ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9411.30 +15.67
1 EUR = 10421.13 +60.57
1 RUB = 146.51 +3.55
1 GBP = 11764.13 +225.36
1 JPY = 87.09 -0.8
1 AFN = 120.23 0
1 AMD = 19.81 +0.04
1 AED = 2562.57 +4.33


Истеъмолчилар федерацияси таҳлили: Автолизинг ташкилотлари одамларни чув туширмоқда...

Психологларнинг фикрича, инсоннинг тўкин яшаш омиллари сирасига ўз шахсий уйи, оиласи ва фарзандлари борлиги ҳамда шахсий машинага эга экани кирар экан. Албатта, булар нисбий тушунчалар... Бахт ва тўкисликни ҳамма ўз дунёқарашидан келиб чиқиб белгилайди. Аммо бугунги шиддатли замонамизда кўпчилик инсонлар ўзи ва оиласи учун барча шароит ва имкониятларни яратишга интилмоқда. Ҳатто, энг чекка қишлоқларимизда ҳам шаҳардагидан кам бўлмаган шароитларга эга уй ва ўз шахсий автомашинасига эга бўлиш учун юртдошларимиз астойдил меҳнат қилиб, тер тўкишяпти. Яхши яшашга ҳаракат қилган инсон, албатта таҳсинга сазовор. Боиси, халқ тўқ бўлиб, тўкинчиликда ҳаёт кечирса, мамлакат тараққий этади, фарзандларимиз фаровонликда вояга етади.

Ана шундай қулайликлар сафида турувчи автоуловларга эга бўлиш эса осон эмас. Афсуски, орзу-ҳавас билан автосалонга пул тўлаб, кейин машинасини йиллар давомида кутганлар, алданганлар ҳам бор орамизда. Ҳамон бу тизимдаги ўйинларнинг давом этаётгани эса жуда ачинарли...

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига автолизинг «қурбони» бўлганлар кўп бора мурожаат қилади. Бугун шундай ҳолатларга алоҳида тўхталамиз.

АНДИЖОН

Андижон вилоятида яшовчи М.Темиров Республика Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига мурожаат қилар экан, у Фарғона шаҳридаги «Умид савдо файз инвест» масъулияти чекланган жамияти билан 2018 йилда шартнома тузиб, «Damas-3» автомашинасига буюртма берганини маълум қилган.
Шартномага биноан, МЧЖ ҳисоб рақамига 31 250 000 сўм бошланғич тўлов амалга оширилган. Машинани оладиган фурсат келиб, ўтиб кетса ҳамки, автоуловдан дарак бўлмаган.
Федерация томонидан МЧЖ масъул шахсларига тушунтиришлар олиб борилгандан сўнг, 40 кун ичида автомашина учун тўланган пул қайтариб берилишини зиммасига олган «Умид савдо файз инвест» МЧЖ ўз ваъдасида турмади.
Федерация мутасаддилари ҳам бу ишни охирига етказмай қўйишмади. Ваъда бериб бажармайдиганлар автомобиль учун тўланган бошланғич пул маблағини эгасига қайтариб беришга мажбур бўлди.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН

Нукус шаҳри 22-кичик тумани, 9-уй, 33-хонадонда истиқомат қилувчи Ярашев Қамариддин Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091– ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, «QQAVTOTEXXIZMAT» МЧЖ билан «Damas-2» русумли автомобиль олиш учун шартнома имзолагани ва шунга мувофиқ пул ўтказиб берганини маълум қилган. Мурожаатга автосалон ходимлари автомашинани Нукусдан эмас, балки Хоразм вилоятидан олиши кераклигини айтгани сабаб бўлган.

Нукус шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари вазиятни ўрганиб чиқиб, ўша куннинг ўзида истеъмолчига «Damas» автоуловини Нукус шаҳрида топширган.

Қорақалпоғистонда яна бир шундай ҳолат юз берди. Жорий йилнинг 9 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ишонч телефонига Қўнғирот тумани, Қирққиз қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро И.Узақбергенованинг Кегейли туманида жойлашган «KEGEYLI-AGROTEXSERVIS MTP» автосалонга «Cobalt» автомашинасини олиш учун пул ўтказгани ва автосалон ходимлари томонидан автомашина келгани хабар қилган, лекин автомашинани Хоразм вилоятидан олиш керак бўлаётгани борасидаги норозилик мурожаати жўнатилган. Ушбу мурожаат Кегейли тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди ҳамда истеъмолчига 2019 йил 15 январь куни Кегейли туманининг ўзида «Cobalt» автомашинасини олишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Кегейли тумани бўлимига тумандаги Ақтуба овулида яшовчи фуқаро Қ.Юсупов мурожаат қилди.

Мурожаатда таъкидланишича, истеъмолчи 2018 йил 12 июнь куни «Умидсавдо-файз инвест» масъулияти чекланган жамияти билан лизинг асосида оқ рангли «Nexia-3» автомашинасини сотиб олиш учун шартнома тузган ва 2018 йил 12 июнь куни 33 400 272 сўм, шундан 18 826 272 сўмини пластик картадан, 14 574 000 сўм нақд ўтказгани, пул тўлаганига 250 кун бўлган бўлса-да, на автомобилдан ва на пулдан дарак бўлмаган.

Ушбу мурожаат юзасидан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мутахассислари ўрганиш ишларини олиб борди. Унга кўра, ҳақиқатдан лизинг ташкилоти шартнома шартларини бажармагани аниқланди. Ваҳоланки, шартномада пул ўтказилган кундан бошлаб 120 иш кунида автомобилни истеъмолчига топширилиши кўрсатилган.

Мурожаат ўрганиб чиқилгандан сўнг, 10 кун ичида Қ.Юсупов автомобилга тўлаган пулини тўлиқ қайтариб олди.

Қорақалпоғистон Республикасидан мурожаат қилган яна бир юртдошимиз Жавоҳир Абдунабиев «Тўрткўл Автолизинг» МЧЖ корхонаси билан шартнома тузиши орқали «Damas» русумли автомобилини лизинга бериш тўғрисида келишади. Шартномада белгиланган сумма 53 630 000 сўмни аввалдан тўлаб беради. Лекин корхона истеъмолчига на автомашинани етказади ва на тўланган пулни қайтариб беради. Федерация мутахассислари масалани синчковлик билан ўрганиб чиқишди ва истеъмолчи тўлиқ ҳақ экани маълум бўлади. Натижада, «Damas» учун тўланган 53 630 000 сўм эгасига қайтариб берилди. Таассуфки, булар денгиздан бир томчи, холос.

Мазкур ҳудуддаги яна бир ҳолат. Худди шу Тўрткўл туманидаги «Тўрткўл Автолизинг» МЧЖ корхонаси раҳбари А.Раджапбаев томонидан тумандаги Уллибоғ ОФЙ 114 – хонадонида яшовчи Қабулов Жаҳонгир Азамат ўғли билан 2019 йил 8 январь куни тузилган №01/01-сонли «Spark» русумли автомобилини лизинг бериш тўғрисида тузган шартнома шартларини бажара олмагани сабабли, истеъмолчи Қабулов Жаҳонгир тўлаган 19 999 000 (ўн тўққиз миллион тўққиз юз тўқсон тўққиз минг) сўм лизинг асосий тўлови, 3 332 000 (уч миллион уч юз ўттиз икки минг) сўм лизинга хизмат кўрсатиш тўловини – жами 23 331 000 (йигирма уч миллион уч юз ўттиз бир минг) сўмни тўлиқ нақд пулда қайтариб тўлаб берди. Шунингдек, лизинг шартномасининг 6.3-банди бўйича шартнома ўз вақтида бажарилмаганлиги учун лизинг объекти қийматининг 2 фоиз миқдорида 1 334 000 (бир миллион уч юз ўттиз тўрт минг) сўм пеня ҳам тўлади.

Афсуски, киши таъбини хира қиладиган бундай ҳолатлар Қорақалпоғистонда кам эмас. Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шаҳарда истиқомат қилувчи фуқаро Ж. К мурожаат қилди. У ўз мурожаатида Нукусда жойлашган автосалондан «Cobalt» автомашинасини олиш учун шартнома тузгани, шартнома шартларига кўра автомашина кечиктирилаётганидан норозилигини билдирган.

Мурожаат жамият мутахассислари томонидан ўрганилиб, асосли экани исботланди ва истеъмолчига «Cobalt» автомашинаси етказилиб, кечиктирилган 30 кун учун 219 582 сўм (пеня) истеъмолчи фойдасига ундириб берилди.

БУХОРО

Бухоро вилояти Жондор тумани «Самончуқ» МФЙ Мурғак қишлоғида яшовчи Шарипов Бобур Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091–ишонч телефонига мурожаат қилган. Унинг мурожаатига кўра, Ғиждувон «Автотеххизмат» авто салонидан «Cobalt» русумли автомашинасини сотиб олиш учун шартнома тузилган. Келишув шартлари бажарилмаганлиги сабабли Ғиждувон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан мурожаат синчковлик билан ўрганиб чиқилди ҳамда «Cobalt» русумли автомашина эгасига олиб берилди.

