Россияда Ўзбекистоннинг биринчи савдо майдончаси очилди

Россиянинг Челябинск шаҳрида «Атлант» МЧЖ компанияси қошида Ўзбекистон Республикаси Товар хомашё биржасининг янги хорижий савдо майдончаси ўз ишини бошлади. Россиядаги мазкур Ўзбекистон биржасининг биринчи савдо майдончаси Россия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши кўмаги остида ташкил этилди.

7 февраль куни Челябинск шаҳрида ўтказилган «Бизнес-2019: Челябинск вилояти тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш тизимида янгилик» анжумани доирасида «ЎзРТХБ» АЖ савдо майдончасининг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Россия Федерацияси бизнес-жамиятининг 400 га яқин вакиллари иштирок этди.

Айни вақтда Биржа савдоларининг электрон тизимига уланган янги савдо майдончада биржа савдолари ва «ЎзРТХБ» АЖ интернет савдоларида иштирок этиш учун хорижий мижозлардан буюртмалар қабул қилинмоқда.


Ўзбекистон ва Россия тадбиркорлари «ЎзРТХБ» АЖ электрон савдо тизими орқали нафақат стандартлаштирилган биржа товарлари, балки кенг турдаги бошқа маҳсулотларни ҳам эркин сотиш ёки сотиб олиш имкониятига эга бўлдилар.


«ЎзРТХБ» АЖ савдо майдончаси орқали савдо қилишнинг асосий устунликлари савдо ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, ишончли товар ишлаб чиқарувчилар билан бевосита алоқа ўрнатиш, вақт ва маблағ тежамкорлилиги, шунингдек, тўлов ва товарни етказиб беришнинг кафолатланганлиги ҳисобланади.


Эслатиб ўтамиз, «ЎзРТХБ» АЖнинг халқаро савдо тармоғи шунингдек, Қозоғистон, Белоруссия ва Хитойда жойлашган савдо майдончаларини ҳам қамраб олади.


Бу ҳақида «ЎзРТХБ» АЖ Матбуот хизмати маълум қилган.

Pin It
Реклама
Реклама
Реклама
Реклама