Ҳозирги кунда бўш турган ҳар бир ишлаб чиқариш майдонига қўшимча инвестицияларни жалб этиш манбаси, янги иш ўринларини ташкил этиш имконияти сифатида қаралмоқда. Айниқса, кейинги икки йил ичида давлат объектларини хусусий мулкдорларга бериш жараёнларини соддалаштириш, маҳаллий ҳокимият органлари ваколатларини кенгайтириш, мулкдан самарали фойдаланишда мулкдорларга қўшимча рағбат яратиш ҳамда иқтисодиётга инвесторларни кенг жалб этиш мақсадида юртбошимизнинг 4 та фармони ва 4 та қарори, шунингдек, ҳукуматимиз томонидан бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.
Яқинда Давлат рақобат қўмитаси томонидан ушбу йўналишдаги ишлар суръатини янада ошириш, келгуси йилда бўш турган объектларни ишга тушириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда мулкдорларга яқиндан кўмак бериш мақсадида «Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари: таҳлиллар, имкониятлар ва истиқболлар» мавзусида форум ташкил этилиб, унда юқоридаги қонун ҳужжатлари ижроси доирасида жойларда олиб борилаётган амалий ишлар, таҳлиллар ҳамда бу борада кўзга ташланаётган муаммо ва камчиликлар хусусида батафсил сўз юритилди.
Тадбирда Республика Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси, Ергеодезкадастр давлат қўмитаси, қатор тижорат банклари ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Маълумки, бугунги кунда фойдаланилмаётган объектларни давлат мулки иншоотлари, аввал хусусийлаштирилган бинолар, хусусий мулк бинолари ҳамда эгасиз бино-иморатлар ташкил этади. Бўш турган давлат мулки объектларини келгусида хусусийлаштириш, ижарага бериш ҳамда давлат эҳтиёжида ишлатиш кўзда тутилаётган бўлса, фойдаланилмаётган аввал хусусийлаштирилган ва хусусий мулк биноларини янги инвестицион лойиҳалар асосида ишлаб чиқариш майдонларига айлантириш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Агар мулкдор ўз тасарруфидаги бўш ётган бинолардан самарали фойдаланмаса, уни ишлаб чиқаришга йўналтирмаса, унга нисбатан оширилган солиқ ставкалари бўйича солиққа тортиш чораси қўлланилади. «Иш бермаётган» эгасиз бино-иморатлар эса ҳокимликлар балансига ўтказилиб, улардан ҳам самарали фойдаланиш чора-тадбирлари кўрилади.
– Президентимизнинг «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида ўтказилган хатлов натижасига кўра, республикамиз бўйлаб айни кунда 48 150 та бўш турган ва фойдаланилмаётган объектлар мавжудлиги аниқланди, – дейди Давлат рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи Азизжон Қаҳҳоров. – Жорий йилда ана шу биноларда 4 254 та янги лойиҳа ишга туширилиб, 15 минг нафар иш ўрни яратилган бўлса, 2019–2020 йилларда 15 205 та инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш орқали ҳудудларга 11,0 трлн. сўмдан ортиқ хусусий инвестициялар жалб қилиниши ва 40 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда.
Маълумки, инвестиция лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш ва амалга оширишда тижорат банклари муҳим роль ўйнайди. Шу боис, форумда таъкидланганидек, мазкур жараёнда тижорат банкларининг фаол иштирокини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, тадбиркорларни имтиёзли кредитлар асосида қўллаб-қувватлаш бўш ерларда замонавий ишлаб чиқариш майдонларини тезроқ ташкил этиш демакдир. Бироқ юртимизда бу борада ҳали анчагина муаммолар кўзга ташланяпти. Жорий йилнинг 5 декабрь ҳолатига кўра, мамлакатимизда ишга туширилиши кўзда тутилаётган 14 064 та инвестицион лойиҳа аниқланган бўлса, уларнинг 3709 таси, яъни 27%игина тижорат банклари ҳиссасига тўғри келмоқда. Албатта, бу кам. Шу боис мазкур жараёнда, энг аввало, банкларнинг ташаббускорлигини ошириш зарур.
Шунингдек, жонли мулоқот тарзида ўтган форум давомида мулкдорларга амалий ёрдам кўрсатиш амалиётини янада такомиллаштириш, объектлардан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида тўхтаб ўтилди. Бу борада барча давлат органлари ва тижорат банклари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш юзасидан турли таклиф ва тавсиялар берилди.