Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида «Инвестиция форум» баҳс-мунозаралар клуби доирасидаги дастлабки тадбир ўтказилди. Унда йиғилганлар «Ўзбекистон иқтисодиёти реал сектори корхоналарининг инновацион ривожланишини молиялаштиришда хорижий инвестициялар ролини фаоллаштириш» мавзусини кенг муҳокама қилдилар.
Тадбир Президентимизнинг 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилиб, унда республикамиз ҳудудлари ва тармоқ иқтисодиётини инновацион ривожлантириш билан боёлиқ йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда хорижий инвестиция манбаларини излашга кўмаклашиш мақсади илгари сурилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи А.Набиходжаев, Банк-молия академияси ректори вазифасини бажарувчи А.Бекмуродов, Ўзбекистон лизинг берувчилар уюшмаси Бош директори З.Мустафоев, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори вазифасини бажарувчи Ж.Мустафоев ва бошқалар мамлакатимизда қулай инвестицион муҳитни шакллантиришнинг макроиқтисодий омиллари, иқтисодиётнинг реал секторига хусусий ички ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш йўлларини кенгайтириш, тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг экспорт фаолиятини инвестиция қилишни кучайтириш каби масалаларни муҳокама қилдилар.
Тадбирда иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, корхоналарнинг инвестиция фаолиятини жадаллаштириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилишда хорижий инвестициялар муҳим роль ўйнашини, хусусан, бунинг асносида илғор технологияларни татбиқ этиш, янги иш ўринлари яратиш ва, пировардида, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш имконияти туғилажагини таъкидлашди.
Юртимизда ушбу йўналишдаги жараёнларни самарали олиб боришда Давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Қарори дастуриламал бўлмоқда. Шу ўринда қайд этиш мумкин, жорий йилда юқоридаги мақсадлар йўлида 3 млрд.900 млн. АҚШ долларидан зиёд хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши белгиланган.
«Инвестиция форум» баҳс-мунозаралар клуби доирасидаги дастлабки тадбирнинг биринчи йиғилиши якуни бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар мамлакатимизда хусусий ва хорижий капитал ҳамда инвесторларни жалб этишда муҳим ўрин эгаллаб, иқтисодиётни модернизациялаш, макроиқтисодий барқарорликка эришишга муносиб ҳисса қўшади.