Тошкент молия институтида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ўзбекистон банклари Ассоциацияси билан ҳамкорликда «Иқтисодиётни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашни жадаллаштиришда банк-молия тизимининг роли» мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Унда тегишли вазирлик ва идоралар, республика етакчи тижорат банклари, суғурта ташкилотлари, лизинг компаниялари вакиллари, халқаро молиявий ташкилотлар мутахассислари, молия ва банк соҳасидаги халқаро экспертлар ҳамда илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртларининг етакчи профессор-ўқитувчилари ва ёш олимлар иштирок этди.
Тадбир мамлакатимиз Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Қарори, шyнингдек, Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров, Тошкент молия институти ректори ўринбосари Акром Каримов, Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ариф Насибов, «KDBBankUzbekistan» ЁАЖ бошқаруви раиси Енг Кю Квак сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон банк тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар соҳани янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш, юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашни жадаллаштириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этиб ўтдилар.
Маълумот учун таъкидлаш жоизки, тижорат банклари кредит қўйилмаларининг умумий ҳажми охирги уч йилда 2,3 бараварга ўсган бўлса, биргина 2013 йилнинг ўзида аввалги йилга нисбатан 30,1 фоизга кўп кредитлар ажратилди. Инвестицион кредитлар ҳажми эса охирги уч йилда 2 баробарга, 2013 йилда эса олдинги йилга нисбатан 1,3 баробарга ошди. Умуман олганда, ўтган йил давомида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида 350 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.
Конференцияда Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг мазмун-моҳияти ҳамда банк тизими олдига қўйилган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шу ўринда, тижорат банкларининг республикамиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга йирик саноат объектлари қурилишини молиялаштиришда ўзларининг кредитлари билан фаол иштирок этаётганлиги эътиборга лойиқ.
Жумладан, Сургиль конида Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш, Қўнғирот сода заводини модернизация қилиш (2-босқич), Чорвоқ ГЭСини модернизация қилиш, Деҳқонобод калий ўғитлар заводини қуриш (2-босқич), Ангренда янги шакар заводи қурилиши, «Антекс» корхонасида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаси кабилар шулар жумласидан бўлиб, бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Конференцияда иштирок этган хорижлик экспертлар ўз маърузасида республика банк тизимининг капиталлашуви ва ликвидлигини ошириш, молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро меъёр ва андозаларга мувофиқ янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар натижалари жаҳон ҳамжамияти, халқаро молия ва рейтинг ташкилотлари томонидан юқори баҳоланаётганини алоҳида эътироф этиб ўтдилар.
Хусусан, «Moody’s» халқаро рейтинг агентлигининг 2014 йил 15 апрелдаги «Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболи» ҳисоботида Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболлари кетма-кет бешинчи йил «барқарор» дея тасдиқланмоқда.
Конференция якуни бўйича иқтисодиётни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашни жадаллаштиришда банк-молия тизимининг ролини янада ошириш, барқарор иқтисодий ўсиш ва инвестицион жараёнларни қўллаб-қувватлаш, аҳамиятга молик бўлган ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда банкларнинг инвестицион фаоллигини ошириш, янги молиявий механизмларни жорий қилиш борасида замонавий тенденциялар ва илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.