Ўзбекистон Республикаси биржа марказида Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази ҳамда унинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан амалий семинар ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни (янги таҳрирда) қабул қилиниши муносабати билан айрим акциядорлик жамиятларида акцияларни майдалаштириш билан боғлиқ тартиб ва босқичлар муҳокамасига бағишланди.
Семинарда хўжалик бирлашмалари, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларидан иборат 90 дан ортиқ мутахассислар иштирок этди.
Маърузачилар «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартишлар ҳақида тўхталиб, эндиликда акциядорлар йиғилиши тўғрисидаги хабарни ҳар бир ташкилот (эмитент жамият) электрон тарзда ёритиш имкони туғилганлигини, қимматли қоғозлар муомаласи бўйича шарт-шароитлар ҳам очиқ, ҳам ёпиқ турдаги акциядорлик жамиятлари учун бир хил ижро этилиши, миноритар акциядорлар ҳуқуқлари янада мустаҳкамланганлиги ҳамда ҳар бир жамият ўз бошқаруви тизимида корпоратив маслаҳатчи лавозимини жорий қилиши мумкинлигини айтиб ўтдилар. Шунингдек, тадбир иштирокчилари ўртасида ушбу қонундаги акциядорлик жамиятининг уставида акс эттирилиши лозим бўлган мажбурий нормалар рўйхати қисқартирилиши, акциялар номинал қийматининг энг кўп миқдори белгиланиши (5000 сўм), акцияларга очиқ обунанинг фақат қимматли қоғозлар биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорида ўтказилиши, чиқарилиш амалга оширилган деб тан олиниши учун юқорида кўрсатилган бозорда жойлаштирилиши лозим бўлган акцияларнинг энг кам миқдори (60 фоиздан 30 фоизгача) камайтирилиши каби бандлар ҳам катта қизиқиш билан ўрганилди.
Шунингдек, семинарда иштирокчилар акцияларни майдалаштиришда давомий босқичлар билан яқиндан таништирилди. Тижорат банкларида ушбу жараён қай тарзда давом эттирилиши ҳақида «KDB Bank O’zbekiston» ЁАЖ Аудит бошқармаси мутахассиси Рохат Тожимуротов гапириб берди:
– Бу борадаги дастлабки иш акциядорлар умумий йиғилишидаги қарорнинг қабул қилиниши (акцияларни майдалаш тўғрисидаги) билан бошланади, – дейди Р.Тожимуротов. – Янги акцияни эмиссия қилиш тўғрисидаги қарор тасдиқланганидан сўнг, у Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига келиши учун юборилади. Шундан кейин янги акциялар давлат рўйхатидан ўтказилиб (Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази орқали), Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида ҳисобга олинади. Навбатдаги босқичда янги акция муомаласи ҳақидаги ахборот қонунчиликда белгиланган тартибда оммавий эълон қилиниб, жойлаштирилади ва бунинг натижалари билан рўйхатга олувчи ташкилот хабардор қилинади. Жамият Низомига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Семинар якунида иштирокчиларга янги акция муомаласи билан боғлиқ ёзма методик тавсиялар тарқатилди.