ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 8624.51 +40.01
1 EUR = 9676.70 +2.83
1 RUB = 136.92 +0.58
1 GBP = 10780.64 -12.65
1 JPY = 80.08 +0.51
1 AFN = 108.42 +0.78
1 AMD = 18.14 +0.09
1 AED = 2348.21 +10.89


Азамат Жабборов, Шахноза Хонбобоева, Олимжон Ғайбуллаев: Ички аудитнинг халқаро назарий таҳлили

Ички аудитнинг ривожланиши кўп жиҳатдан қўйилган вазифаларга аввало сифат жиҳатдан эришишни, йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликларни аниқлаш ва ўз вақтида, яъни фаолиятнинг моҳиятига ҳамда натижаларига салбий таъсир кўрсатмасдан бартараф этишни таъминлаши мумкин.

Азамат Жабборов,
Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти
«Бюджет ҳисоби, аудит ва молиявий назорат тизимини
такомиллаштириш лойиҳаси» бош мутахассиси

Шахноза Хонбобоева,
Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти
«Бюджет ҳисоби, аудит ва молиявий назорат тизимини
такомиллаштириш лойиҳаси» етакчи мутахассиси

Олимжон Ғайбуллаев,
Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти
«Бюджет ҳисоби, аудит ва молиявий назорат тизимини
такомиллаштириш лойиҳаси» 1-тоифали мутахассиси

Шунинг учун ҳам кўпгина ривожланган, асосан бозор иқтисодиёти амал қиладиган мамлакатларда ички аудитнинг ривожланиши иқтисодиёт ривожланишининг омилларидан бири сифатида кўрилади. Давлат ташкилотлари даражасида эса сиёсат ва маблағлар ўртасида мақсадлар ва манбаларни мувофиқлаштириш, манфаатлар мувозанатини таъминлаш ҳамда ўзаро тийилиб туриш функцияларини ҳам бажариб келмоқда. Аудит – фаолият доирасида белгиланган қоидаларга қандай амал қилишни эмас, балки ушбу қоидалар нималардан иборат бўлиши кераклиги ва қандай натижаларга олиб келиши лозимлигини белгилаб бериши билан ҳам жуда муҳим.

Аудитни, хусусан, унинг таркибий қисми бўлган ички аудит фаолиятини янада чуқурроқ тушунтириш учун унинг тарихига назар солиш фойдадан холи бўлмайди. Ички аудитнинг ривожланиш тенденциялари билан 1-жадвал маълумотлари орқали танишиш мумкин.

Ички аудитнинг замонавий ривожланиш тенденциялари

Ички аудит тенденциялари ўзгариши жараёни улар фаолиятининг мазмунига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Ҳозирги кунга келиб ички аудит масалалари билан шуғулланувчи бир нечта халқаро ташкилот ва институтлар мавжуд бўлиб, улар ичида халқаро ички аудиторлар институти (The Institute of internal auditors) етакчилик қилади. Ушбу институт 1941 йилда ташкил этилган бўлиб, у ҳозирги кунда қуйидаги вазифаларни бажармоқда1:

1. Ташкилотларнинг ички аудит мутахассисларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш.

2. Профессионал таълим ва ривожланиш, стандартлар ва бошқа профессионал амалиёт қўлланмаси ҳамда сертификатлаш дастурларини таъминлаш бўйича ҳар томонлама имконият тақдим этиш.

3. Ички аудитнинг бошқарилиши ва татбиқ этилиши, унинг назоратдаги, риск бошқаруви ва амалиётдаги ҳамда манфаатдор томонлардаги ролини ўрганиш.

4. Амалиётчи ва бошқа аудиторларни ички аудитнинг замонавий усуллари бўйича ўқитиш.

5. Барча мамлакатларнинг ички аудиторларини маълумот ва тажриба алмашиш учун бирлаштириш.

