ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9384.00 +323
1 EUR = 10393.72 +301.58
1 RUB = 140.14 +1.67
1 GBP = 11378.10 +451.44
1 JPY = 88.01 +2.44
1 AFN = 119.86 +4.09
1 AMD = 19.76 +0.67
1 AED = 2555.00 +87.94


Таҳлил ва таклиф: савдо тармоқлари ҳукмронлиги – шартнома эркинлигими ёки суиистеъмол?

Ҳозирги вақтда озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш бозорида савдо тармоқларининг таъсири кучайиб бормоқда. Масалан, Ўзбекистондаги йирик савдо тармоқларидан бирининг савдо объектлари сони бор-йўғи 2 йил ичида деярли 3 баробарга кўпайган. Aлбатта, бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ, аксинча, ҳар бир янги савдо объекти бу янги иш ўринлари дегани.

Шу билан бирга, йирик савдо тармоқларининг фаолияти билан боғлиқ баъзи муаммолар мавжуд. Савдо тармоқлари ўзининг катта ҳажмда товарлар сотиб олиш имконияти туфайли чакана савдо бозоридаги рақобат муҳитига таъсир кўрсатиш имконига эга. Савдо тармоғининг пайдо бўлиши одатда шу ҳудуддаги кичик савдо объектларига жиддий таъсир қилади.


Савдо тармоғи – бу умумий бошқарув остида бўлган икки ёки ундан ортиқ савдо объектлари йиғиндиси, шунингдек, битта савдо белгиси ёки бошқа индивидуаллаштириш воситалари остида бирлашган икки ёки ундан ортиқ савдо объектлари йиғиндисидир.


Кўпинча кичик савдо объектлари аввало ўз маҳсулот нархини пасайтиришга, кейинчалик эса йирик савдо тармоқлари билан рақобатга дош бермай ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлишади.

Натижада товар етказиб берувчиларнинг маҳсулотларини сотиб олувчилар доираси торайиб боради. Бу эса ўз навбатида етказиб берувчиларни савдо тармоқларига «қарам» қилиб қўяди, савдо тармоғи етказиб берувчилар (ишлаб чиқарувчилар) билан шартномавий муносабатларда «юқори мавқега» эга бўлади. Савдо тармоғига етказиб берувчиларга нисбатан камситувчи ва ноқулай шартнома шартларини қўйиш имконини беради.

Камситувчи шартларга мисол қилиб бир турдаги маҳсулотни етказиб берувчилар учун савдо тармоғи томонидан турли хил етказиб бериш шартларини ўрнатилиши, шартнома шартларини айнан бир хилда бузганлик учун турли хил жавобгарлик белгиланиши ва бошқа шунга ўхшаш шартларни кўрсатиш мумкин.


Камситувчи шартлар (шароитлар) — товар ёки молия бозорига кириш, товарни ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш, олиш, реализация қилиш, ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш шартлари (шароитлари) бўлиб, улар бошқа тенг шартларда (шароитларда) битта ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектни ўзга хўжалик юритувчи субъект (рақобатчи) билан таққослаганда тенг бўлмаган ҳолатга солиб қўяди («Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддаси).


Ноқулай шартнома шартларига эса бошқа савдо тармоқлари билан товарларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни тақиқлаш,етказиб берувчидан бошқа савдо объектлари билан тузилган шартномалар тўғрисида маълумотни талаб қилиш, товарлар ва маҳсулот нархини етказиб берувчига (ишлаб чиқарувчига) зарар етказадиган даражада арзонлаштиришни талаб қилиш, сотилмай қолган ва яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни етказиб берувчига қайтариб бериш, тўловларни асоссиз кечиктириш каби шартларни киритиш мумкин.

Бундан ташқари, савдо соҳасидаги ноинсоф ҳаракатлар тоифасига савдо тармоқлари томонидан етказиб берувчиларга танлаб олишнинг аниқ ва бир хил мезонларини тақдим этмаслик, етказиб берувчиларнинг таклифларини кўриб чиқишни асоссиз рад этиш, етказиб бериш ҳуқуқини бериш учун қўшимча тўлов талаб қилиш кабиларни ҳам киритса бўлади.

Савдо тармоқлари ва етказиб берувчилар муносабатларидаги муаммолар

Ўзбекистонда савдо тармоқлари томонидан товар етказиб берувчиларга нисбатан адолатсиз муносабатлар бўлиб туриши ҳақидаги гаплар олдиндан мавжуд бўлса-да,бу масала расман деярли кўтарилмаган эди.

