ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9526.28 -2.21
1 EUR = 10329.35 +10
1 RUB = 148.82 -1.25
1 GBP = 12354.63 -76.24
1 JPY = 85.38 -1.45
1 AFN = 123.70 +0.03
1 AMD = 19.99 +0.01
1 AED = 2593.74 -0.6


   Мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратиш борасида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

   Тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган қонунчилик базаси эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилдан-йилга ривожланиб боришида муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида банк тизимида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

   Хусусан, 2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари Дастурига мувофиқ, молия-банк тизими қонунчилик базаси янада такомиллаштирилди.

   Маълумки, 2012 йилда миллий ва хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган «Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Натижада хусусий банк ва молия институтлари тармоғини янада кенгайтириш, уларга шахсий капитални жалб қилиш кўламларини ошириш, шунингдек, мазкур институтларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонуний асослари мустаҳкамланди.

   2012 йилнинг 1 январидан кучга кирган «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Қонун эса банк тизимида кредит таваккалчилигини камайтириш ва кредит ресурс­ларидан самарали фойдаланишнинг муҳим кафолати сифатида нуфузли халқаро ташкилотларнинг эътирофига сазовор бўлди. Мазкур қонун асосида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги 7 та қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

   Марказий банк кредит ахбороти миллий институтининг маълумотлар базасига Кредит ахборотининг давлат реестри мақоми берилди, кредит ахбороти алмашинувини таъминлайдиган «Кредит-ахборот таҳлилий маркази» кредит бюроси фаолият юрита бошлади. Таъкидлаш жоизки, кредит бюросининг ташкил этилиши кредит бозорида масъулиятли  ва лаёқатли қарз олувчилар қатламининг шаклланиши ва кредитлаш жараёнидаги шаффофликни оширишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятга моликдир.

   Юқорида қайд этилган дастурда молия-банк тизими инфратузилмасини такомиллаштиришнинг яна бир муҳим институти – гаров реестри тизимини шакллантириш вазифаси ҳам қўйилган эди. Шундан келиб чиқиб, 2012 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Гаров реестри тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда маълумотларнинг ягона базасини шакллантириш орқали мажбуриятлар бўйича таъминот реестрини яратиш, қарздорлар, таъминот эгалари ҳамда кредиторларнинг, шунингдек, реестр юритувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, молиявий хизматлар бозорида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш ва рақобатни кучайтириш ҳамда жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий бозор инфратузилмасини янада ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган.

   Шу ўринда қишлоқ жойларида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор берилаётганини ҳам қайд этиш лозим. Негаки, тадбиркорликнинг мазкур ўзига хос йўналишдаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш мақсадида 2012 йилнинг 26 апрелида қабул қилинган «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун кўплаб оилаларни хусусий бизнес, тадбиркорликка жалб этиш, қадимий халқ ҳунармандчилигини ҳар томонлама ривожлантириш учун шароит яратиш, уларнинг бу соҳада эгаллаб турган ўрни ва салоҳиятини янада оширишга хизмат қилаяпти.

   Тижорат банклари томонидан шу йилнинг 7 ойи давомида 103,4 млрд. сўмдан зиёд кредитлар айнан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадларига ажратилган бўлса, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 787,4 млрд. сўмлик кредитлар ажратилгани аҳолини иш билан таъминлаш баробарида тадбиркорлик тараққиётига ҳам ҳисса қўшмоқда.

   Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 11 мартда қабул қилинган «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит беришни кўпайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига кўра тижорат банкларининг Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан устувор равишда олис ва бориш қийин бўлган тоғли туманларда, шунингдек, ортиқча меҳнат ресурсларига эга бўлган туман ва шаҳарларда жойлашган кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратилиши белгилаб берилгани ҳудудларимизнинг янада обод бўлиши, жойларда кўплаб иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўляпти. Ушбу муҳим ҳужжатга мувофиқ, жамғарма кредитлари ҳисобидан олинадиган даромадлар 2011 йил 1 апрелдан 2016 йил 1 январгача фойда солиғидан озод қилингани эса тижорат банклари учун яна бир имкониятдир. Бу, бир томондан, жамғарма сармоясини кўпайтиришга хизмат қилса, иккинчидан, олис ва бориш қийин бўлган туманлар, шунингдек, ортиқча меҳнат ресурсларига эга ҳудудларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хизмат ва сервис соҳасини янада ривожлантириш учун катта қулайлик яратади.