Ички аудитга турли даврларда турлича таърифлар берилган ва бу, юқорида келтирилганидек, аудит бажарган вазифалардан келиб чиққан, дейиш мумкин. Ҳозирги кунда ҳам ички аудитга турлича таърифлар мавжуд бўлиб, уларнинг энг кўп учрайдиган таърифлари қуйидагичадир:

Ички аудит2 – ташкилот фаолиятини яхшилаш ва унинг қийматини оширишга мўлжалланган мустақил, объектив аудиторлик ва консультатив фаолиятдир. У ташкилотларга ўз фаолиятини баҳолашга тизимли ва интизомий ёндашувни жорий этиш орқали ўз мақсадларига эришишга, рискларни бошқариш жараёни, назорат ва корпоратив бошқарув самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, МДҲга аъзо мамлакатлар парламентлараро ассамблеяси томонидан 2015 йил 16 апрелда тасдиқланган «Давлат сектори ташкилотларида ички аудит тўғрисида»ги намунавий қонунда ички аудитга қуйидагича таъриф берилган3:

Ички аудит – текшириш, баҳолаш ва маслаҳат бериш орқали давлат сектори ташкилотларининг қонунларга амал қилиши, фаолиятида самара ва натижаларга эришишини таъминлашга қаратилган мустақил ва объектив фаолиятдир.

Яна бир таъриф эса Жаҳон банкининг мамлакатларда «Давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик (Public Expenditure and Financial Accountability (PEFA))»ни баҳолаш бўйича дастури баҳолаш тартибларида келтирилган бўлиб, унга кўра «Ички аудит4 фаолияти ички назоратнинг самарадоригини баҳолашга қаратилган бўлиши зарур». Ички аудит фаолияти функцияси сифатни таъминлаш жараёнини ўз ичига олиши ҳамда профессионал стандартларга асосланган бўлиши керак. Ушбу дастур бўйича 2012 йилда мамлакатимизда ўтказилган баҳолаш маълумотларига кўра ички аудит ҳолати «D+» даражасида5 баҳоланган. Бу эса ўлчанаётган хусусият самарадорликнинг асосий даражасидан пастроқда эканлигини ёки ушбу ўлчовни баҳолаш (баллаш) учун маълумот етарли даражада эмаслигини билдиради.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда ички аудит бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Хусусан, ҳозирги замонавий иқтисодиётда давлат секторида ички аудитнинг мақсади, вазифаси ва принципларини аниқлаш катта аҳамият касб этади.

Мавзуга доир маълумотларни ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда ички аудитнинг асосий мақсади – ташкилотлар эришиши лозим бўлган натижаларга (мақсадларга) элтувчи йўлларни ишлаб чиқишда қатнашиш ва бу жараёнда юзага келиши мумкин бўлган рискларни олдиндан аниқлаш орқали уларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган маслаҳатлар беришдир. Яъни ички аудит – ташкилотда ресурсларнинг тўғри сарфланиши ёки улардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланилишини эмас, балки, аввало, ташкилотнинг ўз олдига қўйган (ёки унинг олдига қўйилган) мақсадларига эришиши учун хизмат қилиши лозим.

Бутун жаҳон ички аудиторлар институти стандартларига асосан ички аудитнинг асосий вазифаси – рискларга асосланган объектив ишончни тақдим этиш ҳамда маслаҳат ва тушунча бериш орқали ташкилот қийматини ошириш ҳамда ҳимоя қилишдир. Шунингдек, ушбу вазифани бажариш учун қуйидаги принциплардан фойдаланилиши белгиланган6:

1. Бир бутунликни намоён қилиш;

2. Компетентлик ва ишга профессионал ёндашувни намоён қилиш;

3. Мустақиллик, яъни таъсирлардан озодлик ва объективлик;

4. Ташкилотнинг стратегияси, мақсадлар ва рискларга мос келиши;

5. Ресурсларни тўғри жойлаштириш ва адолатли таъминлаш;

6. Сифат ва доимий ўсишни намоён қилиш;

7. Самарали мулоқот қилиш;

8. Рисклар бўйича ишончли кафолатни таъминлаш;

9. Ташаббускорлик, фаол­лик ва келажакка йўналганлик;

10. Ташкилот фаолияти ривожланишини таъминлай олиш.

Бундан ташқари, давлат секторида аудитни ташкил этиш бўйича ҳалқаро ташкилотлардан бири бўлган халқаро олий аудит институтлари ташкилоти (The International Organisation of Supreme Audit Institutions (INTOSAI)) томонидан ишлаб чиқилган «Давлат секторида аудитнинг асосий тамойиллари (ISSAI-100)»га асосан давлат секторида аудитнинг асосий тамойиллари чизмада келтирилган.

