ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9526.28 -2.21
1 EUR = 10329.35 +10
1 RUB = 148.82 -1.25
1 GBP = 12354.63 -76.24
1 JPY = 85.38 -1.45
1 AFN = 123.70 +0.03
1 AMD = 19.99 +0.01
1 AED = 2593.74 -0.6


   Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (Давлат рақобат қўмитаси) билан Корея Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида ўзаро ҳамфикрлик меморандуми имзоланди. 

  Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясида мамлакатимизга ташриф буюрган Корея Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги президенти Дае Пё Жунг раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказилди. Унда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар асосида барча соҳаларда ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланиб, уни айнан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида ҳам тараққий эттириш, бу борада чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш белгилаб олинди.

  Маълумки, мамлакатимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонун ва кўпгина қонуности меъёрий ҳужжатлар 1996 йилнинг бошидан шакллантирилиб, унинг ижроси кўпгина мутасадди ташкилотлар зиммасига юклатилди. Ушбу соҳада жамоатчилик ўртасида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келаётган Давлат рақобат қўмитаси бугунга келиб, аҳолининг истеъмолчилик маданиятини ошириш ҳамда жамоатчилик ўртасида ўзини ўзи бошқариш механизмларини фаоллаштиришда салмоқли натижаларга эришди.

  Корея Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги делегациясининг ташрифи доирасида Давлат рақобат қўмитасида ташкил этилган навбатдаги учрашувда томонлар ўртасида имзоланган ўзаро ҳамфикрлик меморандумида кўзда тутилган чора-тадбирлар режасининг тақдимоти ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ва Корея Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида ҳамкорлик муносабатлари дастлаб 2013 йилда имзоланганлиги, унга мувофиқ юртимизда турли учрашув, семинар ва тренинглар ўтказилиб келинаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, соҳа мутахассислари ўртасида ўзаро тажриба ва ахборот алмашинуви йўлга қўйилганлиги, бу истеъмолчилар ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга хизмат қилаётганлиги қайд этилди.

  – Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоримиз, – дейди тадбирда сўз олган Корея Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ижрочи директори Чанг Йон Чо. – Айнан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида дастлаб чора-тадбирлар дастури ва аниқ стратегияни ишлаб чиқиш зарур бўлади. Бунда, аввало, ишни истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунчиликни такомиллаштиришдан бошлаш жоиздир. Кейин эса, агентлигимиз ушбу масалалар юзасидан барча маслаҳат хизматларини кўрсатади. 

  Тадбирда ўзаро ҳамкорлик дастурининг мазмуни баён қилинар экан, у 2014-2016 йилларга мўлжалланган кўп босқичли чора-тадбирлар режасидан иборат эканлиги, унда ахборот алмашиш, кадрлар малакасини ошириш, умуман, Кореянинг бугунги салоҳиятидан келиб чиқиб, қатор йўналишларда турли тадбирлар ташкил этиш кўзда тутилганлиги айтиб ўтилди.

  Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ва Корея Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида ўзаро ҳамфикрлик меморандуми доирасида ҳамкорликнинг бошқа масалалари ҳам муҳокама этилди.

 

 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example