   Шунингдек, мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, юқори технология ва инновацион лойиҳаларни, ишлаб чиқариш микрофирмаларини, кичик корхоналарни, деҳқон ва фермер хўжаликларини молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. 

   Юртбошимизнинг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ эса, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлиги принципига амал қилиниши, яъни, банклар ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларда вужудга келиши мумкин бўлган ноаниқликлар тадбиркорлар фойдасига тал­қин этилиши юзасидан банкнинг меъёрий ҳужжатларига қатор ўзгартиришлар киритилди. Шу билан бирга, кичик бизнес субъектлари мурожаатларини уч иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқиш, тижорат банкларида миллий валютада ҳисоб рақами очганлик учун тўлов ундиришнинг бекор қилиниши ва банк муассасаларига энг кам иш ҳақининг йигирма баробари миқдоригача бўлган нақд пул тушумининг мустақил топширилиши белгиланди. Бундан ташқари, савдо ва сервис соҳасида харид қилинадиган товар ва хизматлар учун корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга оширишда тўлов терминаллари чеклари бухгалтерлик бирламчи ҳужжатларига тенглаштирилиши мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш борасида муҳим қадамлардан бири бўлди.

   Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳамда «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари ҳам ишбилармонлик ва инвестиция муҳити даражасининг халқаро рейтингини янада оширишга қаратилгани билан  муҳим аҳамиятга эгадир. Сабаби, ушбу муҳим ҳужжатлар билан яратилган имтиёз ва имкониятлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ривожланиш шароитларини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

   Президентимизнинг Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган Фармонига асосан эса тижорат банклари томонидан аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш, аёллар бошқарадиган корхоналарга молиявий кўмак бериш масаласи ҳам диққат эътиборда турибди. Натижада ўтган 10 йил давомида республикамизда тижорат банклари томонидан аёллар тадбиркорлигини кредитлаш ҳажми 30 баробардан зиёд ўсди. Аниқроғи, мазкур фармон қабул қилингандан буён тижорат банклари томонидан ушбу йўналиш учун 2,6 трлн. сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида 593,4 млрд. сўм миқдорида кредитлар айнан аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилгани, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 55 фоизга ошганлиги банк тизимида хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилганлигидан далолатдир.

   Шу сабабли ҳам, бугунги кунда аёлларнинг ташаббускорлиги туфайли чекка ҳудудларда ҳам замонавий хизмат кўрсатиш инфратузилмаси яратилиб, гўзаллик салонлари, савдо дўконлари, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари, тикувчилик корхоналари, болалар майдончалари фаолият кўрсатмоқда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Соғлом бола йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Унга асосан тадбиркор аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан 600 млрд. сўмликдан зиёд кредитлар ажратилиши кўзда тутилган.

Янги авлод вакилларининг
қўллаб-қувватланиши

    Бугун барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини ёшларнинг фаол иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Хусусан, уларнинг куч-ғайрати ва саъй-ҳаракати билан иқтисодиётимиз тобора ривожланиб, жаҳонга юз тутмоқда.

   Бу борада Республика Марказий банки томонидан ёш авлод вакилларини тадбиркорлик соҳасида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илғор ташаббусларини ва истиқболли лойиҳаларини молиявий жиҳатдан ўз вақтида рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

   Бу эса ёш тадбиркорларнинг куч ва имкониятларини тўла рўёбга чиқаришга шароит яратмоқда. Буни юртимизнинг барча ҳудудларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида ёш йигит-қизларнинг лойиҳаларини банк кредитлари ҳисобига амалга ошишида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида навқирон авлод вакилларининг ҳиссаси тобора ошиб бораётганлигида кўришимиз мумкин.