Давлат секторида аудитнинг асосий тамойиллари

Чизма маълумотларидан кўриш мумкинки, аудитнинг умумий тамойиллари ҳар қандай фаолиятни қамраб олиш имкониятини яратишга қаратилган.

Шу билан бирга, халқаро тажрибада ички аудитнинг амалиётга татбиқ этилиши бўйича даражалар ишлаб чиқилган бўлиб, улар тизимни ривожлантиришнинг босқичларини белгилаб бериши мумкин.

2-жадвал маълумотларини таҳлил қилиш шуни кўрсатмоқдаки, ички аудит ўз тарихи давомида асосан 5та даражани босиб ўтган. Бу даражаларни таҳлил қилиш орқали Ўзбекистон мавжуд ички аудит тизимининг биринчи, яъни бошланғич даражасида, дейиш мумкин. Матрицага кўра биринчи даражада ички аудит фаолияти тизимсиз ва вазиятга боғлиқ бўлиши, ташкилотларда катта ташкилий бирликнинг бир қисми ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, бу босқичнинг асосий жиҳатлари сифатида ҳужжатлар ва ўтказмаларнинг ўрнатилган тартиб ва талабларга мувофиқлиги ва ишончлилиги бўйича алоҳида аудитор текширувидан ўтказилиши, аудит текшируви натижаси аудитор лавозимини эгаллаган ходимнинг малакасига боғлиқ бўлиши, аудиторлик ташкилотлари тажрибасидан бошқа аудит фаолияти бўйича махсус профессионал тажрибанинг мавжуд эмаслиги, фаолиятни молиялаштириш зарурат юзасидан амалга оширилиши, инфратузилманинг мавжуд эмаслиги, институционал салоҳият шаклланмаганлиги, шу билан бирга, жараённинг махсус ёки муайян соҳаси белгиланмаганлиги ажратиб кўрсатилган.

Ички аудитни ривожлантириш даражалари матрицаси

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мамлакатимизда давлат бюджетидан маблағ олувчи ташкилотларда ички аудитнинг асосий вазифалари сифатида қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин:

1. Давлат бюджетидан маблағ олувчи ташкилотларнинг вазифа ва мақсадларини доимий инвентаризациядан ўтказиб бориш ва мақбуллаштириш.

2. Мақсадларни белгилаб олиш ва уларга эришилишини «ўлчаш» учун индикаторлар ишлаб чиқиш.

3. Ишлаб чиқилган индикаторларга эришиш даражасини баҳолаш ва юзага келган рискларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича бошқарувга таклиф, маслаҳат ва тавсиялар бериш.

4. Ички назорат ва молиявий назорат тадбирларида уларнинг мақсадга мувофиқлиги ва тўғри олиб борилишини баҳолаш нуқтаи назаридан иштирок этиш.

5. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиниши ҳолатини уларнинг реал ҳолатни тартибга солиш имконияти нуқтаи-назаридан таҳлил қилиш ва уларни ўзгартириш, янгилаш ва/ёки бекор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Шунингдек, халқаро тажриба асосида мамлакатимизда ички аудитни ривожлантиришни таъминлаш учун қуйидаги босқичлар таклиф этилади.

Ўзбекистонда давлат секторида  ички аудитни ривожлантириш босқичлари

«БПК», 3-сон, 2019 й.


1 https://global.theiia.org/about/about-the-iia/Pages/About-The-Institute-of-Internal-Auditors.aspx.

2 https://global.theiia.org/standards-guidance/mandatory-guidance/Pages/Definition-of-Internal-Auditing.aspx.

3 МДҲга аъзо мамлакатлар парламентлараро ассамблеяси томонидан 2015 йил 16 апрелда тасдиқланган «Давлат сектори ташкилотларида ички аудит тўғрисида»ги намунавий қонуннинг 2-моддаси.

4 http://pefa.org/sites/default/files/PEFA%20Framework_English.pdf. – 78-бет.

5 http://pefa.org/assessment/uz-dec12-pfmpr-final-en. Бу ташкилот томонидан баҳолаш 4 босқичда амалга оширилади ва самарадорликка қараб A, B, C ёки D даражаси белгиланади.

6 https://global.theiia.org/standards-guidance/mandatory-guidance/Pages/Core-Principles-for-the-Professional-Practice-of-Internal-Auditing.aspx.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example