Кўхитанг тоғ тизмасида жойлашган Кампиртепа гранит кони дунё бўйича ноёб кон саналади. У ерда уч хил – қизил, қўнғир ва жигарранг гранит хомашёси, шунингдек, кон оқ ва кўк рангли габбро тошлари мавжуд.
Президентимиз 2017 йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ушбу ҳудуд имкониятидан фойдаланган ҳолда, гранит ва габбро тошларини қазиб олиб, қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берган эди.
Шунга мувофиқ, Шеробод туманида «Комфорт Инерт Сервис» масъулияти чекланган жамиятига туманда ташландиқ беш гектар ер майдони ва бўш турган бинолар «ноль» харид қийматида ажратилди. Хориждан замонавий ускуна ва жиҳозлар келтирилиб, алоқа-коммуникация тизимлари ўрнатилди. Ушбу ишларни тез ва сифатли амалга оширишда корхонага «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан хорижий кредит линия асосида катта миқдорда молиявий ёрдам кўрсатилди.
Ҳозирда тоғли қишлоқда қад ростлаган корхонада ҳудуд аҳолисининг икки юздан ортиғи доимий иш билан таъминланган. Меҳнат жамоаси учун барча қулай шароитлар яратилган.
Йилига 300 минг кв. метр гранит ва габбро тошлари қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватига эга мазкур корхона материаллари мамлакатимизда барпо этилаётган замонавий қурилиш иншоотларига етказиб берилади. Маҳаллий эҳтиёждан ортиқ қисми эса хорижга экспорт қилинади.