ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9526.28 -2.21
1 EUR = 10329.35 +10
1 RUB = 148.82 -1.25
1 GBP = 12354.63 -76.24
1 JPY = 85.38 -1.45
1 AFN = 123.70 +0.03
1 AMD = 19.99 +0.01
1 AED = 2593.74 -0.6


Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида Президентимизнинг 2014 йил 3 июлдаги «Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2200-сонли Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги «3арар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарнинг фойдаланилмаётган ортиқча ер ва ишлаб чиқариш майдонларини янада оптималлаштириш чоралари тўғрисида»ги 192-сонли қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан кенг оммани батафсил таништириш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди.

 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Сайфитдин Гафаров олиб борар экан, мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий мулкчилик роли ва улушини ошириш, хорижий инвестицияларни, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий сармояларни кенгроқ жалб қилиш, аҳоли бандлиги даражаси ва даромадини ошириш республикамизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми эканини алоҳида қайд этиб ўтди.

Шу жиҳатдан, Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 3 июлдаги «Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори бу йўналишдаги ишларни тизимли равишда давом эттириш имконини берувчи яна бир муҳим ҳужжатдир.

Қарорга мувофиқ, ялпи хатлов натижасида аниқланган объектлар ва бўшаб қолган ер майдонларидан самарали фойдаланиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.

Хусусан, 64 та фойдаланилмаётган давлат мулки объекти кимошди савдоси орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотилиши мўлжалланган. Шундан 24 таси баҳоланди ва оммавий савдоларга чиқарилди, 40 таси бўйича баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун бино ва иншоотларни инвестиция мажбурияти эвазига «ноль» қийматда бериш жараёни бугунги кунгача ўз самарасини бераётганидан келиб чиққан ҳолда, 164,1 млрд. сўм инвестиция киритиш ва 4 256 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан «ноль» қийматда бериладиган 121 та объект бў­йича танлов шартлари тасдиқланди.

– Мазкур қарор билан яратилаётган яна бир қулайлик, бу – тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқариш, сервис ва хизмат кўрсатишни ташкил этиш, келгусида бу ерларда кичик саноат зоналарини яратиш учун ўртача ҳажми 0,2-0,3 гектарлик 57 та ер майдонларининг ажратилишидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Хусусийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Жўрабек Аҳмедов. – Бундан таш­қари, қарорга мувофиқ давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиблари соддалаштирилди, яъни давлат активларини «ноль» қийматда оммавий савдолар орқали сотишни амалга ошириш борасидаги эълонлар ушбу тадбир ўтказилишидан 2 ой олдин эмас, балки 1 ой олдин республика ва маҳаллий нашрларда чоп этилади.

Шунингдек, қарорда давлат мулки объектларини танлов савдолари орқали «ноль» қийматда берилишини амалга оширишнинг шартлари сифатида инвестиция мажбуриятидан ташқари, янги иш ўринларини яратиш ва бажарилган инвестиция мажбурияти қабул қилинган санадан эътиборан бир йил мобайнида ушбу иш жойларини сақлаб қолиш шартлиги белгиланди.

Оммавий савдоларга чиқарилган давлат мулки объектларига 6 ой мобайнида талабнома тушмаган тақдирда унинг қийматини босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтириш йўли билан уму­мий қийматнинг 50 фоизигача камайтирилиши мумкинлиги белгиланган.

Оммавий савдоларга бошланғич қиймати босқичма-босқич туширилган давлат мулки объекти 3 ой давомида сотилмаган ҳолда, ушбу объект инвестиция мажбурияти эвазига ҳамда янги иш ўрни яратиш шарти билан «ноль» қийматда сотилиши белгиланди.

Шу билан бирга, қарорда республикамизнинг барча ҳудудларида жойлашган жами 299 та бўш турган ва қурилиши тугалланмаган давлат мулки объектини ваколатли органлар хулосаси билан тегишли шаҳар, туман ҳокимликлари қарорларига мувофиқ бузилиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги «Зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарнинг фойдаланилмаётган ортиқча ер ва ишлаб чиқариш майдонларини янада оптималлаштириш чоралари тўғрисида»ги 192-сонли қарорига асосан, 35 та давлат объектларини, шу жумладан, 4 та ижтимоий инфратузилма объектларини хусусийлаштириш белгиланган. Шунинг­дек, 211 та давлат улуши бўлган жамиятлардаги ортиқча бино ва иншоотларнинг сотилиши, 43 та давлат объектларини маҳаллий ҳокимликларга тезкор бошқарувга бериш ёки тегишли ташкилотларнинг устав фонд­ларига бериш назарда тутилди.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example