ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 8535.74 +17.06
1 EUR = 9566.00 -86.52
1 RUB = 132.57 +1.24
1 GBP = 10746.50 -101.19
1 JPY = 78.63 -0.12
1 AFN = 107.94 +0.38
1 AMD = 17.88 +0.08
1 AED = 2324.04 +4.58


Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида банк тизимининг 2014 йил I ярим йиллигидаги фаолияти якунлари ҳамда мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 17 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари ижроси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 16 июлдаги йиғилишида банк тизими олдига қўйилган долзарб вазифаларни амалга оширишга бағишланган кенгайтирилган Бошқарув мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.Муллажонов бошқарди.

 

Қайд этилдики, ҳисобот даврида Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати 2014 йил учун мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилишига, мамлакатимиз Президентининг банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишга қаратилган фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилди.

2014 йилнинг I ярим йиллигида мамлакатимиз банк тизимининг капиталлашув даражасини ошириш, унинг ликвидлигини янада мустаҳкамлаш, барқарорлигини кучайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада банк тизимида нафақат халқаро умумқабул қилинган меъёрларга, балки айрим йўналишлар бўйича ундан ҳам юқори кўрсаткичларга эришилди.

Бугунги кунда банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 24,6 фоизни ташкил этмоқда ва у халқаро банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз этиб белгиланган талабдан 3 баробар кўпдир. 2014 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, банкларнинг умумий капитали 6,6 трлн. сўмдан ошиб кетди (1-диаграмма).

1-диаграмма

Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси бир неча йилдан буён 65 фоиздан юқори бўлиши таъминланмоқда, бу жаҳон амалиётида умумий тарзда қабул қилинган, «юқори» деб аталадиган кўрсаткичдан 2 баробардан ҳам ортиқдир.

Банк активлари 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоиз ўсиб, бугунги кунда 48,0 трлн. сўмга етди (2-диаграмма).

2-диаграмм

Самарали банк назоратининг халқаро стандарт­лар асосида амалга оширилиши, банк ликвидлиги ва активлари сифати устидан доимий мониторинг олиб борилиши мамлакатимиз банкларига етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан берилган ижобий рейтинг баҳоларини қайта тасдиқлаш ёки янада юқорироққа кўтарилишини таъминлади.

Бугунги кунда республикамизнинг барча тижорат банклари «Fitch Ratings», «Мoody’s» ҳамда «Standard & Poor’s» каби етакчи халқаро рейтинг агентликларининг «барқарор» рейтинг баҳоларига эгалар.

«Мoody’s» халқаро рейтинг агентлиги эса кетма-кет бешинчи йил Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболларини «барқарор» деб эълон қилмоқда.

Банк тизими фаолиятининг асосий индикаторлари – «банкларнинг умумий капитали етарлилиги», «тижорат банкларининг ликвидлиги», «депозитлар ҳажмининг динамикаси», «кредит қўйилмалари ҳажмининг ўзгариши» жорий йил I ярим йиллиги якунлари бўйича юқори баҳога мосдир.

Ҳисобот даврида банклар томонидан 2014 йил учун устувор вазифа этиб белгиланган саноатда замонавий ва юқори технологияли энг муҳим объектлар ҳамда қувватларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва модернизациялашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, ўтган олти ой мобайнида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 30,7 фоиз кўпайди ва бугунги кунда уларнинг миқдори 29,8 трлн. сўмдан ортди (3-диаграмма).

3-диаграмм

Банкларнинг инвестиция мақсадларига ажратган кредитлари миқдори ҳам 2013 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,3 баробар ошиб, 2014 йилнинг 1 июль ҳолатига 4,2 трлн. сўмдан ошиб кетди (4-диаграмма).

4-диаграмма

Давлатимиз раҳбарининг кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш борасида қабул қилинган фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада кичик бизнес субектларига ажратилган кредитлар ҳажми 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпайиб, 2014 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 4,8 трлн. сўмдан ортди (5-диаграмма).

5-диаграмма

Жумладан, микрокредитлар ҳажми 1 трлн. сўм­дан ошиб, бу кўрсаткич ҳам 2013 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,3 баробардан зиёдга ўсди.

Тижорат банклари томонидан аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредитлар миқдори 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўп бўлди, шу йилнинг 1 июль ҳолатига 521 млрд. сўмдан ошиб кетди.

Банклар томонидан ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга ҳам жиддий эътибор бериб келинмоқда. Хусусан, 2014 йилнинг I ярим йиллигида мазкур йўналишга 76,8 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баробардан зиёддир (6-диаграмма).

6-диаграмма

Мамлакатимиз банкларининг барқарор молиявий ҳолати, банк тизимига бўлган ишончнинг йилдан-йилга мустаҳкамланиб ҳамда аҳоли реал даромадларининг ўсиб бориши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилишнинг мустаҳкам асоси бўлиб қолмоқда.

Тижорат банкларининг капиталлашув даражасини янада ошириш, ушбу соҳага хусусий капитални кенг жалб қилиш, ресурс базасини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар банкларнинг жами депозитлари миқдори муттасил ошиб боришини таъминламоқда. Хусусан, ушбу кўрсаткич 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 30,4 фоиз ўсиб, бугунги кунда унинг миқдори 26,3 трлн. сўмдан ошди (7-диаграмма).

7-диаграмма

Ҳисобот даврида молиявий хизматлар таркибида, бевосита банк хизматларининг улуши 88 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ҳам2013 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар зиёд бўлди. Буларнинг барчаси банк тизимини ислоҳ қилиш, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъект­ларига замонавий банк хизматлари кўрсатиш сифати ва кўламини кенгайтириш борасида кўрилаётган мақсадли чора-тадбирларнинг самарасидир.

Республикамизда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш чоралари кўриб борилмоқда. Ҳозирги пайтда 12 млн. донадан кўпроқ пластик карточкалар муомалада бўлса, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган терминаллар сони 148 мингдан ошиқдир.

Шу билан бирга, мажлисда мижозларга замонавий банк хизматлари кўрсатиш ва улар ишончини янада ошириш борасида мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётган айрим тижорат банклари ҳамда уларнинг бўлим ва филиаллари фаолияти кескин танқид қилинди.

Мажлисда жорий йилнинг иккинчи ярмида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди. 

Хусусан, тижорат банклари раҳбарлари зиммаларига мамлакатимиз Президенти томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 январдаги мажлисида жорий йил учун белгилаб берилган энг му­ҳим вазифалар ва устувор йўналишларнинг бажарилишини таъминлаш, банк тизимининг барқарорлигини мустаҳкамлаш, тижорат банкларининг фаолиятини халқаро стандартлар ва принципларга мувофиқ баҳолаш, тартибга солиш ҳамда назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш, хорижий молия институтлари билан ўрнатилган ҳамкорликни янада кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, банк хизматлари турлари ҳамда сифатини яхшилаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш борасида тегишли чораларни кўриш вазифалари топширилди.

Шунингдек, «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг оғишмай бажарилишини таъминлаш, банкларнинг барча бўлим ва филиалларида бизнесни ривожлантириш учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш, биринчи нав­батда, инвестиция мақсадлари учун ажратилаётган кредитлар ҳажмини ошириш, микрокредитлар кўламини кенгайтириш борасидаги ишларни фаол давом эттириш вазифалари ҳам юклатилди.

Мажлисда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example