ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9448.53 -6.71
1 EUR = 10553.06 +114.48
1 RUB = 147.70 +0.45
1 GBP = 12255.69 +297.65
1 JPY = 87.15 -0.08
1 AFN = 121.59 +0.45
1 AMD = 19.91 +0.03
1 AED = 2572.57 -1.83


Олтин ва бензиннинг баҳоси ўсди

Жорий йилнинг 9-13 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси товар хомашё биржасида ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра, биржа бозорининг турли товар сегментларида нархлар динамикаси турли йўналишлар бўйича шаклланиб борди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида 3572,3 тонна АИ-91 русумли бензин биржа савдоларига қўйилди ва сотилди. Сўнгги савдо ҳафтасида АИ-91 русумли бензини бўйича шаклланган биржа котировкаси товарнинг бир тоннаси учун 6451,2 минг сўмни, унинг бошланғич нархи эса – 6266,3 минг сўмни ташкил этди. АИ-91 русумли бензиннинг ҳафталик котировкаси аввалги ҳафтага нисбатан жами 0,7% га ўсди.

Ўтган ҳафтада суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчилари биржа савдолари орқали 20,5 млрд сўмлик 5019,0 тонна суюлтирилган газ сотишди. Газнинг биржада шаклланган нархи олдинги ҳафтага нисбатан 3,5% га пасайиб, бир тонна учун 4084,3 минг сўмни ташкил этди.

Қора металл бозорида эса борган сари талаб ўсиб бормоқда. СТ 12-35 ГС арматуранинг нархи 7,3% га кўтарилиб, бир тоннаси учун 5779,3 минг сўмни ташкил этди. Биржа орқали сотилган барча турдаги қора металлнинг ҳажми жами 6769,0 тоннани ташкил қилган.

Шунингдек, ўсиш динамикаси қимматбаҳо металлар бозорида ҳам қайд этилди. Савдо якунларига кўра ЎзРТХБ да 135,9 млн. сўмлик 300 гр Au-1 маркали олтин сотилган. Биржа савдоларида сотувчи сифатида “Олмалиқ КМК” АЖ иштирок этди. Биржа котировкаси сўнгги савдо якунларига нисбатан 14,6% га ошиб, 1 гр олтин учун 453,1 минг сўмни ташкил қилган.

Цемент бозори қурилиш мавсумининг якуний босқичида нархлар тренди пасайишини намоён этмоқда. ПЦ М-400 Д-20 цемент бўйича нархлар аввалги ҳафтага нисбатан 2,5% га пасайиб, 479,6 минг сўмни ташкил қилди. Фаол сотилаётган бошқа маркали цементларнинг нархлар диапазони 376,6-485,0 минг сўмни ташкил этмоқда.

Биржада пахта толаси учун юқори даражадаги талаб сақланмоқда. Ўтган ҳафта 1 нав 4 тип (ўрта класс)даги пахта толаси бўйича нархлар 1,9% га ўсиб, бир тонна учун 13,1 млн сўмни ташкил этди. Пахта толасини бошқа навларининг нархлари ўртача 10,9 млн сўмдан 13,6 млн сўмгача бўлди. Биржа савдоларида асосан пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга маҳаллий тўқимачилик корхоналари иштирок этишди.

Плёнка ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган F-0120 полиэтиленнинг нархи деярли ўзгармади ва 12,7 млн сўмни ташкил этди. Ўтган ҳафтада жами 21,7 минг тонна полиэтилен сотилган. Полимер маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари биржада полиэтилен ва полипропилен сотувчилари ҳисобланади.

Карбамид бозорида мувозанат ҳолат қайд этилмоқда. Карбамиднинг баҳоси ўтган ҳафтада атиги 0,2% га ўсиб, бир тоннаси учун 1780,8 минг сўмни ташкил этди. Ўғитларни фермер хўжаликлари, кластерлар, ишлаб чиқариш ва воситачилик корхоналари харид қилишди.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example