ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 9500.96 +10.19
1 EUR = 10498.56 +43.53
1 RUB = 149.01 +0.19
1 GBP = 12255.29 +135.58
1 JPY = 87.38 +0.52
1 AFN = 122.36 +0.07
1 AMD = 19.94 -0.02
1 AED = 2586.84 +2.77


Халқаро бизнес-форум: Манфаатли ҳамкорлик ва истиқболли лойиҳалар

Термизда "Open South International Business Forum II” халқаро бизнес-форуми бошланди.


Форумда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан салоҳиятли йирик сармоядорлар ва компаниялар, халқаро молиявий ташкилотлар, чет эл давлатларининг мамлакатимиздаги дипломатик корпус ҳамда савдо уйлари вакиллари иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов, Савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов, Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари Ф.Раҳимовлар сўзга чиқиб мамлакатимизда сўнгги йилларда қулай инвестиция муҳити яратилиб, соҳага алоҳида эьтибор қаратилаётгани иқтисодиёт тармоқларига тўғридан-тўғри хориж сармоясини жалб этишга кенг имконият яратганини алоҳида таькидлади. Жумладан, Сурхондарё вилоятида ўтган йили ўтказилган илк бизнес форумда чет эллик иштирокчилар билан қиймати 351 миллион долларлик 47 та инвестиция лойиҳасини руёбга чиқариш бўйича келишувга эришилган. 214 миллион долларга тенг 44 та ташқи савдо шартномаси имзоланган.

2018-2019 йилларда ушбу бизнес-форум доирасида имзоланган меморандумлар асосида вилоятда 100 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Хусусан, Буюк Британия билан ҳамкорликда Жарқўрғон туманида цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича 28,3 миллион доллар, Австрия билан ҳамкорликда Музработ ва Денов туманларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳалари бўйича 25,2 миллион доллар, Туркманистон билан Сариосиё туманида шағал саралаш ва асфалть маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича 3,1 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилди. Россия Федерацияси тадбиркорлари Узун туманида замонавий хизмат кўрсатиш комплексларини қуриш, интенсив ёнғоқ ва бодом боғларини ташкил этиш, қум ва шебен ишлаб чиқариш, Ангор туманида интенсив боғ ташкил этиш, маҳсулот экспорт қилиш, афғонистонлик ишбилармонлар пойафзал ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, Термиз шаҳрида турар ва нотурар жой биноларини қуриш лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Фото: ЎзА

Вилоятда иккинчи марта ўтказилаётган мазкур тадбир ҳам ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, чет давлатларнинг бизнес ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар вакилларини воҳанинг инвестиция, экспорт, туризм салоҳияти ва имкониятлари билан яқиндан таништиришга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Сурхондарё ер ости ва ер усти табиий бойликлари мўл вилоят. Бу хорижий давлатлар сармоядорлари билан тенг шерикликка асосланган истиқболли бизнесни йўлга қўйиб, ҳудуд имкониятларидан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади. Зиёрат, тиббиёт, эко ва бошқа сайёҳлик йўналишларининг ривожланиб бораётгани тоғлар бағридаги шифобахш зилол сувли ҳудудларга туташиб кетган хушманзара табиат масканларида кичик туризм зоналарини ташкил этишда муҳим омил бўлади. Ушбу форум бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилояти билан хорижий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ жорий йилнинг ўтган даврида ўзлаштирилган қиймати 103,7 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициянинг 40 таси саноат, 41 таси қишлоқ хўжалиги, 17 таси хизматлар кўрсатиш соҳасига тегишли лойиҳалардир. Вилоятга тўғридан-тўғри сармоя киритган мамлакатлар қаторида Буюк Британия, Афғонистон Ислом Республикаси, Австрия, Россия, Тожикистон, Хитой каби давлатлар бор. Вилоятда 302 та хорижий сармоя иштирокидаги корхона мавжуд. Бу ҳам воҳа иқтисодиётига инвестиция киритиш ҳажмини кенгайтириш, чет эл капитали иштирокидаги корхоналарни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва хорижлик сармоядорларнинг воҳага бўлган ишончи, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бораётгани самарасидир.

Фото: ЎзА

Икки кун давом этадиган анжуман доирасида хорижлик сармоядорлар, халқаро ташкилотлар вакиллари вилоятдаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд салоҳият ва имкониятларни ўрганади. "B2G" ва "B2B" кооперацион биржа ўтказилади. Сурхондарёлик товар ишлаб чиқарувчиларнинг маҳаллий тайёр маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади. Вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиладиган истиқболли келишувлар имзоланади. Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишилади.

Форумда истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдимотларини ўтказиш, қатор хорижлик ва маҳаллий мутахассислар ҳамда инвесторларнинг маърузалари, тақдимотларини тинглаш режалаштирилган. Форум иштирокчилари вилоятнинг диққатга сазовор жойлари ва миллий ҳунармандчилик анъаналари билан таништирилиб, улар учун ранг-баранг маданий дастурлар ташкил этилади.

Мазкур тадбир маҳаллий ва хорижлик тадбиркорларнинг ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

ЎзА

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example