ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 AED = 2611.11 +9.76
1 AFN = 126.22 +1.75
1 AMD = 19.20 -0.08


Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида «Банк тизими ёшлари – коррупцияга қарши» мавзуида анжуман ўтказилди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Банклар ассоциацияси вакиллари, Марказий банк ва тижорат банклари Ёшлар иттифоқи фаоллари иштирок этди.

Анжуман банк тизимида фаолият юритаётган ёшлар томонидан «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини, шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2752-сонли Қарори билан тасдиқланган 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Адҳам Исломов, Адлия вазирлиги Ёшлар иттифоқи етакчилар Кенгаши раиси, вазирнинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шохруҳ Нуралиев, Савдо-саноат палатаси юрисконсульти Асел Кадирова сўзга чиқиб, мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилгани, коррупциянинг давлат ва xўжалик бошқарув органлари ҳамда тижорат ташкилотларининг уйғун фаолиятига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш меxанизмлари яратилганини қайд этиб ўтдилар.

Ўзбекистон БМТнинг коррупцияга қарши Конвенциясига қўшилиши коррупцияга қарши курашиш соҳасида тизимли меxанизмларни аниқлашда принципиал жиҳатдан янги босқични бошлаб берди.

Тадбир иштирокчилари мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш бўйича институционал меxанизмларни янада такомиллаштириш борасидаги янги ва муҳим вазифаларни белгилаб берганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

– Марказий банкнинг Ёшлар иттифоқи Кенгаши ўзининг устувор йўналишларидан бири сифатида банк тизими ёшлари ўз фаолиятларида ҳуқуқбузарликларга қарши курашиши, улар ўртасидаги жиноятчиликларнинг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш белгилаб олинган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Юридик департаменти директори ўринбосари, Марказий банк Ёшлар иттифоқи етакчилар Кенгаши раиси Фарид Назаров. – Ҳозирда Марказий банк тузилмасида мингдан зиёд ёш мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу ёшлар, қолаверса, кредит ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, коррупция аломатлари билан боғлиқ ҳолатлардан кенгроқ хабардор қилиш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, Марказий банк ва тижорат банкларида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Бугунги анжуман якунлари бўйича банк тизимида Коррупцияга қарши курашиш ойлиги эълон қилинди ва мазкур ой давомида тарғибот-ташвиқот ишлари кенг миқёсда олиб борилади.

Анжуманда тижорат банклари ва нотижорат ташкилотларида коррупциянинг олдини олиш, тизимда коррупцион xатарларга дуч келиш эҳтимоли бўлган йўналишларда ўз вақтида профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцион ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли амалий саъй-ҳаракатлар кучайтирилиши лозимлигига эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, банк тизимида коррупциянинг оқибатлари ва сабабларини бартараф этиш, бу йўлда банк тизими ёшларининг коррупция билан курашиш тадбирларидаги иштирокини фаоллаштириш, банк xодимининг касб одоб-аҳлоқи қоидалари талабларига қатъий риоя этиш ҳамда коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий саводxонлик даражасини ошириш зарурлигига урғу бериб ўтилди.

– Маълумки, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш жамиятда коррупцияга қарши самарали курашиш, жиноятларни олдини олишга хизмат қилади, – дейди Акциядорлик тижорат Халқ банки бошқаруви раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Отабек Зоиров. – Шунингдек, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ҳам бу борада ижобий натижа беради. Шу боис ҳар бир банк ходимида юксак ҳуқуқий билимни шакллантириш турли жиноятлар оқибатда нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграйди. Қонунчиликка кўра, пора олган, берган ва унга воситачилик қилган ҳам жиноятга тортилади. Энди фуқаро порани мажбурликдан берган бўлса, у ҳолда ўша шахс 30 кун мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тегишли ташкилотларни хабардор қилиши лозим. Акс ҳолда 31-кунда у, агар жиноят фош этилган бўлса, жавобгарликка тортилади. Қонунчилигимизда кўрсатилган шу каби тартиб-қоидалардан ёшларни яқиндан бохабар этиш учун ҳам мана шундай тадбирларнинг аҳамияти катта.

Тадбир сўнгида банк тизими ёшлари коррупцияга қарши биргаликда курашишга ва ўзларининг намунали фаолиятлари орқали юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга келишиб олдилар. 

 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example