Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳузуридаги ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокама этилди. Бу ҳақда ЎзА сайти хабар бермоқда.
Мамлакатимизнинг келгуси йилга мўлжалланган энг муҳим молиявий ҳужжатида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилда юридик шахсларга солинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизга, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизга камайтириш назар тутилган.
Солиқ тизимига киритилаётган бу каби ўзгаришлар, аввало, мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётда солиқ юкини камайтириш, Давлат бюджетининг барқарорлигини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга солиққа тортишнинг умумий тизими бўйича тўловларни амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида солиқ юки борасидаги номутаносиблик бартараф этилади. Умуман, ушбу йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар пировардида мамлакатимиз инвестицион жозибадорлигини ошириш, аҳоли реал даромадларини юксалтириш, унинг фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшиши йиғилишда алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, иш ҳақи фондига солиқ юкини камайтириш ва тадбиркорлик субъектларининг ишчилари сони ва иш ҳақи фондини қонунийлаштириш учун рағбатлантирувчи шароитларни яратиш мақсадида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобрақамларига 0,1 фоиз йўналтирилган ҳолда барча фуқароларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ягона 12 фоиз миқдорида солиқ ставкасини жорий этилади. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли даромадларини кўпайтириш ҳисобига турмуш фаровонлигини янада ошириш, виждонли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилади.
Муҳокама давомида келгуси йил учун мўлжалланган Давлат бюджетида бюджет соҳаси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида урғу берилгани маълум қилинди. Хусусан, 2019 йилда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг жами харажатлардаги қисми 54,5 фоизни ташкил қилиши қайд қилинган. Келгуси йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдорини ҳар ярим йилда ўтган йилги инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорларда ошириш таклиф этилган. 2019 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий нафақалар миқдорларини абсолют суммада белгилаш кўзда тутилган.
Йиғилишда қўмита аъзолари ижтимоий объектларни капитал таъмирлаш ёки реконструкция қилиш ишларига ажратилган маблағ ҳамда унинг қурилиш сметасида молиялаштирилган маблағ ўртасида номутаносибликлар аниқланаётганини таъкидлади. Бу эса қурилиш, таъмирлаш жараёнини ортга сурмоқда. Натижада турли муаммоли ҳолатлар келиб чиқмоқда. Тадбирда келгуси йилда бу каби ҳолатларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирилди.