Бизнинг технологик давримизда кундалик жараёнлар вақт тежашни, демакки, тезкорлик ва имкониятлар кенглигини талаб қилади.
Банклар ҳам мижозларнинг турли гуруҳлари – банк билан «юзма-юз» ишлашдан тортиб, банкни «телефонида олиб юрадиганлар»гача бўлган мижозларнинг талабларига жавоб берадиган йўналишларни ривожлантириш йўлидан бормоқда.
Шу ўринда қайд этиш керакки, нақдсиз тўловларнинг, технологияларнинг ривожланиши, интернет тармоғи билан қамраб олиниш, турли хил гаджетларнинг тарқалиши банклар билан масофадан туриб муомалага киришиш шаклларининг янада долзарб тус олишига олиб келмоқда. Агар мобиль банкинг, интернет-банкингнинг оёққа туриш уфқида асосий диққат-эътибор хусусий маблағларни назорат қилиш ва бошқаришга қаратилган бўлса, эндиликда маблағлар айланишининг электрон технологиялар соҳаси билан боғлиқлиги тўғрисида кўпроқ гапиришга тўғри келади.
Асосий тренд – ўз маблағларини хизмат кўрсатишнинг масофали каналлари орқали бошқариш функционалини кенгайтиришдан иборат, бунга тўловлар, харидлар, вақтинча бўш маблағларни депозит ҳисоб рақамларига жойлаштириш ва бошқалар киради. Бинобарин, мижознинг банк билан масофали муомалага киришишининг турли каналлари ўртасидаги чегаралар борган сайин камайиб бормоқда.
Масалан, мобиль банкинг интернет-банкинг тизими билан интеграциялашиш йўлидан борган ҳолда у мижознинг ўз ҳисоб рақамидан кенг фойдаланиш усули ва тўловларни авторлаштиришнинг асосий таркибий қисмига айланиб бораётир.
Бугунги кунда қуйидаги статистикани келтириш мумкин: уч йил олдин онлайн-банкингнинг тахминан 88 фоиз фойдаланувчилари аккаунтга стационар компьютерлар ёрдамида киришган бўлса, бугунги кунда деярли 50 фоиз онлайн-банкинг мижозлари мобиль қурилмалардан фойдаланмоқда.
Хўш, бундай хизмат турларининг асосий салмоқли аудиториясини кимлар ташкил этади? Онлайн-банкингнинг энг фаол фойдаланувчилари 25-34 ёшдаги (80-йиллардан кейин ва 90-йилларнинг бошида туғилган) кишилар гуруҳи вакилларидир. Масалан, Буюк Британия бўйича мазкур ёш гуруҳидаги кишиларнинг 75 фоизи мобиль иловалардан молиявий операцияларни амалга ошириш учун фойдаланади ҳамда бор-йўғи 11 фоиз фойдаланувчилар банк офисларига бевосита ташриф буюришни афзал билишади. Кўпгина банкчилар масофали хизмат тизимларини ривожлантиришда айнан мана шу авлодни мўлжалга оладилар, чунки улар юқори даражадаги компьютер ва молия саводхонлигига эгалар ҳамда вақт ва маблағни иқтисод қилишга интилишади.
Таққослаб айтганда, 60-йилларнинг ўрталаридан бошлаб 80-йилларнинг бошигача туғилган авлод вакиллари операцияларни амалга ошириши учун банк муассасаларига шахсан ташриф буюришни афзал билишади. Улар карточкалардан фаол фойдаланишади, ўзига хизмат кўрсатиш терминаллари билан ишлашади, gsm-банкинг афзалликларини қадрлашади, Интернетда ишлаш учун планшет ва смартфонларни қўллашади, лекин молиявий масалаларни ҳал этиш учун банкка шахсан мурожаат қилишни афзал кўришади. Зеро, ҳозирча бу усулдан тамоман воз кечиб бўлмайди, сабаби ҳар бир ҳисоб рақамни очиш, интернет-банкинг хизматига уланиш ва бошқалар кўпинча шахсни аниқлаштиришни, демакки, банк офисига шахсан ташриф буюришни талаб қилаётир.
Шу билан бирга, Generation M, Net Generation ва Internet Generation деган номлар билан машҳур бўлган авлодни ҳам эсдан чиқармаслик керак. Тўқсонинчи йилларнинг бошида ва икки мингинчи йилларда туғилган кишилар интернет, мобиль қурилмалардан фойдаланишда юқори даражадаги фаоллиги билан ажралиб турадилар. Рақамли технологияларга жуда қаттиқ боғланиб қолган ҳолларида мазкур авлод вакиллари «ҳақиқий ҳаёт» гўзаллигини ҳис этиш яшашни, яъни мажбурий тўловлар, харидлар ва бошқаларга вақт тежашни исташлари билан ажралиб турадилар. Улар бугунги куннинг ўзида электрон ҳамёнлардан фаол фойдаланишмоқда, интернет тармоғида харидлар қилишмоқда ва мижозларнинг ушбу сегменти учун хизматларни таклиф этиш банкингнинг истиқболдаги ривожланишини белгилаб бериши кутилаётир.
Албатта, МДҲ мамлакатларида технологиялар ва молиявий дастакларни ривожлантириш билан боғлиқ вазият умумжаҳон статистикасидан бирмунча фарқланади, шунга қарамай, молия соҳасида масофали хизмат кўрсатиш каналларининг ривожлантирилиши тренди тезкор суръатларда ривожланаётир. Салмоқли инвестицияларни талаб қилувчи йўналиш узоқ муддатли истиқболда банкларга одатдаги банк офисларида мижозларга хизмат кўрсатиш харажатларини қисқартириши, мижозларга эса улар учун қулай бўлган вақт ва форматда сифатли хизматдан фойдаланиш имконини беради.