ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 8535.74 +17.06
1 EUR = 9566.00 -86.52
1 RUB = 132.57 +1.24
1 GBP = 10746.50 -101.19
1 JPY = 78.63 -0.12
1 AFN = 107.94 +0.38
1 AMD = 17.88 +0.08
1 AED = 2324.04 +4.58


Ўзбекистон лизинг берувчилар уюшмасининг 2014 йил биринчи ярим йиллик фаолияти ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган йиғилиши ўтказилди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тижорат банклари, лизинг ва суғурта компаниялари  мутахассислари иштирок этди.

 

Мамлакатимизда лизинг фаолиятини ривожлантиришга асос бўлувчи ҳуқуқий база мустаҳкамланиб бормоқда. Бу лизинг хизматларининг замонавий бозор талаблари асосида такомиллашиб боришига, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва кичик бизнесни ривожлантиришга замин яратмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 21 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида лизинг хизматларини янада ривожлантириш ва тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикасининг «Гаров реестри тўғрисида»ги Қонуни бугунги кунда лизинг бозори иштирокчиларининг самарали фаолият юритишига кенг шарт-шароитлар туғдиряпти. Шу билан бирга, лизинг берувчилар доирасини кенгайтириб, улар томонидан тақдим этиладиган техника ва ускуналар ассортиментини ривожлантиришга, молия бозорида хизмат кўрсатишнинг ушбу тури бўйича рақобатбардошликни оширишга хизмат қилмоқда.

Йиғилишни Ўзбекистон лизинг берувчилар уюшмаси бош директори Зафар Мустафоев олиб бориб, иштирокчиларни лизинг тизимидаги маҳаллий бозор тенденцияси билан яқиндан таништирди. Хусусан, юртимизда лизинг соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этаётганлигини, бу борада қонунчилик базаси такомиллаштирилаётганлигини, пировардида эса, лизинг амалиётлари ҳажми йил сайин ортаётганлиги, лизинг хизматларини тақдим этувчи компания ва тижорат банклари сафи кўпаяётганлигини таъкидлади.

– Жорий йилнинг биринчи ярмида лизинг хизматлари бозорида 91 та лизинг берувчи ташкилот фаол иштирок этиб, уларнинг 23 тасини тижорат банклари ташкил этди, – дейди З.Мустафоев. –  Ушбу даврда лизинг операцияларининг умумий портфели қиймати 1 трлн. 980 млрд. сўмга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга ўсди, қарийб 2 900 та лизинг битимлари тузилиб, улар ҳажми 371 млрд. сўмдан ошди. 

Тадбирда лизинг техникаларига бўлган талаб жорий йилда бирмунча ўзгарганлиги, хусусан, ўтган даврда лизинг асосида тузилган битимларнинг энг катта қисми қишлоқ хўжалиги техникаларини ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида унинг қарийб 40 фоизи қурилиш техникалари ҳиссасига тўғри келаётганлиги айтиб ўтилди. Ҳудудлар кесимида эса, лизинг амалиётлари кўпроқ минтақаларда, жумладан, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида амалга оширилган.

Лизинг хизматларини кўрсатиш бўйича «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» компанияси ҳамон етакчи ўринни эгаллаб турибди. Шунингдек, навбатдаги ўринларда «Ўзавтосаноатлизинг», «Ўзбеклизинг» компаниялари, тижорат банкларидан «Асака» ДАТБ, «Ипотека-банк» АТИБ, «Трастбанк» ХАББ ҳамда «Алоқабанк» АТБлар анчайин фаолдирлар.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон лизинг берувчилар уюшмасининг жорий йил иккинчи ярми учун мўлжалланган устувор вазифалари режалаштирилди. Унга кўра, лизинг берувчилар томонидан қўшимча молиявий манбаларнинг жалб этилиши, рейтинглар олиш, лизинг бозори иштирокчилари учун ўқув машғулотларини ўтказиш масалалари белгилаб олинди.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example