ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 AED = 2611.11 +9.76
1 AFN = 126.22 +1.75
1 AMD = 19.20 -0.08


Бугун аҳоли мурожаатларини ҳал этиш, уларнинг мушкулини осон қилиш мақсадида турли вазирлик ва давлат ташкилотлари томонидан доимий равишда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларни йиллаб қийнаб келган масалалар қисқа фурсатда ечим топишига имкон бераётир. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳам ана шундай сайёр қабуллар орқали минглаб юртдошларимизнинг мушкулини осон қилмоқда.

Яқинда Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати ҳамда Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси ва тижорат банклари вакиллари билан биргаликда жисмоний ва юридик шахслар учун сайёр қабуллар ўтказди. Бу жараёнда асосий эътибор аҳолининг банк тизими юзасидан мурожаатларини ҳал қилиш, банк тизимида мавжуд тизимли камчиликлар ва банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш масалаларига қаратилди.

Жумладан, яқинда Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Ипак йўли банкининг Чилонзор филиалида ўтказилган қабулларда Марказий банк ходимлари ҳамда тумандаги тижорат банкларидан вакиллар иштирок этиб, кун давомида кўплаб фуқароларнинг мурожаатлари ҳал этилди.

– Сайёр қабуллар давомида соҳа мутахассислари аҳолини банк соҳасида рўй бераётган янгилик ва қулайликлар, кредит турлари бўйича хабардор қилиш билан бирга уларни қийнаётган муаммо ва тушунмовчиликларга ижобий ечим топишга кўмаклашмоқда, – дейди Марказий банк ижро аппарати бошлиғи Камолиддин Инагамов. – Бугунги қабул жараёнида ҳам юридик ва жисмоний шахслар ўзларини қизиқтираётган масала юзасидан тушунтиришлар олиб, қийнаб турган масалалари жойида ҳал этилди.

Ҳозирги кунда ҳар бир тижорат банки биносида «Фуқаролар қабулхонаси» ташкил этилган ва айни пайтда самарали фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ҳам ҳар кварталда аҳоли молиявий саводхонлигини ошириш, банк хизматлари истеъмолчиларини сифатли ва тезкор банк хизматлари билан таъминлашга, муаммоларни бартараф этишга қаратилган сайёр қабуллар ўтказилиб келади. Шунингдек, аксарият тижорат банкларида ташкил қилинган «Call center»лар орқали ҳам фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга тезкор ва тўлиқ жавоб олишмоқда.  

– Гувоҳи бўлиб турибмиз, молия муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, бу борада аҳолимизга янада қулайликлар яратиш мақсадида турли қарор ёки қонун қабул қилинмоқда. Мана шу қарорларнинг моҳиятини халққа, фуқароларга, тадбиркорларга тўла етказиб бериш мақсадида банкимиз томонидан ҳам жойларда қатор учрашувлар, семинарлар, сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда, – дейди «Миллий банк» кредит департаменти директори ўринбосари Улуғбек Имомов. – Мазкур учрашувларда тадбиркорлар кўпроқ банклар уларга қай йўсинда, қандай тартибда молиявий кўмак кўрсата олиши билан қизиқади. Бугунги  сайёр қабуллар давомида ҳам фуқароларимиз чакана савдо, оилавий тадбиркорлик, кредит турлари, пластик карта масалалари бўйича мурожааат қилишди ва улар бўйича зарур амалий тавсияларимиз, маслаҳатларимизни бердик.

Юзма-юз, очиқ ва ошкора мулоқотлар асносида ўтган сайёр қабулда қатор муаммолар жойида ҳал этилиб, қўшимча ўрганиш, текшириш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар тегишли банк мутахассислари томонидан назоратга олинди.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example