«Ўзсаноатқурилишбанк» мижозлари ўртасида янги солиқ концепцияси бўйича тарғибот ўтказилмоқда

«Ўзсаноатқурилишбанк» ўз мижозлари бўлган тадбиркорлар учун солиқ тизимининг янги концепцияси мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди.

Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда тадбиркорлар мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан солиқ сиёсатини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган янги концепцияда соҳага доир ўзгаришлар ҳамда кўзда тутилган имтиёзлардан бохабар бўлдилар.

«Ўзсаноатқурилишбанк» мижозлари ўртасида янги солиқ концепцияси бўйича тарғибот ўтказилмоқда

Фото: Sanoat Qurilish Bank

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу жумладан, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш мақсадида жорий қилинди. Мазкур дастур мамлакатда қулай рақобатли муҳит яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, инвестицион жозибадорликни ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришни назарда тутади.

«Ўзсаноатқурилишбанк» мижозлари ўртасида янги солиқ концепцияси бўйича тарғибот ўтказилмоқда

Фото: Sanoat Qurilish Bank

Семинарда таъкидланганидек, эндиликда солиқ ставкалари кескин ўзгарувчан бўлмайди. 2019 йил 1 январдан бошлаб ходимлар сонидан қатъий назар товар айланмаси 1 млрд. сўмдан юқори бўлган субъектлар умумбелгиланган солиқ тўловига ўтади.


– Тадбирда тадбиркорлар учун 2019 йилда жорий қилинган ва кутилаётган ўзгаришлар бўйича тушунтиришлар бердик, – дейди Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Зафар Ваҳобов. – Яъни, иштирокчилар 2019 йилда солиқ ставкаларининг ўзгариши, айнан қайси йўналишларда ставкалар пасайиб, қайси ставкалар бекор қилинганлиги тўғрисида зарур маълумотларга эга бўлдилар.


2019 йилдан бошлаб ягона солиқ тўловининг базавий ставкаси 4 фоизни ташкил қилади. Солиқ солиш объектига эга бўлган барча ягона солиқ тўловчилар мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлашга мажбурдирлар.


– Ҳар йили солиқ тўловларини ҳисоблаш, тўлаш тартиби каби қатор масалалар бўйича турли муаммоларга дуч келардик, – дейди қурилиш корхонаси вакили Олимжон Бегимқулов. – Янги концепция билан солиқ тўловчилар учун қулай шароитлар яратилди, мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди. Президентимизнинг биз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ушбу ташаббуслари алоҳида таҳсинга лойиқдир.


«Ўзсаноатқурилишбанк» бу каби семинарларни ўтказишда давом этмоқда. Мақсад – тадбиркорларга янги солиқ концепциясининг мазмун-моҳиятини етказиш ҳамда унинг амалиётда самарали қўлланилишини таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир.

Банк Ахборот хизмати.

Pin It
Реклама
Реклама
Реклама
Реклама