ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9526.28 -2.21
1 EUR = 10329.35 +10
1 RUB = 148.82 -1.25
1 GBP = 12354.63 -76.24
1 JPY = 85.38 -1.45
1 AFN = 123.70 +0.03
1 AMD = 19.99 +0.01
1 AED = 2593.74 -0.6


Давлат-тижорат Халқ банки аҳолига сифатли банк хизматларини кўрсатиш, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли қўлидаги бўш пул маблағларини депозитларга жалб қилиш ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар амалиётини такомиллаштириш борасида сезиларли ишларни амалга оширмоқда.

 

Бу эса банкнинг ресурс базаси янада мустаҳкамланишига ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайишига хизмат қилмоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига келиб, банкнинг жами капитали йил бошига нисбатан 285,9 млрд. сўмдан зиёдни ташкил этди. Жами активлар эса йил бошига нисбатан 334,2 млрд. сўмга ёки 12,1 фоизга ортиб, 3 100,2 млрд. сўмга етказилди. Шунингдек, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлардан банк депозитларига жалб қилинган маблағлар ҳажми 72,8 млрд. сўмга ортиб, 2 299,0 млрд. сўмни ташкил қилди.

Мамлакатимиз Президентининг 2009 йил 28 июлдаги «Тижорат банкларининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилган узоқ муддатли кредитлари улушини кўпайтиришни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1166-сонли Қарори ижроси самарали ташкил этилиши натижасида, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, кредит портфели ҳажми йил бошига нисбатан 263,7 млрд. сўмга ортиб, бу кўрсаткич 1 735,4 млрд. сўмга тенг бўлди.

Ўтган вақт мобайнида иқтисодиётнинг реал сектори, жумладан, кичик бизнес субъектларини ҳамда истеъмол бозорини кредитлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шу боис, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида ушбу мақсадлар учун 364,2 млрд. сўм кредит ажратилди.

Халқ банки томонидан жорий йилнинг II чораги давомида жами ажратилган кредитлар ҳисобига 7 500 та янги иш ўрни яратилди. Жумладан, саноат соҳасида 1 210 та, қишлоқ хўжалигида 2 240 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 1 800 та ва бошқа йўналишлар бўйича 2 250 та янги иш ўринлари яратилди. Эндиликда йил охиригача янги иш ўринлари сонини 20 мингдан зиёдга ошириш кўзда тутилган.

Банк томонидан Президентимизнинг 2009  йил 15 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1112-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар бажарилди. Хусусан, мазкур қарорга кўра, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 364,2 млрд. сўм кредитлар ажратилди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчи 7 559 корхонага пахта ва ғалла етиштириш учун жами 300,5 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар йўналтирилди.

– Тадбиркорлик фаолиятимнинг ривожида Халқ банкининг молиявий кўмаги алоҳида аҳамиятли бўлди, – дейди Жиззах вилоятида фаолият юритаётган «Бону ширинликлари» МЧЖ раҳбари Рустам Икромов. – Банкнинг молиявий қўллаб-қувватлаши натижасида мана беш йилдирки, корхонамизда турли хил қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариб, халқимиз дастурхонига етказиб бераяпмиз. Банк кредитидан самарали фойдаланиб, хориждан замонавий ускуна сотиб олдик, натижада вилоятда харидорлар талаби даражасидаги энг сифатли маҳсулотларни тайёрлаяпмиз. Буни маҳсулотларимизнинг тури ва  буюртмачиларимизнинг кун са­йин ортиб бораётгани ҳам исботлаб турибди. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, банк кредити эвазига қўшимча 50 га яқин янги иш ўрни яратилган бўлса, шунинг 20 нафари маҳалламиз ёшларини ташкил қилади. Ҳозирда маҳсулотларимизга нафақат вилоятимизнинг ўзида, балки республикамизнинг бир нечта вилоят ва шаҳарларидан ҳам буюртмалар тушмоқда. Бунинг ҳаммаси юртимизда тадбиркорларга яратилган кенг имкониятлар самарасидандир.

Банк томонидан тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 41,8 млрд. сўм ажратилгани ҳам мазкур йўналишдаги долзарб ишлар банк назаридан четда қолмаганини кўрсатади. Бу турдаги кредит маблағлари асосан аёллар меҳнат қилаётган кичик корхона, фирма ва чорвадор фермерларнинг ишлаб чиқаришини янада кенгайтиришга сарфланаяпти. Жумладан, якка тартибдаги тадбиркор аёлларга 15 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди, асосан аёллар меҳнатидан фойдаланадиган ва аёллар бошқарадиган микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликларига 26,8 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.

– Давлатимиз раҳбарияти томонидан тадбиркорларга берилаётган бундай эътиборни бир аёл сифатида катта бахт, деб биламан, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги «Наврўз» ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Назира Сейтмуратова. – Корхонамиз фаолиятини 2005 йилда бошлаган бўлиб, ҳозирга келиб йилига 5 млн. дона ғишт ишлаб чиқараяпмиз. Албатта, бу ишларни амалга ошириш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бизнинг яқин кўмакчимиз бўлган Халқ банкининг Қўнғирот туман филиалидан олган кредит эвазига замонавий линияни олиб келиб ўрнатдик. Натижада, 10 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Келгусида мазкур банк билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

Ўтган даврда банк томонидан халқимиз истеъмол эҳтиёжларини қондиришга 4,6 млрд. сўм, ипотека кредитлари учун 41,2 млрд. сўм ажратилган бўлса, банк томонидан бун­ёд этилган кўп қаватли уйлар учун 54,5 млрд. сўм миқдорида кредитлар йўналтирилди. Истеъмол кредитлари берилишида асосий устуворлик республикамизда ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олишга қаратилган. Бу ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қуватлашга, юртимизда турли сифатли маҳсулотлар кўпа­йишига хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, банк билан ҳамкорликда уй-жойли бўлган ёш оилалар сони ҳам кейинги ярим йил­ликда янада кўпайди. Банк томонидан Президентимизнинг 2007 йил 18 майдаги «Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида 1,0 млрд. сўмлик истеъмол кредитлари, 18,7 млрд. сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.

Сирасини айтганда, Халқ банки ўз фаолиятида аҳоли учун сифатли ва замонавий молиявий хизматларни кўрсатиш орқали уларнинг ишончли шеригига айланиш ҳамда мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш йўлида фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example