Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун интерактив давлат хизматларининг ягона порталини яратиш ҳамда интерактив хизматлар истиқболини такомиллаштиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир Президентимизнинг 2014 йил 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2164-сонли Қарори ижроси юзасидан ташкил этилиб, унда ягона давлат интерактив хизматлари порталида молия, солиқ, статистика ва бошқа ҳисоботларни топшириш ҳамда давлат божлари, солиқ, коммунал ва бошқа тўловларни амалга ошириш имкониятини берувчи «Тадбиркорлар кабинети»нинг ишга туширилиши юзасидан соҳа субъектларини бохабар қилиш кўзда тутилди.
– «Тадбиркорлар кабинети» хизматининг йўлга қўйилиши кичик бизнес субъектлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга, хусусан, ҳужжатларни интерактив тарзда расмийлаштириш, давлат ташкилотларидан маълумотларни шу шаклда олиш ва бошқа кўплаб қулайликларни юзага келтиради, – дейди Савдо-саноат палатаси Ҳудудий бошқармалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Жавҳар Ҳайдаров. – Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Савдо-саноат палатаси томонидан яратилган «SMS-to‘lov» миллий электрон тўлов хизмати ҳам ўзида бир қатор янги интерактив хизматларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир. Айни пайтда «SMS-to‘lov» миллий электрон тўлов хизматининг веб-сайти янгиланган бўлиб, фойдаланувчилар учун «Шахсий кабинет» саҳифаси ишга туширилди. Бу, ўз навбатида, тўлов хизматлари кўламини янада кенгайтирди.
Анжуманда иштирокчилар хизмат кўрсатувчи субъектларнинг кенгайтирилган рўйхати ва янгиланган «SMS-to‘lov» электрон тўлов тизими сайтининг имкониятлари билан танишди. Унда, айниқса, тадбиркорлик субъектларининг махсус ахборот порталдаги намунавий таъсис ҳужжатлари ёрдамида рўйхатдан ўтиш жараёнлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш масалаларига бағишланган тақдимотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Тадбиркорлар учун жорий қилинаётган бундай хизматлар мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, соҳа вакилларини ахборот-коммуникация технологияларининг кенг имкониятларидан фойдаланишга жалб қилиш, шунингдек, хўжалик фаолиятини юритувчи субъектлар ўртасида тўловлар ва ўзаро ҳисоб-китоб тизимини тезлаштириш ва шунинг баробарида фаолият самарадорлигини ошириш мақсади илгари сурилган, – дейди Ж.Ҳайдаров.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт, Молия, Адлия вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси вакиллари, шунингдек, коммунал хизмат кўрсатувчилар ва мобиль алоқа операторлари иштирок этиб, унда янги интерактив давлат хизматларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш давлат органларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлигининг замонавий шаклларига ўтишига кўмаклашиши таъкидланди.