Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси томонидан электр энергияси ҳисобини юритишни такомиллаштириш, тўловлар интизомини мустаҳкамлаш, уларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш бўйича амалга оширилган ишлар, шунингдек, истеъмолчиларга яратилган имкониятлар ва қулайликларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
«Ўзбекэнерго» ДАК бошқаруви раиси ўринбосари Музаффар Ҳакимов компания томонидан электр энергияси тўловларини on-line режимида қабул қилиш ҳамда истеъмолчиларнинг электр ҳисоблагич кўрсаткичларини SMS орқали компьютер дастурининг базасига киритиш ишларининг жорий ҳолати ва истиқболдаги режалар хусусида ахборот берди.
– Бу борада олиб борилган ишлар натижасида тўловлар тўғрисидаги маълумотлар истеъмолчининг ҳисобварағига хатосиз, тўғри келиб тушиши таъминланди ва ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд этиш даражаси ортди, – дейди М.Ҳакимов. – Ҳозирги кунда пойтахтимиз аҳолисидан тўловларнинг 70,0 фоиздан ортиғи on-line режимида қабул қилинмоқда. Республикамиз бўйича эса, «Электрҳисоб» дас¬турий комплексига бириктирилган аҳоли 32,6 фоизга тўғри келади. Компания йил охиригача ушбу кўрсаткични 100 фоизга етказиб, истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Тадбирда, шунингдек, 2014 йилнинг 1 чораги якуни бўйича маҳсулот таннархининг 106,6 фоизга камайтирилганлиги, маҳсулот ишлаб чиқариш 102,0 фоизга ўсганлиги, истеъмолчиларга 11,1 млрд. кВт/соат ҳажмида электр энергияси етказиб берилганлиги ҳамда 3,0 млн. Гкал ҳажмида иссиқлик энергияси ҳосил қилинганлиги қайд этилди.
Маълумки, республикамиз энергетика саноати янгидан-янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида йил сайин ривожланиб бормоқда. Айни пайтда ҳам «Инвестиция дастури»га мувофиқ 28 та йирик инвестиция лойиҳаси устида иш олиб борилиб, уларнинг 6 таси жорий йилда якунига етказилиши кўзда тутилган.