ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9455.24 +21.9
1 EUR = 10438.58 +84.55
1 RUB = 147.25 +1.5
1 GBP = 11958.04 +324.85
1 JPY = 87.23 -0.99
1 AFN = 121.14 +0.22
1 AMD = 19.88 +0.03
1 AED = 2574.40 +5.97


Давлат бюджети маблағлари нималарга сарфланади

Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамасида сенаторлар Давлат бюджети маблағлари нималарга сарфланишига эътибор қаратди. Бу ҳақда ЎзА сайти хабар бермоқда.

2019 йилда Давлат бюджети даромадлари 102,6 трлн. сўм миқдорида прогноз қилинмоқда, бу эса 2018 йилга нисбатан 38% ўсишни англатади. Давлат бюджети харажатларининг умумий суммаси 107,1 трлн. сўмни ёки жорий йилга нисбатан 36,4 фоизга кўпроқни ташкил этади.

Бунда ижтимоий соҳага Давлат бюджетидан сарфланадиган харажатлар 57,8 трлн. сўмдан ортиқни ёки барча харажатларнинг 54 фоизини ташкил этади (2018 йилга нисбатан ўсиш – 34,4 %). Бунда таълимга сарфланадиган харажатлар аввалги йилга нисбатан 25,5 фоизга ошади ва 28,4 трлн. сўмни ёки барча харажатларнинг 49 фоизини ташкил этади.

Соғлиқни сақлашга сарфланадиган харажатлар 2018 йилга нисбатан 30,5 фоизга ошади ва 12,1 трлн. сўмни ёки барча харажатларнинг 11,3 фоизини ташкил этади. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсациялар тўлаш учун сарфланадиган харажатлар 5,2 трлн. сўмни ташкил этади, бу эса 2018 йилга нисбатан 61,8 фоизга кўпроқдир.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари доирасида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 478 та аҳоли пунктида яшаш шароитларини яхшилашга 6,3 трлн. сўм йўналтирилади. 2019 йилда Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,1% миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ, 2019 йилда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтириш назарда тутилмоқда.

Меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки ҳам барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш орқали камайтирилади, шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади.

Бундан ташқари, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш назарда тутилган. Бунинг ўрнига пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркорлар, меҳнат фаолияти ҳисобга олинмайдиган шахслар, шунингдек солиқ бўйича солиқ агентлари ҳисобланмайдиган манбалардан даромадлар олувчи шахслар учун жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган ягона ижтимоий тўлов белгиланмоқда.

Кейинги йилда иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий тўловлар ва стипендияларни ҳар ярим йилда аввалги йилдаги инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорда ошириш таклиф этилди. 2019 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий нафақалар миқдорларини мутлақ суммада белгилаш назарда тутилмоқда.

Мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжатида Давлат бюджетини режалаштириш ва ижро этишни такомиллаштириш, бюджетлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳудудлар солиқ салоҳиятини кенгайтиришдан, бюджет тизими турли даражадаги бюджетларининг молиявий оқимларини бирлаштиришдан манфаатдорлигини ошириш бўйича аниқ тадбирлар белгиланган.

Режалаштирилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини, давлат ўз вазифаларини муваффақиятли бажаришини ва мамлакатнинг изчил ривожланишини таъминлайди.

Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example