Лекин жорий йилнинг 26-июн куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида ўтказилган тадбиркорлар билан учрашувда етказиб берувчилар баъзи савдо тармоқларини маҳаллий товар етказиб берувчилар (ишлаб чиқарувчилар)га нисбатан импорт етказиб берувчилар билан таққослаганда камситувчи тўлов шартларини ўрнатишда айбладилар.

Хусусан, улар маҳаллий етказиб берувчиларга маҳсулот етказиб берилган кундан бошлаб 30-60 кун (баъзан 9 ойгача) давомида тўлов амалга оширилмаслиги, импорт маҳсулотларини етказиб берувчиларга 100% олдиндан тўлов қилиниши, сотилмаган ва муддати ўтган товарларни етказиб берувчига қайтариб берилиши каби ҳолатлардан норозиликларини билдирганлар.

Ушбу айбловларга Ўзбекистондаги йирик савдо тармоқларидан бирининг вакили ижтимоий тармоқ орқали жавоб берди.

Жавобларга эътибор беринг:

1. «Савдо тармоғи маҳсулот етказиб берувчиларга ўз вақтида ҳақ тўламайди».

Тўлов билан боғлиқ барча масалалар қонунчилик ва етказиб бериш шартномаларига мувофиқ тартибга солинади. Томонлар ушбу шартларни муҳокама қиладилар ва шартномани имзолайдилар. Нега давлатга шикоят қилиб, тўлов муддатини қисқартиришни сўрашади, агар шартномани ўзлари имзолаган бўлса? Болалар боғчаси, қисқаси.

2. «Савдо тармоғи сифатсиз ва муддати ўтган товарларни етказиб берувчига қайтаради».

Бу масала ҳам бизнинг шартномаларимиз билан тартибга солинади, лекин бу ерда шуни қўшимча қилмоқчиманки, биз сизнинг шеригингиз сифатида истеъмолчилар томонидамиз: улар бизнинг хўжайинларимиз ва биз нарх ва сифат масалаларида ҳар доим уларнинг тарафдоримиз, шунинг учун бизни кечиринг, ҳурматли ишлаб чиқарувчилар.

3. Aгар биз сизнинг ҳуқуқларингизни бузган бўлсак, унда биз ҳам сиз каби хўжалик юритувчи субъектлармиз. Ўзингизни саводли ва маданиятли тарзда тутинг, шартларнинг бажарилишини талаб қилинг ва агар биз уларни бузган бўлсак, судга мурожаат қилинг, шунда биздан сизнинг фойдангизга жарима ҳам ундиришади. Aммо сиз бундай қилмайсиз, чунки судда иш шартнома ва қонун асосида кўриб чиқилади ва бу шартномани сиз ҳам, биз ҳам имзолаганмиз ва биз уни бузмадик. Йиғилишларда бизни қуруқ гаплар билан айблаш осонроқ, шундай эмасми?».

Савдо тармоғи вакилининг етказиб берувчиларни менсимаслик элементлари мавжуд ушбу жавобини «юқори мавқе» кучининг яққол намунаси дейиш мумкин. Чунки, савдо тармоғининг вакили етказиб берувчиларни болаларга қиёслади уларга саводли ва маданиятли бўлишни маслаҳат берган ҳолда муаммонинг моҳиятига оид барча масалаларни имзоланган шартномага ҳавола қилиб қўя қолди.
Савдо тармоғининг ўзини бундай тутиши савдо тармоқлари билан уларга товар етказиб берувчилар ўртасидаги муносабатларда жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатади.

Албатта, давлат бундай вазиятда тегишли чора кўриши керак. Айни вақтда таъкидлаш лозимки, юқоридаги ҳолатда савдо тармоқларини қонун билан айбдор қилиш жуда қийин. Чунки амалдаги қонунчиликка кўра, шартномада камситувчи ва ноқулай шартлар қўйишни тақиқлаш қоидаси фақат товар бозорида «устун мавқе»ни эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларига нисбатан қўлланилади.

Товарларнинг улуши эллик фоиз ва ундан кўпни, шунингдек, муайян шартлар мавжуд бўлганда, ўттиз беш фоиздан эллик фоизгачани ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳининг мавқеи товар бозорида устун деб ҳисобланади («Рақобат тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддаси).

Бошқача қилиб айтганда, ушбу тақиқ камситувчи шартларни ўрнатувчи томон товар бозорда устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган субъектларга нисбатан қўлланилади. «Устун мавқе»ни суиистеъмол қилганлик учун қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгиланган.

