ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11405.84 -14.36
1 EUR = 12225.92 -13.11
1 RUB = 141.04 -1.72
1 GBP = 14159.21 +59.83
1 JPY = 81.35 -0.07
1 AFN = 130.22 -0.16
1 AMD = 29.62 -0.04
1 AED = 3105.40 -4.42


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз бош молиявий ҳужжатининг ижроси ҳамда 2019 йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳаси муҳокама этилди. Бу ҳақда ЎзА сайти маълум қилмоқда.

Тадбирда дастлаб жорий йилда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижросига эътибор қаратилиб, йил якуни бўйича кутилаётган прогноз натижалари муҳокама қилинди.

Унга кўра, аҳоли жон бошига ҳисобланган ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўтган йилга нисбатан ўсиш суръатлари қайд этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоиз юқори экани таъкидланди. Жумладан, истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 111,4 фоизни, аҳоли жон бошига умумий даромадларининг реал ўсиши эса 109,5 фоизни ташкил қилди.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 11,8 фоизни ташкил этди.

Қўмита йиғилишида ижтимоий соҳанинг энг муҳим масалалари муҳокама этилиб, унда соғлиқни сақлаш, таълим тизимидаги туб ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ижтимоий муносабатларнинг галдаги устувор вазифаларидан бўлган аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган чораларни молиялаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан тегишли маблағлар бир қатор муҳим мақсадларга, жумладан, жамоат ишларига жалб этилган ишсизлар ва банд бўлмаган шахсларнинг меҳнат ҳақи учун тўловларига, ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликда аҳоли бандлигини кенгайтириш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилди.

Депутатлар 2019 йилга мўлжалланган бюджетнома лойиҳаси муҳокамасига киришди. Аҳолининг уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, халқимиз турмуш даражасини янада оширишга хизмат қиладиган барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, бандлик ва аҳоли даромадлари кўпайишини таъминловчи янги иш ўринларини яратиш масалалари диққат марказида бўлди.

2019 йил 1 январдан солиқ тизимида жорий этиладиган тарихий ўзгаришлар натижасида аҳолига катта қулайликлар яратилиши кутилмоқда. Хусусан, меҳнатга хақ тўлаш фондига солиқ юки камайтирилади. Бу барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида белгиланиши, фуқароларнинг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг тушумидан ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинади, деганидир.

Кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ва 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга бериладиган нафақа олувчилар сонини кўпайтириш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун 643,5 миллиард сўм ажратилиши назарда тутилмоқда. Бу эса нафақалар тайинланишини 507 минг оиладан 621 минг оилагача ёки 1,2 марта ошириш имконини беради.

* * *

Шу мавзу куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама этилди.

Унда таъкидланганидек, якунланаётган йил давомида илк маротаба давлат бюджетининг харажатлари ўтган 2017 йилга нисбатан қарийб 30 триллион сўмга (1,6 баробарга) ошди. Бюджет харажатларининг асосий қисми ижтимоий соҳага йўналтирилди ва бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақи, пенсия ва нафақаларини инфляция кўрсаткичидан юқорига ошириш билан бирга, тарбиячилар, ўқитувчилар, илмий ходимлар, профессор-ўқитувчилар, маданият ходимларининг ойлик маоши кўпайтирилди.

Жорий йил давомида қишлоқларнинг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектлари, намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар барпо этишга қарийб 0,5 триллион сўмлик маблағ йўналтирилди.

«Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури доирасида ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, иш ўринлари ташкил этиш, навқирон авлоднинг бандлигини таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида тижорат банклари орқали 7 фоизлик кредитлар ажратилди.

Тушумдан олинадиган мажбурий ажратмалар тўлиқ бекор қилиниши ҳисобидан корхоналарда яна 5,2 триллион сўм даромад қолдирилиши, жисмоний шахслар учун даромад солиғининг энг юқори ставкаси 12 фоизгача, ягона ижтимоий тўлови 15 фоизгача туширилиши, фуқароларнинг 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилиниши натижасида аҳоли даромадлари 6,5 фоизга ошиши кутилмоқда. Мавжуд 19 та солиқ ва мажбурий тўловлар тури 15 тагача камайтирилади.

Йиғилиш сўнггида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилнинг 9 ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида, шунингдек, келгуси 2019 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини Қонунчилик палатаси муҳокамаси кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example