Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзбеккўмир» очиқ акциядорлик жамияти томонидан «Ўзбекистонда кўмир қазиб олиш саноатининг ривожланиш тенденциялари ва истиқболдаги режалар»га бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Бугун иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини қаттиқ ёқилғи – кўмир билан узлуксиз таъминлаш юртимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг муҳим омили саналади. Саноатнинг ушбу йўналишини ривожлантиришда электр энергияси ишлаб чиқаришда тибиий газ ва нефть маҳсулотлари ўрнини босиш, кўмир улушини республика энергетика тузилмасида кўпайтириш каби устувор вазифалар илгари сурилади.
Бунда ушбу соҳани модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, айни пайтда Ўзбекистон 1 832,8 млн. тонна ҳажмида очилган кўмир захираси мавжуд бўлиб, кончилар томонидан йилига қарийб 4 млн. тонна қаттиқ ёқилғи қазиб олинмоқда.
– Кўмир саноати корхоналарини модернизация қилиш бўйича 2018 йилгача мўлжалланган дастурга биноан, «Шарғункўмир» ОАЖни модернизациялаш, «Ўзбеккўмир» ОАЖдаги эскирган асбоб-ускуналарни, ишлаб чиқариш қувватларини янгилаш, шунингдек, жамият («Ўзбеккўмир»)га қарашли темир йўл хўжалигини реконструкция қилиш, «Аппартак» кўмир ҳавзасини қуриш лойиҳаларини амалга оширишга 500 млн. АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган, – дейди «Ўзбеккўмир» ОАЖ бош директори ўринбосари Зоҳиджон Ишмуҳамедов. – Шу ўринда айтиш жоиз, айнан модернизациялаш дастури доирасида 2016 йилга бориб кўмир қазиб олишни 2 бараварга кўпайтириш мўлжалланган. Ушбу қаттиқ ёқилғига талаб асосан саноат корхоналари, ижтимоий ва коммунал муассасалардан келиб тушади. Газ табиий ресурси етиб бормаган аҳоли гавжум ҳудудларда ҳам кўмирга бўлган эҳтиёж юқори.
Анжуманда истеъмолчиларни кўмир билан узлуксиз таъминлаш мақсадида республикамиз миқёсида ҳудудий дистрибьютерлик марказлари ташкил этилаётганлиги, айни пайтда бундай шохобчалар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида иш олиб бораётганлиги таъкидланди.
Бугунги кунда юртимизда кўмирнинг катта қисми Ангрен қўнғир кўмир ҳавзасида қазиб олинади. «Шанғуркўмир» ОАЖ (Сурхондарё вилоятида жойлашган) томонидан эса истеъмолчиларга тошкўмир етказиб берилмоқда.
Шунингдек, тадбирда «Ўзбеккўмир» ОАЖнинг Давлат «Инвестиция дастури» доирасида амалга ошираётган чора-тадбирларига ҳам тўхталиб ўтилди, иштирокчилар ахборот технологиялари йўналишидаги 2 та лойиҳа мазмуни билан таништирилди.