Лекин Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитасининг маълумотларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда ҳеч қайси савдо тармоғи устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилмаган. Бу эса савдо тармоқларини камситувчи ва ноқулай шартларни белгилаганлик учун жавобгарликка тортишга йўл қўймайди.

Шундай қилиб, етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчилар савдо тармоқлари томонидан «юқори мавқе»ни суиистеъмол қилиш ҳолатларидан ҳимояланмаган.

Хориж тажрибаси

Ушбу масала бўйича хорижий давлатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, Aвстрия, Германия, Корея Республикаси, Латвия, Италия, Япония, Франция, Словакия, Россия ва Қозоғистонда чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи ва устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар учун махсус антимонопол қоидалар ўрнатилган, ушбу қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланган.

Баъзи давлатларда (Германия, Латвия, Япония, Корея Республикаси) бундай қоидалар тўғридан-тўғри монополияга қарши қонунлар, бошқа мамлакатларда эса – соҳавий қонунлар билан ўрнатилган («Қишлоқ жойларда маҳаллий етказиб берувчиларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун (Aвстрия), Тижорат кодекси (Франция), «Чакана савдо тармоқларини маъмурий тартибга солиш тўғрисида» ги Қонун (Словакия), «Россия Федерациясида савдо фаолияти асосларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун (Россия), «Савдо фаолиятини тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун (Қозоғистон).

Юқоридаги кўплаб мамлакатларда, МДҲ давлатларидан ташқари, савдо-сотиқ ва шартномавий муносабатларда антимонопол талаблар бузилганлигини аниқлаш мақсадида махсус «юқори мавқени суиистеъмол қилиш» тушунчасидан кенг фойдаланилади. Шу билан бирга, «юқори мавқе»нинг умумий мезонлари сифатида маҳсулот етказиб берувчининг савдо тармоғига қарамлик даражаси, контрагентни алмаштириш имкониятининг чегараланганлиги, савдо объекти ва етказиб берувчи ўртасида узоқ муддатли савдо муносабатларининг мавжудлиги ҳам эътиборга олинади.

МДҲ мамлакатларидан Россия Федерациясининг тажрибаси эътиборга лойиқ. «Россия Федерациясида савдо фаолияти асосларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунда савдо тармоқлари билан савдо тармоқларига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи хўжалик юритувчи субъектлар учун махсус антимонопол қоидалар белгиланган. Ушбу қонун билан шартномада товарларни етказиб берувчиларга нисбатан камситувчи шартлар белгилаш, товар бозорига кириш ёки товар бозоридан чиқиш учун тўсиқлар яратиш, шунингдек, қуйидаги шартларни қўйиш тақиқланган:

● худди шундай фаолият тури билан шуғулланувчи ёки шундай шартларда фаолият олиб борувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан етказиб бериш шартномаларини тузишни тақиқлаш ҳақидаги шартларни;

● яроқлилик муддати ўттиз кундан ортиқ бўлган товарларни етказиб берувчига қайтариш ҳақидаги шартларни (фақат қонунчиликда тўғридан тўғри назарда тутилган ёки рухсат берилган бўлсагина мумкин);

● бошқа камситувчи шартларни қўйиш.

Таклиф: муаммонинг ечими...

Юқорида айтиб ўтилган хорижий давлатларни тартибга солиш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда ҳам қуйидагиларни назарда тутувчи тегишли қонун ҳужжатларини қабул қилиш лозим:

1. Савдо тармоқлари томонидан етказиб берувчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини камситишга, ноқулай шартлар ўрнатишга олиб келадиган ҳаракатларни, шу жумладан, қуйидаги ҳаракатларни тақиқлаш:

● товар бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришига ёки чиқишига тўсиқлар қўйиш;

● шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан молиявий маблағларни, бошқа мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни ўзга шахсга ўтказишга доир асоссиз талабларни, шунингдек рақобатнинг чекланишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатларни содир этиш талабларини мажбуран қабул қилдириш;

● етказиб берувчига бошқа рақобатчи хўжалик юритувчи субъектлар билан ҳамкорликни чеклашга олиб келадиган шартлар қўйиш, сотилмаган товарларни қайтариш ва шартномага бошқа камситувчи шартларни киритиш, етказиб бериш ҳуқуқи ёки ассортиментни ўзгартириш учун қўшимча ҳақ олиш.

2. Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ «устун мавқе»га эга бўлмаган, лекин савдо соҳасида «юқори мавқе»га эга хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан антимонопол қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгилаш.

Р.S. Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни бошлади.

Аъзам Мадаминов, Ҳусайн Ражапов,
Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти

ЎзА.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example