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги «Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4232-сонли Фармонга мувофиқ ҳамда ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида банк тизимида тегишли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу дастурда ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга оид барча вазифалар белгилаб олинган.

   Мазкур фармонга мувофиқ 2010-2013 йилларда тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун 222,3 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган бўлса, биргина 2013 йил давомида 2012 йилга нисбатан 2,8 баробарга кўп имтиёзли микрокредитлар ажратилди.

   Жорий йилнинг 7 ойи давомида мазкур йўналишга 106 млрд. сўм миқдорида кредитлар йўналтирилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 56 фоизидан зиёддир.

   Бунда, Марказий банк тавсияси асосида тижорат банкларида коллеж битирувчисининг микрокредит олиш учун таъминоти етарли бўлмаган тақдирда, яқин қариндошларининг (ота-она, ака-ука, опа-сингил) иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш орқали кафиллик бериш амалиёти жорий этилгани ўз самарасини бермоқда. Йилдан-йилга банклар томонидан коллеж битирувчисининг молиялаштирилаётган лойиҳалари миқдори ўртача 2 баробарга ортаётганлиги эса  коллеж битирувчиларини ўз иш ўринларига, ўз маблағларига, қолаверса, куч-қудратига эга бўлиб, юртимиз иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшишига замин бўлмоқда.

   Шу билан бирга, республикамиздаги ҳар бир касб-ҳунар коллежига тижорат банкларининг раҳбар ходимлари бириктирилган бўлиб, улар томонидан коллеж битирувчилари билан тадбиркорликни йўлга қўйиш, банк хизматлари кўрсатиш, кредитлар ажратиш тартибларини тушунтириш мақсадида мунтазам учрашувлар ўтказилмоқда. 

    Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ҳамкор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида жойлашган касб-ҳунар коллежларида мунтазам равишда тадбиркорликни рағбатлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари мазмун-моҳиятлари, шунингдек, тижорат банкларидан кредитлар олиш тартиблари, бу борада яратилган имтиёз ва имкониятлар хусусида батафсил маълумотлар берилиши билан бирга ўз бизнесларини йўлга қўйиш истагини билдирган касб-ҳунар коллежларини тугатаётган ёш йигит-қизларга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатлар ҳам тақдим этилмоқда.

   Хусусан, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг мамлакатимиз келажагини яратиш йўлидаги изланишлари, тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини мунтазам ошириш, ёшлар томонидан яратилаётган инновацион лойиҳаларни хусусий сектор фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида O‘zLiDeP партияси билан ҳамкорликда «Диплом билан бизнесга» лойиҳаси ҳам амалга ошириб келинмоқда.

   Мазкур лойиҳа доирасида таълим муассасаларининг 1000 дан ортиқ битирувчиларига тижорат банклари томонидан 4,5 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида иштирок этган 4,5 минг нафар касб-ҳунар коллежи ҳамда олий ўқув юртлари битирувчиларининг тадбиркорлик ва ишбилармонликка оид билимлари оширилди. Энг муҳими, амалга оширилган ишлар натижасида лойиҳа иштирокчилари томонидан 2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган.                                   

   Яна бир қатор лойиҳалар «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. «Менинг бизнес-ғоям», «Ёш тадбиркор – юртга мададкор» ҳамда «Ёш тадбиркор – келажакка пойдевор» лойиҳалари республиканинг барча ҳудудларида анъанавий тарзда ўтказилиб, ёшларимизнинг тарбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда катта имконият яратмоқда.

Мамлакатимизда озиқ-овқат дастурининг амалга оширилишида банк тизимининг иштироки

    Мамлакатимизда амалга оширилаётган озиқ-овқат дастури қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, тури ва сифатини яхшилашни кўзда тутади. Бинобарин, ҳозирги пайтда миллий ва дунёвий тажрибаларга асосланган, молиявий ресурсларни сафарбар этган ҳолда соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш, ерларнинг мелиоратив ҳолати ва ирригация тизимини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, маҳсулотни истеъмолчиларга етказиб беришнинг зарур инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

   Натижада мамлакатимизда ҳар йили 16 млн. тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилмоқда. 180 турдан ортиқ мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар 80 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Сўнгги уч йилда четга сотилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 3 баробарга ошди. Ушбу кўрсаткичларга эришишда банк кредитларининг улуши катта бўлмоқда. Биргина 2013 йилда тижорат банклари мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экс­портини қўллаб-қувватлашга салкам 365 млрд. сўм кредит маблағлари ажратди.

   Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигидаги бой салоҳияти ва эришаётган ютуқлари инвестицияларнинг салмоқли қисмини ушбу соҳага йўналтиришга асос яратмоқда. Ҳозирги пайтда хорижий молия институтлари иштирокида илғор агросаноат технологияларини жалб этиш, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш, ирригация тармоқларини янгилаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш асосида тайёр озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш борасида 1,1 млрд. доллардан зиёд маблағларни талаб этадиган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 26 январдаги «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1047-сонли Қарори ижроси юзасидан тижорат банклари томонидан озиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ўтган 5 йил давомида қарийб 4 трлн. сўмга яқин кредит маблағлари ажратилган.

   Биргина шу йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида тижорат банклари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш, бундай корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашга 971,8 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баробарга кўп кредит маблағлари йўналтирилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу кредитларнинг 171,9 млрд. сўми озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда зарур бўлган технологик ускуналарни харид қилиш, 775,4 млрд. сўми хомашё ва материаллар сотиб олиш, 24,5 млрд. сўми фермер хўжаликлари, агрофирмалар ва бошқа тадбиркорлик субъектларига иссиқхоналар барпо этиш ҳамда томчилатиб суғориш тизимини харид қилиш кўзда тутилган лойиҳаларни молиялашга йўналтирилди.

   Кредит маблағларининг устувор равишда ишлаб чиқариш объектларини қуриш, уларни замонавий технологик линиялар билан жиҳозлашга йўналтирилиши чекка ҳудудларда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик тузилмаларининг кўпайишига олиб келди. Илгари импорт ҳисобига таъминланган айрим турдаги маҳсулотлар маҳаллий шароитларда ишлаб чиқарила бошланди. Тижорат банкларининг кредит портфелига назар солинса, замонавий агротехнологияларни жалб этиш, сабзавотчиликда маҳсулдорликни ошириш, инфратузилма логистика тизимларини такомиллаштиришга оид минглаб лойиҳалар молиялаштирилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

   Бундан ташқари, банклар томонидан аҳолига чорва моллари харид қилиши учун имтиёзли кредит ажратиш йўлга қўйилди. Озиқ-овқат дастури доирасида энг чекка ҳудудларда юзлаб янги паррандачилик, балиқчилик хўжаликлари ташкил этилди. 

   Тижорат банклари озиқ-овқат саноати корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, уларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини ошириш учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича белгиланган тартибда кредитлар бериш ва лизинг хизматлари кўрсатиш учун банк кредит портфелининг камида 20 фоизи миқдорида (марказлаштирилган ресурслар ва халқаро молия институтларининг жалб этилган маблағлари ҳисобидан берилган кредитлар ҳажми бундан мустасно) махсус кредит линиялари очмоқда. Экспорт операциялари бўйича факторинг хизматларини амалга оширишнинг чекланган муддати 60 кундан 90 кунга узайтирилиши экспорт операциялари бўйича факторинг хизматларини амалга ошириш ҳажмини кенгайтирди. Микрофирмалар ва кичик корхоналар ўзи ишлаб чиқарган товар (иш, хизмат)ларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 50 фоизини мажбурий сотишдан озод этилган.

   Банк тизимининг мамлакат озиқ-овқат дастури ижросини таъминлашдаги фаол иштироки янада кенгайиб боради ва бу ҳол келгусида республикамизда озиқ-овқат соҳасидаги ишларни янги поғонага олиб чиқади, аҳолининг ҳаёт даражасини юксалтиришдек эзгу мақсадга хизмат қилади.

Мухтор ШОНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

Тижорат банкларининг инвестиция портфелини

мониторинг қилиш департаменти

бошқарма бошлиғи ўринбосари.

 

 

 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example