«Агробанк» очик акциядорлик-тижорат банки жорий йилнинг I чорак якунлари бўйича ўз асосий кўрсаткичлари ҳолатини сарҳисоб қилди. Унга кўра, банкнинг умумий капитали ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 123 фоизга ўсиб, 379,6 млрд. сўмни ташкил этганлиги, устав капитали эса 233,7 млрд. сўмга етганлиги (ўсиш 137 фоиз) қайд қилинди.
«Агробанк» ОАТБ республикамиздаги етакчи молия муассасалардан бири сифатида аҳоли ва турли хўжалик субъектларига замонавий банк хизматларини кўрсатиб келмоқда. Айниқса, аграр тармоқни молиявий қўллаб-қувватлаш, хусусан, қишлоқ хўжалик корхоналарини модернизациялаш, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга яқиндан кўмак бериш, ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий эттириб, ишбилармонлик муҳитининг шаклланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Таъкидлаш жоиз, муассасанинг бу борадаги барча саъй-ҳаракатлари Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 26 ноябрдаги «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги 1438-сонли Қарорида белгиланган вазифалар доирасида олиб борилмоқда.
2014 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, «Агробанк» кредит қўйилмалари 2 трлн. 39 млрд. сўмни ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 341 млрд. сўмга ёки 120 фоизга ошди. Ушбу даврда иқтисодиётнинг турли тармоқларини молиялаштиришга 647 млрд. сўм, инвестицион мақсадлар учун эса, 103,3 млрд. сўмлик кредит маблағлари йўналтирилди.
Ажратилган кредитларни тармоқлар бўйича тақсимлаганда унинг 41 фоизи қишлоқ хўжалигига, 38 фоизи саноатга, 4 фоизи қурилиш ва транспортга ҳамда 17 фоизи бошқа соҳаларга йўналтирилганлиги маълум бўлди. Ушбу кўрсаткич, ўз навбатида, аграр комплексни молиявий қўллаб-қувватлаш банк фаолиятининг устувор йўналишларидан эканлигини тасдиқлайди.
Ҳисобот даврида муассаса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, фермер хўжаликларини молиялаштиришга асосий эътибор қаратиб, бу борада 647 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратди.
Шунингдек, банк Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4478-сонли Фармони ижросини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириб, шу йилнинг биринчи чорагида кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш мақсадида ўз маблағлари ҳисобидан 61,4 млрд. сўмлик кредит ажратди. Жумладан, фермер хўжаликларида чорвачиликни ташкил қилишга 4,9 млрд. сўм, паррандачиликка 376 млн. сўм, балиқчилик ва асаларичиликка 280 млн. сўмлик сармоялар йўналтирди. Бундан ташқари, интенсив боғлар ва узумзорларни ташкил қилиш, картошка ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш, иссиқхоналарни ташкил этиш борасидаги қатор лойиҳаларни ҳам молиялаштирди.
Фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилган инвестицион фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 484 млн. сўмлик кредит йўналтирилди.
Фермерлар ўзлари етиштираётган ғалла ҳосилдорлигини ошириш учун қўшимча озиқлантирувчи минерал ўғитлар сотиб олиш мақсадида ҳам банкнинг молиявий кўмагига таянмоқда. Жорий йилда банк ушбу йўналишда 61,7 млрд. сўмлик кредит ажратди.
Ҳисобот даврида муассаса қишлоқ хўжалиги корхоналари, шу жумладан, фермер хўжаликларини қишлоқ хўжалик техникалари, агрегатлар ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлашга 19,3 млрд. сўм кредит маблағлари йўналтирди. Ушбу маблағлар ҳисобига 161 та ҳайдов ва чопиқ тракторлари ҳамда турли хилдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлар етказиб берилди. Жумладан, Хитойда ишлаб чиқарилган 123 та «ЮТО-1302» русумли ҳайдов тракторини сотиб олишга 14,5 млрд. сўмлик кредит ажратилди.
2014 йилда давлат эҳтиёжлари учун пахта ва ғалла ҳосили етиштириш бўйича агротехник тадбирларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун 490 млрд. сўм, шундан ғалла ҳосилига 236 млрд. сўм, пахта ҳосилига эса, 254 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар берилди.
– «Агробанк» Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан ҳамкорликда Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 8 августдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2022-сонли Қарорига мувофиқ, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган фермер ва деҳқон хўжаликларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича алоҳида чора-тадбирларни амалга оширмоқда, – дейди Қишлоқ хўжалик корхоналарининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Ботиров. – Хусусан, бу борада фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2014 йилда 77,5 минг тоннадан ортиқ миқдорда экспортбоп қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш имконияти мавжуд бўлган 1 323 та фермер рўйхати шакллантирилиб, экспорт қилиш бўйича зарурий чоралар кўрилди.
Натижада, жорий йилнинг I чорагида 23,4 млн. АҚШ доллари миқдорида маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланиб, унинг 10,1 млн. АҚШ долларига тенг қисми амалга оширилди.
Экспортбоп қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ойма-ой етказиб бериш ҳажми ва муддати аниқланиб, фермер хўжаликлари томонидан етиштириладиган маҳсулотларни сотиш бўйича ташқи савдо компаниялари билан комиссия шартномалари имзолашда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.