ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 8624.51 +40.01
1 EUR = 9676.70 +2.83
1 RUB = 136.92 +0.58
1 GBP = 10780.64 -12.65
1 JPY = 80.08 +0.51
1 AFN = 108.42 +0.78
1 AMD = 18.14 +0.09
1 AED = 2348.21 +10.89


Хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар ижроси нега кечикмоқда?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқаро молия институтлари билан ҳамкорликдаги ишлар таҳлил қилиниб, ижтимоий соҳалардаги лойиҳалар аҳоли турмуши учун муҳимлиги, улар ўз муддатида ва сифатли амалга оширилиши кераклиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, қатор вазирликларда амалга оширилиши кечикаётган лойиҳалар кўрсатиб ўтилди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида 3 та лойиҳа бўйича ишлар белгиланган муддатидан кечикаётгани танқид қилинди.

Бу қандай лойиҳалар экани, нима учун муддатидан кечикаётгани ҳақида маълумот олиш мақсадида ЎзА мухбири Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан боғланди.

Вазирлик матбуот хизмати маълум қилишича, ҳудудлардаги шаҳар ва қишлоқларда тоза ичимлик суви ва оқова сув тизимини яхшилаш мақсадида Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармалари ҳамкорлигида умумий қиймати 740,3 миллион долларлик 7 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам халқаро молия институтлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган 3 та лойиҳа бўйича ишлар кечикмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2015 йил 18 декабрдаги қарори билан тасдиқланган «Самарқанд вилояти Қўшработ туманида ичимлик суви таъминотини яхшилаш» лойиҳаси Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармалари маблағи ҳисобидан 2016–2021 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган эди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 36,04 миллион долларга тенг бўлиб, режага кўра, Қўшработ тумани маркази ва 77 қишлоқ аҳоли пунктида 158 та янги сув қудуғи ковланиб, реконструкция қилинади. Шунингдек, 408 километр сув ўтказгич ва сув тарқатиш тизимини қуриш ҳам кўзда тутилган. Бу саъй-ҳаракатлар туфайли 65 минг аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланади.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш узоқ давом этаётганининг сабабларидан бири консультантларни танлаш жараёни бир йил давом этди. Сув манбалари хақида хулосаларни янгилаш ишлари ҳам шунча вақтга чўзилди. Бу ўз навбатида, лойиҳа-смета ишлари ва тармоқ жадвалининг ижросига салбий таъсир кўрсатди.

Эндиликда «Коммунхизмат» агентлиги қошидаги лойиҳани бошқариш гуруҳи томонидан ишларни тезлаштириш мақсадида янги жадаллаштириш тармоқ жадваллари тузилиб ижроси таъминланмоқда. 2019 йилда 12 миллион долларлик маблағни ўзлаштириш кўзда тутилган лойиҳа доирасида қурилиш ишларига 8 лот учун пудрат ташкилотларини аниқлаш белгиланган. Ҳозирги кунда 5 қурилиш лоти бўйича пудрат ташкилотлари аниқланиб, шартномалар имзоланди. Улар томонидан мобилизация ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, қолган лотлар бўйича тендер савдолари ўтказишга эълон берилди. Тендер таклифларини тақдим этиш 2 лот бўйича 2019 йил 9 апрель куни очилди. Ҳозирги кунда пудратчи ташкилотни танлаш бўйича баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Қолган 1 лот юзасидан тендер пакетлари очилиши шу йил 14 майгача этиб белгиланди.

Иккинчи кечикаётган лойиҳа – Президентимизнинг 2017 йил 27 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Сирдарё вилояти Гулистон, Янгиер ва Ширин шаҳарлари канализация тизимини реконструкция ва кенгайтириш» лойиҳасини Ислом тараққиёт банки иштирокида 2017–2021 йилларда амалга ошириш мўлжалланган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 75,54 миллион долларга тенг бўлиб, жорий йилда 5,95 миллион долларлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши режалаштирилган.

Бироқ мазкур лойиҳа-смета ҳужжатлари ва қурилишни техник назорат қилиш ишларини олиб бориш учун халқаро консультантларни танлашда тендер савдоларининг узоқ давом этиши ишнинг тўхтаб туришига сабаб бўлмоқда. Мазкур лойиҳа ишларини жадаллаштириш юзасидан жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга Ислом тараққиёт банкининг лойиҳалар бўйича мониторинг миссияси, март ойида Ислом тараққиёт банкининг Осиё давлатлари департаменти директори Ирфан Бухари бошчилигидаги делегация билан муҳокамалар ўтказилди.

Ҳозирги кунда Республика давлат улушини ишлатиш бўйича 2019 йил учун 473,8 минг долларига тенг манзилли дастур ишлаб чиқилиб, тегишли вазирликлар билан келишилди. Апрель ойининг охиригача Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларидаги канализация тозалаш иншоотларининг лойиҳа ва реконструкция ишларини бошлаш режалаштирилган.

Ўз муддатида бажарилмаётган учинчи лойиҳа – Президентимизнинг 2011 йил 28 августдаги қарори билан тасдиқланган «Сирдарё вилояти Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманлари марказлари ва аҳоли пунктлари ичимлик суви таъминотини яхшилаш» лойиҳаси Жаҳон банки иштирокида амалга оширилмоқда. 2011–2019 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳанинг қиймати 138,65 миллион долларни ташкил этади. Бу орқали вилоятнинг 155 аҳоли яшаш пунктидаги 354 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланади. Қуриладиган ичимлик суви қувурлари узунлиги 1 минг 460 километрни ташкил этади. Қуввати кунига 154 минг метр кубга тенг сув иншоотлари қурилади.

Лойиҳа 2011 йилда бошланган бўлиб, 2017 йилгача турли сабабларга кўра ишлар етарлича амалга оширилмаган эди. Жумладан, Жаҳон банки томонидан қўйилган талаблар вақтида бажарилмаган. Айрим ходимлар ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашгани сабабли лойиҳада кўзда тутилган қурилиш-монтаж ишлари 2017 йилгача 20–25 фоизгагина қилинган холос. Ваҳоланки, бу ишлар 2017 йилда якунланиши керак эди.

2017 йил апрель ойида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил этилгач халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган барча лойиҳалар хатловдан ўтказилди. Шунингдек, қолоқликка йўл қўйилган лойиҳалар ўрганилиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Хусусан, 11 лот бўйича қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун халқаро тендерлар ўтказилди. Ҳозирги кунда 11 контрактнинг 7 таси бўйича қурилиш-монтаж ишлари якунланган. Қолган объектларда кундалик назорат ўрнатилган бўлиб, қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилмоқда.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example