ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 8624.51 +40.01
1 EUR = 9676.70 +2.83
1 RUB = 136.92 +0.58
1 GBP = 10780.64 -12.65
1 JPY = 80.08 +0.51
1 AFN = 108.42 +0.78
1 AMD = 18.14 +0.09
1 AED = 2348.21 +10.89


Мамлакатимизда сифатли мева-сабзавот, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва аҳолининг унга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Соҳани самарали ривожлантиришни таъминлаш, юқори сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда уни йирик хорижий бозорларга чиқариш давр талабидир. Осиё тараққиёт банки бугунги кунда мамлакатимизда ушбу тармоқни ривожлантириш, тадбиркорлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 2 мартдаги «Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат яратиш занжирини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 2017-2021 йилларда амалга оширишга мўлжалланган 154 миллион доллар миқдоридаги қарз битими имзоланган эди.

– Ўтган икки йил давомида кредит линиялари учун ажратилган маблағлар тўлиқ ўзлаштирилди, – дейди Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги бош директори ўринбосари Бахтиёр Камолов. – Ажратилган маблағлар ҳисобидан 161 фермер хўжалиги ва ихтисослашган корхоналар, 137 гектар майдонда томчилатиб суғориладиган интенсив боғ, замонавий иссиқхоналар барпо этилди. Шунингдек, 67 минг тонна сиғимга эга 58 совутиш омбори, йиллик қуввати 121 минг тоннага тенг бўлган 28 қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш линияси қуриб фойдаланишга топширилди. Тармоқларда амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида 5 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилди.

Жумладан, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Пискент туманидаги тадбиркорларга ҳам молиявий ёрдам кўрсатилди. 2011 йилда ташкил этилган «Пискент Парранда» масъулияти чекланган жамияти 2017 йилда тижорат банкидан 2 йил имтиёз билан 5 йилга 2 миллион 320 минг доллар кредит олиб, 4 гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этди.

Айни пайтда бу ерда «Пинк Парадайз» навли помидор кўчатлари парваришланаётган бўлиб, барча агротехник тадбирлар тўлиқ компьютерлаштирилган тизимда олиб борилади.

– Аслида йўналишимиз паррандачиликка ихтисослашган бўлса ҳам анчадан буён замонавий иссиқхона қуришни режалаштириб юрар эдим, – дейди «Пискент Парранда» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алишер Каттахўжаев. – Бизга қулай томони Осиё тараққиёт банкининг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга мўлжалланган имтиёзли кредити бўлди. Ҳозир иссиқхонамизда помидор кўчатлари томчилатиб суғориш тизим асосида сувни тежаш йўли билан суғорилади. Биринчи ҳосилимиз кутганимиздан зиёда бўлганидан хурсандмиз. Бунга жамоамиз билан бирга эришдик. Бугунги кунда иссиқхонага 10 нафар доимий ишчи бириктирганмиз. Ҳосил йиғиш даврида қўшимча ишчиларни ҳам жалб қиламиз. Келгусида иссиқхонамизни 10 гектарга кенгайтириш нияти бор.

Жорий йил якунига қадар тадбиркор иссиқхонанинг ҳар гектаридан 150 тонна маҳсулот олишни режалаштирган. Етиштирилган маҳсулот ички бозорга чиқарилмоқда. 2018 йилда Осиё тараққиёт банки Тошкент вилоятида ташкил этилган 21 лойиҳа учун 29 минг доллардан зиёд маблағ ажратди. Жумладан, Ўрта Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида иссиқхона, мева-сабзавотни қайта ишловчи, қадоқловчи корхона ва музлатгичлар барпо этилди.

Қишлоқ хўжалигида паррандачилик етакчи тармоқлардан бири саналади. Бу борада Самарқанд вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилган бўлиб, асосийси қишлоқларда одамларнинг иш билан банд бўлишига ҳисса қўшилмоқда. Жумладан, Оқдарё туманида жойлашган «Муҳаббат-Сарвар Файз» паррандачилик фермаси раҳбари Азизжон Самадов 2014 йилда 5 минг бош товуқ билан ўз фаолиятини бошлаган эди. Ўтган вақт давомида у соҳа ривожи учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, тадбиркорларга, аҳолига буюртма асосида бройлер жўжаларини етказиб бериш борасида барчанинг ишончини оқлади. Дастлаб 8 нафар ишчи ишлаган паррандачилик фермасида бугунга келиб 20 нафар туман ёшлари меҳнат қилади.

– 2017 йилда Осиё тараққиёт банки ташаббуси билан 1 йил муддатга 72 минг доллардан ортиқ миқдорда имтиёзли кредит олиб, зотдор паррандаларни кўпайтириш ва парваришлаш бўйича илғор технологияларни амалиётга жорий этдик, – дейди «Муҳаббат-Сарвар Файз» паррандачилик фермаси раҳбари А.Самадов. – Бугунги кунда 1,5 гектар майдонда ташкил этилган фермамизда барча шароитлар яратилган. Жўжалар учун мўлжалланган хоналар ҳаво ҳарорати ва намлигини мақбул меъёрда сақлаш, сув ва озуқа билан таъминлаш, экология ва санитария талабларига жавоб берадиган маҳсулот тайёрлашга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан жўжаларимизга харидорларимиз бор бўлиб, белгиланган таклифга қараб уларга етиштириб берамиз.

Мазкур паррандачилик фермаси кредит маблағлари ҳисобидан замонавийлаштирилган технологиялари туфайли ойига 15-17 минг донагача бройлер жўжаларини тухумдан очириш имкониятига эга бўлди. Махсус ветеринария профилактика тадбирлари амалга оширилаётгани соҳада маҳсулдорликни ошириш ва барқарор фаолият юритиш имконини бераётир.

Ушбу ташаббус жойларда яхши натижа кўрсатгани туфайли Осиё тараққиёт банки директорлар кенгаши томонидан 2018 йил 14 июнда қўшимча 198 миллион доллари миқдорида лойиҳани қўшимча молиялаштириш учун, 5 йил имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, тўлаш муддати 25 йил бўлган қарзни Ўзбекистон Республикасига тақдим этилиши маъқулланди. Бу бўйича қабул қилинган Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрдаги «Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат яратиш занжирини ривожлантириш» лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан соҳа мутахассислари тегишли ишларни амалга оширмоқда.

ЎзА.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example