалиги раҳбари Олия Жумаева. – Банк кредити эвазига янги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгач, истеъмолчиларнинг балиқ маҳсулотларига бўлган талаби тўлақонли қондирилмоқда. Жорий йилнинг биргина 9 ойи давомида 1,6 минг кг. маҳсулот туманимиз бозорларида сотилгани фикримнинг тасдиғи бўла олади. Қувонарлиси шундаки, банк кредити эвазига фермер хўжалигимиз фаолияти самарадорлиги 40 фоиз ортди ва 3 та янги иш ўрни яратилди.

Хуршид Раҳмонов, «Кубаро Диёр» фермер хўжалиги раҳбари:

– 2008 йилда 4 турдаги сут ва гўшт тайёрлаш билан иш бошлаган фермер хўжалигимизда бугун маҳсулот тури бир неча баробарга ортди. Бу, табиийки, бозорларимиздаги нарх сезиларли даражада пасайишини таъминламоқда. Биласиз, рақобат бор жойда маҳсулот сифати яхшиланиб, унинг нархи янада арзонлашади. Фермер хўжалигимиз фаолиятини ривожлантиришда «Агробанк» филиали 280 млн. сўм миқдорида кредит ажратгани айни муддао бўлди. 2015 йил ва жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 30 минг литр сут ҳамда 10 минг кг. гўшт маҳсулотларини қайта ишлашга муваффақ бўлдик. Кредит эвазига маҳсулот тайёрлаш ҳажми 50 фоизга ошди, 7 та янги иш ўрни яратилди. Яқин келажакда музқаймоқ тайёрлаш ҳамда колбаса ишлаб чиқаришни мақсад қилганмиз.

– Калава ип тайёрлашга мўлжалланган қўшма корхонамизда бугун 300 нафарга яқин ишчи ходим уч сменада меҳнат қилмоқда, – дейди «Baht-textile» Ўзбекистон – Россия – Лихтенштейн қўшма корхонаси Бош директори Фурқат Турсунов. – Мазкур иш ўринларининг 70 фоизи касб-ҳунар коллежи битирувчилари ҳиссасига тўғри келади. Корхонамиз «Ипак йўли» банкининг молиявий қўллаб-қувватлаши натижасида Германия, Швейцария, Италия давлатларининг замонавий технологиялари билан жиҳозланди. Ҳозир бу ерда 12 турдаги ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида 36,5 млрд. сўмлик маҳсулот тайёрланди. Ушбу маҳсулотларнинг аксарият қисми Россияга экспорт қилинмоқда. Корхонага хориждан олиб келинган технология йилига 900 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш имконини яратмоқда.

Жасур Мирзаев

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example