Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида «АКТ соҳасида «NFC» технологияларини ривожлантириш» мавзуида ўзбек-француз бизнес форуми ўтказилди. Тадбир мамлакатимизда электрон тижоратни янада ривожлантириш, хусусан, «NFC» (Near Fied Communication – симсиз коммуникация технологияси)ни татбиқ этиш мақсадида француз тадбиркорлари делегациясининг ташрифи доирасида ташкил қилинди.

Унда тижорат банклари, мобиль алоқа компания­лари, шаҳар йўловчи транспорти ва чакана савдо соҳаси ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Форумда француз мутахассислари тизимнинг ишлаш хусусиятлари ҳақида батафсил тўхталди. Таъкидланишича, MicroSD форматидаги махсус NFC чипи уяли алоқа телефонига ўрнатилиши, унга эга киши ўз мобиль телефонини махсус сенсорли майдонга теккизиб, 4 рақамли паролни киритган ҳолда дўкондаги харидларини тўлаши мумкин. Қурилма маълумотни ўқийди, телефон боғланган пластик картадан ёки фойдаланувчининг ҳисобидан маблағни кўчириб олиб, чекни узатади.

NFC чипи Bluetoothга ўхшаган ҳолда жуда тез ва хавфсиз ишлайди. Тизимнинг хавфсизлиги пароли билан боғлиқ, яъни пластик картадаги каби унда ҳам телефонни тезлик билан блокировка қилиш имконияти мавжуд. NFC – иккита электрон қурилмага қисқа масофаларда (кўпи билан 5 см) жисмоний алоқасиз радиочастоталар ёрдамида ўзаро маълумот алмашиш имконини беради. Тизим ёрдамида телефон соҳиблари шунчаки уни терминалга яқинлаштирган ҳолда йўл ҳақи, дўконлардаги харидларнинг тўловларини амалга ошириши мумкин.

– Бугунги кунда лойиҳа деярли тайёр бўлиб, дастлабки босқичда автобус ва дўконларда махсус терминалларнинг жорий этилиши билан мувофиқлаштирилмоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бизнесни ривожлантириш истиқболлари бўлими бошлиғи Нодир Султон-Муҳаммедов. – Кейинчалик терминалларни деярли ҳамма жойда – кассалар, дорихоналар, автомобилларга ёқилғи қуйиш ва умумий овқатланиш шохобчалари, коммунал хизматларга тўлаш пунктларига ўрнатиш мўлжалланган.

Айтиш жоиз, NFCга эга уяли алоқа телефони бир нечта банк карталарининг ўрнини босади. Хусусан, Оn-line, Visa ёки MasterCard карталари билан эндиликда Ўзбекистонда тўлов амалиётлари сезиларли даражада осонлашади. Ушбу воситалар орқали маблағларни юклаш ва тўлаш оддий усулда амалга оширилиб, бунинг учун иловани юклаб олиш, карта маълумотларини киритиш (банклар рўйхати кейинчалик шакллантирилади) ва тасдиқлашнинг ўзи кифоя. Шундан сўнг телефонни NFCни кўтарадиган исталган терминалга қўйиш мумкин.

Тадбирда мутахассислар NFCга эга уяли алоқа телефони хусусиятларини санаб, у электрон ҳамён, йўл чиптаси, қўниш талони, чегирма учун купонлар ўрнини босувчи, дўконларда маҳсулот ҳақидаги қўшимча маълумотларни олувчи тизим эканлигини қайд этишди. Бундан ташқари, NFC асосида мижоз ўз кредит картасининг виртуал нусхаси ёки электрон ҳамёнга кира олади, бош­қа уяли алоқа телефонига ёки Wi-Fi тармоғига тез ва осон уланади.

Худди шундай гаджет соҳибига пул маблағларини ўтказади, шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўла олади, унинг учун рухсатнома, уй, офис, меҳмонхона номери ёки автомобиль калитининг ўрнини босади.

Тадбир доирасида тижорат банклари билан ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.

 

Pin It
Реклама
Реклама
Реклама
Реклама