Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академисида ЎзЛИДЕП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда академия ҳамкорлигида «Ўзбекистоннинг жаҳон молия бозорига интеграциялашуви: инновациялар трансфери, халқаро стандартлар, рейтинглар ва индекслар» мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ЎзЛИДЕП фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Жаҳон банки ва бир қатор молия муассасалари вакиллари, олий ўқув юртлари олим ва профессорлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
– Ўзбекистоннинг жаҳон бозорларига интеграциялашув даврида хорижлик ҳамкорлар билан ахборот алмашинуви ва халқаро тажрибани ўзлаштириш тобора муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, жаҳон инвестиция фаолияти стандартларини мамлакатимиз тизимларига жорий этиш ва бу орқали хорижлик инвесторлар сафини кенгайтириш олдимизда турган асосий вазифаларимиздан биридир. Агар мана шу стандартни амалиётга жорий этишга эриша олсак, ўйлайманки, чет эл инвесторлари ҳам ўзларига таниш ва қулай шарт-шароитдан мамнун ҳолда, иқтисодиётимизнинг турли тармоқлари учун янада кўпроқ сармоялар киритадилар, – дейди Банк-молия академияси Инвестициялар кафедраси мудири Меҳриддин Бутабоев ўз нутқида.
Анжуманда мамлакатимизда халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, етакчи халқаро ва хорижий молиявий институтлар билан алоқаларни кенгайтириш, пухта ўйланган ташқи қарзлар сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, жалб қилинган хорижий инвестиция ва кредитлардан самарали фойдаланиш, илғор халқаро тажрибада қўлланиладиган қурилмалардан фойдаланган ҳолда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, шунингдек, валютани тартибга солишда замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш муҳим вазифалар экани таъкидланди.
– Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда монетар сиёсатнинг ролини оширишда айрим муаммолар кўзга ташланмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Маркази банки пул-кредит сиёсати департаменти директори Бегзод Ҳамроев. – Жумладан, кейинги йилда миллий валютанинг қадрсизланишида табиий монополия маҳсулотлари ва хизматлар баҳоларининг ошиши натижасида кучайиб борган инфляция сабаб бўлди. Бироқ Марказий банк томонидан олиб борилган саъий-ҳаракатлар натижасида мазкур муаммога ижобий ечим топилди. Бунда мамлакатимизда монетар таргетлаш режимидан воз кечилиб, инфляцион таргетлаш режимига ўтиш мақбул йўл сифатида белгилаб олинди. Инфляция даражаси жорий йилнинг бошида бироз юқори бўлган бўлса, сентябрь ойига келиб 18,2% ни ташкил этди. Прогнозларга кўра, жорий йил охиригача инфляция даражаси 16-17%ни, 2019 йилда 13-14%ни, 2020 йилда 11-13,5% ни, 2021 йилга бориб эса барқарор кўрсаткични ташкил этиши тахмин қилинмоқда.
Шунингдек, анжуманда давомида мутахассислар томонидан сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган молия бозоридаги ислоҳотлар ҳамда яратилаётган қулай инвестициявий-инновацион ва ишбилармонлик муҳити макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодий мутаносибликни таъминлашга хизмат қилаётгани қайд этилди. Шу билан бирга мутахассисларнинг иқтисодиёт соҳасидаги инновациялар трансфери, халқаро стандартлар, рейтинглар ва индекслар мавзуидаги тақдимотлари ҳам йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Унинг якунида эса иштирокчилар халқаро суверен облигацияларни чиқариш масалалари, инфляцион таргетлашга ўтишнинг истиқболлари ва муаммолари, фонд бозорида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда инвестиция фаолиятининг стандартларини жорий этишга доир масалаларни кенг муҳокама қилиб, бу борада ўзларининг зарур таклиф ва тавсияларини бердилар.