Мувофиқлик сертификатларини расмийлаштиришда такрорий синовлар ўтказилиши тақиқланди

Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб:

Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форумига (IAF) аъзо давлатлар томонидан сертификатланган давлат улуши 50 фоиздан ошмайдиган тадбиркорлартомонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган Республикада ишлаб чиқарилмайдиган қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар, ноозиқ-овқат хом ашёлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинади;

Миллий ўлчаш эталонлари ва миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишувни (CIPM MRA) имзолаган мамлакатларнинг калибрлаш сертификатлари билан тақдим этилган ўлчаш воситаларини метрологик аттестациялаш бир кун муддатда амалга оширилади.

Қарор билан 2019–2020 йилларда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Йўл харитаси доирасида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини синаш лабораториясини ўз ичига олган 8,5 млн АҚШ доллари қийматидаги «Кампус» ўқув-синов мажмуаси ташкил этилади.

Шунингдек, қарор билан синов ва ўлчаш базасини такомиллаштириш бўйича лойиҳалар рўйхати ҳам тасдиқланди. Рўйхатга жами 8 та лойиҳалар киритилган бўлиб, хусусан, 2019 йилда фото-видео фиксация тизимлари техникалари ва ускуналарини ўрнатилган стандартлар ва талабларга мувофиқ ўлчаш лабораторияси ташкил этилади.

2019 йил 1 январдан бошлаб 22 турли истеъмол товарлари фақат «Ўзстандарт» агентлигининг сертификатлаштириш органлари, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази томонидан янгидан аккредитация қилинган сертификатлаштириш органлари томонидан сертификатланади.

Ушбу товарлар рўйхатида гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, парранда тухумлари, асал, сабзавотлар, мевалар, қаҳва ва чой мавжуд.

Шунингдек, эндиликда мувофиқлик сертификатларини расмийлаштиришда такрорланувчи синовлар ўтказилиши тақиқланади.

Санитария-эпидемиология ва фитосанитария вазияти номақбул бўлган мамлакатлардан санитария-эпидемиология ва фитосанитария назоратидан ўтказилиши лозим бўлган маҳсулотларнинг олиб кирилиши тақиқланади.

Қарор билан стандартлаштириш ва метрология ҳудудий бошқармалари тугатилиб, «Ўзстандарт» агентлиги қошида Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаменти ташкил этилди.

Техник тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология масалаларида тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш департаментнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Бундан ташқари, «Ўзстандарт» агентлиги ҳузурида Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Pin It
Реклама
Реклама
Реклама
Реклама