Мамлакатимиз тижорат банклари нақд пулсиз тўловлар тизимини такомиллаштириш, хавфсиз ва ишончли бўлган пластик карталардан аҳолининг кенг фойдаланиши учун имкониятлар яратиш мақсадида муайян ишларни амалга ошириб келмоқда.
Давлат-тижорат Халқ банки ушбу йўналишда фаол чора-тадбирларни амалга ошираётган молия муассасаларимиз сирасидандир. 2014 йил 1 январь ҳолатига кўра, Халқ банки томонидан 1,5 млн. донадан зиёд пластик карталар муомалага чиқарилган бўлса, шундан «VISA» халқаро карталари сони 5 160 донани ташкил этди. Шу билан бирга, юридик шахсларга 1,5 мингта корпоратив карталар берилган бўлиб, шундан юридик шахс мақомига эга бўлган хусусий тадбиркорларга тегишли карталар сони 2 022 донани ташкил қилди.
Банк томонидан терминал, банкомат ҳамда инфокиоскларни савдо шохобчалари, маиший хизмат пунктлари ва умумий овқатланиш корхоналарига жойлаштириш юзасидан ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, 2014 йил 1 январь ҳолатига келиб, савдо шохобчаларида ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари сони 17 739 тага етди. Шунингдек, коммунал тўловлар ва бошқа хизматлар учун тўловларни нақдсиз қабул қилиш мақсадида банк муассасаларида 1 800 та терминал ишлаб турибди. Бундан ташқари, Халқ банки филиалларида 74 инфокиоск ва 21 банкомат мавжуд.
Ўтган йил бошидан буён Халқ банкининг масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони 10 баробарга ортди ва ҳозирда уларнинг умумий сони 18 223 нафарни ташкил этмоқда. Жисмоний шахслар учун мўлжалланган «SMS-банкинг» ва «Интернет-банкинг» хизматлари мижозлар учун ўз депозит ҳисоб рақамини интернет ва уяли алоқа телефони ёрдамида кечаю кундуз, реал вақт режимида масофадан туриб бошқариш имконини бермоқда.
Бу хизматлар бугунги кунда банкнинг барча минтақавий филиалларида жорий этилган. 2014 йил 1 январь ҳолатига кўра, айнан ушбу хизматлардан фойдаланувчилар сони 8 521 тага етди.
Халқ банкида шунингдек, фуқароларнинг жамғариладиган пенсия таъминоти билан боғлиқ дастурий тизим йўлга қўйилган бўлиб, бу дастур интернет орқали электрон реестрларни қабул қилишга мўлжалланган. Ўтган йил бошидан буён электрон шаклдаги реестрларни тақдим қилувчи корхона ва ташкилотлар сони 5,2 баробарга ўсиб, 81,0 мингтани ташкил этди.
Сирасини айтганда, ДТ Халқ банки мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар кўламидан келиб чиқиб, келгусида ҳам нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш ҳамда аҳолига қулайликлар яратишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишни мақсад қилган.