«ИНГО-Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик суғурта жамияти 2014 йилнинг биринчи чораги натижаларини сарҳисоб қилди. Унда қайд этилишича, компанияда йиғилган суғурта мукофотлари 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 2,8 бараварга ўсиб, 5,7 млрд. сўмга етди.
Ушбу кўрсаткич компания томонидан кўрсатилаётган барча хизматлар, жумладан, мол-мулкни ихтиёрий суғурталаш, қурилиш-монтаж қалтисликларини суғурталаш, шахсий суғурта, автотранспорт воситалари ва уларнинг эгаларини комплекс суғурталаш каби турларга тўғри келади.
Биринчи чорак давомида компаниянинг асосан ҳудудий бўлинмаларида барқарор ўсиш суръати таъминланди. Чунончи, суғурта мукофотлари ҳажми минтақаларда ўтган йилнинг шу даврига мос равишда 1,6 бараварга ўсди.
Ҳисобот даврида «ИНГО-Ўзбекистон» компанияси томонидан тўланган суғурта товонлари 575 млн. сўмни (ўтган даврга нисбатан 12 млн. сўм кўп) ташкил этди. Унинг асосий қисми ихтиёрий шахсий суғурта, автотранспорт воситалари ва уларнинг эгаларини комплекс суғурталаш ва юк суғуртаси бўйича амалга оширилди.
2014 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, «ИНГО-Ўзбекистон» ЁАСК томонидан умумий шакллантирилган суғурта захираси ўрганилаётган санага нисбатан 2,4 бараварга ошиб, 9,2 млрд. сўмга етди. Компаниянинг республика иқтисодиётига жалб қилган умумий инвестицияси 14,4 млрд. сўмни (ўсиш 29 фоиз) ташкил қилди.
Шунингдек, компания активлари ҳажми 2013 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 31,2 фоизга ўсиб, 18,1 млрд. сўмга етди.
Маълумот учун. Ўзбекистон суғурта бозорининг етакчи иштирокчиларидан бири бўлган «ИНГО-Ўзбекистон» ЁАСК хорижий капитал иштирокида ташкил этилиб, у республиканинг барча вилоятларида ўз инфратузилмаларини ривожлантирган ҳолда ҳам мажбурий, ҳам ихтиёрий турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш мақомига эгадир. Жамиятнинг устав капитали 7,6 млрд. сўм ҳажмида (евро эквивалентида 3,49 млн.). «ИнВестПолис» («Ингосстрах» ОАСЖ шўъба компанияси), Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий компанияси «ИНГО-Ўзбекистон» ЁАСК акциядорлари саналади.