Агар автомашина ўз вақтида етказиб берилмаса, корхона томонидан ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,4 фоиз миқдорида пеня тўланиши шартномада белгиланган. Бухоро тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Вобкент туман Кулолчи кўчаси 65-уйда яшовчи Саъдулла Наврўзов мурожаат қилган. У ўз мурожаатида «Ситора-авто савдо» МЧЖ билан «Nexia-3» автомашина сотиб олиш учун белгиланган тўловни амалга ошириб, шартнома тузган. Шартномага асосан, 2019 йил 1 январга қадар автомашина фуқарога етказиб берилиши белгиланган бўлган. Агар ўз вақтида етказиб берилмаса, корхона томонидан ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,4 фоиз миқдорида пеня тўланиши шартномада кўрсатилган. Аммо истеъмолчига шартномада кўрсатилган муддатда автомашина берилмаган.

Мурожаат вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиб, натижасида фуқарога «Nexia-3» автомашинаси олиб берилди, шунингдек, истеъмолчининг аризасига биноан, кечиктирилган муддат бўйича пеня ҳисобланиб, корхона томонидан фуқарога ўн миллион тўққиз юз ўн минг тўрт юз ўн саккиз сўм пеня тўланди.

Бухоро шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Вобкент тумани Янгикент ҚФЙ Ширин қишлоғида яшовчи фуқаро И. Рамазоновнинг оғзаки мурожаати рўйхатга олинган.

Ушбу мурожаатда қайд этилишича истеъмолчи 2018 йил 6 август куни «Умид савдо файз инвест» МЧЖ билан «Nexia-3» русумли автомашинаси харид қилиш учун шартнома тузган ва истеъмолчи шартномада кўрсатилган 34 750 000 сўмни тўлаган. Аммо автомашинани ўз вақтида етказилмаган.

Истеъмолчининг мурожаати жамият ходимлари томонидан ўрганилиб, истеъмолчи ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тушунтирилди ҳамда истеъмолчининг тўлиқ 34 750 000 сўм нақд пули қайтариб берилди.

Олот тумани «Денов» МФЙ Олмазор қишлоғида истиқомат қилувчи Ўткир Азимов яхши ният билан Бухоро шаҳридаги «Умид» автолизинг ташкилотига «Nexia-3» автомашинаси учун шартнома асосида пул тўлайди. Нақд 38 000 000 сўмни ҳеч қандай эътирозларсиз, ўз вақтида топширади ва автоулов келишини кутади. Буни қарангки, вақт ўтиб на автомобилдан дарак бор, на шартномадаги ваъда берилган шартлардан. Натижада истеъмолчи Ўткир Азимов фуқаролик ҳуқуқлари поймол этилганини тушуниб етади ҳамда шартномани бекор қилади. Бироқ «Умид» автолизинг ташкилоти 38 000 000 сўм пулни қайтаришни пайсалга солади. Автомобилни етказиб бермагани учун мижоз корхона раҳбарларидан тўланган пулни қайтаришини сўраб мурожаат қилган, аммо унинг мурожаатлари жавобсиз қолган.

Мурожаат мутахассислар томонидан ўрганилганида, ҳақиқатдан «Ориент Авто Лизинг» корхонаси томонидан истеъмолчи ҳуқуқи бузилганлиги маълум бўлди. Корхона раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг тегишли бандлари талаблари тушунтирилди. Натижада фуқарога 51 184 000 сўм маблағи қайтариб берилди. Kорхона раҳбарларига келгусида бу каби камчиликларга йўл қўйилса, қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиши тушунтирилди.

Яна бир ҳолат. Бухоролик Шохиддин Ахмедов вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза ёзиб, ўзини анчадан буён қийнаётган муаммо юзасидан мурожаат қилди.

Мурожаатга кўра, Шохиддин Ахмедов Бухоро шаҳридаги «Умид авто лизинг» корхонасига «Nexia-3» автомобили учун 2018 йил август ойида 34.750.000 сўм нақд пул тўлаган. Аммо ҳозирга қадар автоуловни ололмаганидан норози бўлган. Жамият бундай муаммоларга ечим топишга доим ҳаракат қилди. Учар тадбиркордан истеъмолчининг 34.750.000 сўм нақд пули олиб берилди ва унинг қонуний ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Биз юқорида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро вилоятларидаги автосалон ва лизинг хизматларида алданган юртдошларимизни мурожаатлари, учраётган муаммолар юзасидан қисқача маълумотлар келтирдик холос. Ваҳоланки бу каби холатлар сони анчагина.

Бинобарин, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси эса уларга қарши қаттиқ курашмоқда. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, алданиб вақт ютқазган инсонларга пеня ундириб бериш учун ҳам чоралар амалга оширилмоқда. Мухтасар айтганда, лизинг хизматларидан фойдаланишда огоҳ бўлинг!

Ўзбекистон Республикаси Истеъмолчилар
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси.

ЎзА.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example