ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9528.49 -10.67
1 EUR = 10319.35 -119.35
1 RUB = 150.07 +1.3
1 GBP = 12430.87 +133.94
1 JPY = 86.83 -0.11
1 AFN = 123.67 -0.68
1 AMD = 19.98 -0.02
1 AED = 2594.34 -2.9


Жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқа­руви раиси Ф.Муллажоновнинг Республика Марказий банкининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

 

Мажлисда сенаторлар, Ўзбе­кистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, Марказий банк ва унинг ҳудудий бўлинмалари мутасадди раҳбарлари, манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар масъул ходимлари, тижорат банклари раҳбарлари, экспертлар иштирок этди.

Қайд этилганидек, 2013 йилда Марказий банкнинг фа­олияти «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонунига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилган ҳамда Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг якунлари ҳамда 2013 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган вазифаларни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳа­қида»ги қарорини сўзсиз бажаришга қаратилди.

Мажлис қатнашчилари мамлакат банк тизимининг изчил ва аниқ мақсадни кўзлаб ислоҳ қилиниши ўтган йилда банкларнинг капиталлашув даражаси ва депозит базаси юқори суръатлар билан ўсишини, банкларнинг барқарорлиги мустаҳкамланишини ҳамда юқори рейтинг кўрсаткичларига эришилишини, иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш ҳажми кенгайтирилишини таъминлаганлигини таъкидладилар.

Тизимли ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилганлиги натижасида мамлакатимиз банк тизимининг барқарор фаолияти таъминланган. Банк тизими капиталининг етарлилиги халқаро стандартларнинг энг кам миқдоридан уч баравар ортиқ даражада сақланаётган бўлса, ликвидлиги норматив талаблардан 2,2 баравар юқоридир. Ўтган йилда тижорат банкларининг умумий капитали 25 фоизга ошган. Банкларнинг активлари, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми ҳисобот йилида 30 фоизга ўсган. Шу билан бирга, инвестиция мақсадларига берилган кредитлар улуши 1,25 баравар кўпайган. Ички манбалар ҳисобидан ажратилган кредитлар тижорат банклари кредит портфели умумий ҳажмининг 85,9 фоизини, узоқ муддатли инвестиция кредитларининг умумий кредит портфелидаги улуши эса 79,3 фоизни ташкил этган. Қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга ва тадбиркорликка кўпроқ эркинлик беришга қаратилган ислоҳотларни жадаллаштириш мақсадида кичик бизнес субъектларига берилган кредитлар ҳажми 7 трлн. сўмни ташкил этган бўлиб, бу 2012 йилдагига нисбатан 1,3 баравар кўпдир. Шу жумладан, микрокредитлар ҳажми 1,3 баравар кўпайган ва 1,4 трлн. сўмни ташкил этган.

Банк тизими фаолияти самарадорлигининг яна бир муҳим йўналиши, мажлис қатнашчилари кўрсатиб ўтганларидек, бугунги кунда миллий иқтисодиётнинг ғоят муҳим тармоқларида фойдаланилаётган хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этишдан иборат. Чунончи, 2013 йилда тижорат банклари томонидан халқ­аро молия институтларининг кредит линиялари ҳисобидан 145,4 млн. АҚШ доллари микдорида кредитлар ажратилган.

Бундан ташқари, мамлакат банк тизимининг барқарор ҳолати ҳамда унга бўлган ишончнинг ортиб бораётганлиги, аҳоли даромадларининг ўсиб бораётганлиги аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини омонатларга жалб этишнинг гарови бўлиб хизмат қилмоқда. Бунга тижорат банкларидаги депозитларнинг умумий ҳажми 2013 йил мобайнида 30,2 фоизга кўпайгани ёрқин мисолдир.

Мамлакатимиз банк тизимида эришилган ижобий натижалар етакчи халқаро рейтинг агентликларининг баҳоларида ҳам ўз аксини топмоқда. Охирги беш йил давомида «Мудис» халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизимига «барқарор» рейтингини бериб келмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг барча банклари халқаро рейтинг агентликлари томонидан барқарор банклар, дея эътироф этилиб, уларга «бар­қарор» рейтинг баҳоси берилган.

Шу билан бир қаторда, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг навбатдаги йиллик маърузаси – «Бизнесни юритиш-2014»да кредитлаш шартлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 189 мамлакат ўртасидаги глобал рейтингдаги мав­қеи 24 банд юқорига кўтарилган.

Банк тизими фаолиятининг асосий индикаторлари, яъни «банклар умумий капиталининг етарлилиги», «тижорат банкларининг ликвидлиги», «депозитлар ҳажмининг динамикаси», «кредит қўйилмалари ҳажмининг ўзгариши» каби индикаторлар 2013 йил якунлари бўйича юқори баҳога лойиқ.

Шунингдек, мажлисда сўзга чиққан «Агробанк» бошқаруви раиси А.Тамикаев, «Асака» банки бошқаруви раиси Қ.Орипов, ДТ Халқ банки бошқаруви раиси А.Абдуллаев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайховлар мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда банкларнинг фаол иштирокига аниқ мисоллар асосида тўхталиб, истиқболдаги вазифалар самарадорлигини янада ошириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Қўмита мажлисида мамлакатимиз банк тизимининг барқарорлиги ва самарадорлигини, шунингдек, «Соғ­лом бола йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилишини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари иштироки алоҳида аҳамиятга эга бўлаётганлиги қайд этиб ўтилди. Шу боис, келгусида ҳам иқтисодиётнинг барқарор юқори суръатлар билан ўсишини таъминлайдиган пул-кредит сиёсатини давом эттириш, бунинг учун мавжуд захира ва имкониятларни сафарбар этиш, тижорат банклари ва умуман, банк тизимининг фаолиятини баҳолашда етакчи халқаро рейтинг агент­ликлари томонидан қўлланилаётган халқаро нормалар, мезонлар ва стандартлардан фойдаланиш амалиётини кенгайтириш йўли билан банк назорати тизимини такомиллаштириш борасидаги амалий ишларни давом эттириш, банкларнинг инвестициялаш фаолиятини янада кучайтириш, бунда минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида назарда тутилган лойиҳаларни молиялашга, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга, имтиёзли кредитлар ажратиш йўли билан хотин-қизлар тадбиркорлигини ва оилавий тадбиркорликни комплекс ривожлантириш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалага доир Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

Матбуот хизмати материаллари асосида

Бекзод АКРОМОВ тайёрлади.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example