POS-терминаллар тармоқларини бошқариш ва мониторинг қилишга қаратилган ишланмаларга ихтисослашган ASHBURN International компанияси Ягона умумреспублика процессинг маркази билан ҳамкорлик келишувини имзолади.
Келишув доирасида мазкур компания томонидан мамлакатимиз бозор шароитига мослаштирилган TransLink.iQ номли дастурий таъминот ўрнатилиши кўзда тутилган. Шунингдек, янги тўлов терминалларини етказиб бериш ва мамлакатимизда фаолият юритаётган банклар томонидан тақдим этилувчи POS-терминаллар учун 250 000 дан зиёд рухсатномаларнинг сотуви ҳам мўлжалланмоқда. Бир неча йил давомида эса TransLink.iQ платформасига йилига 50 000 дан ортиқ POS-терминаллар ўрнатилади.
ASHBURN International компанияси директори Жоржас Шарафановичюснинг таъкидлашича, иккила компаниянинг олдиндаги ҳамкорлик ва стратегик мақсадлари бир-бирига мос келганлиги боис, ушбу шартномани имзолаш жараёни ҳам самарали кечди. Лойиҳани амалга ошириш учун тизимларни интеграция қилиш давомида синов ишлари олиб борилди. Натижада, Ўзбекистон бозор шароити талабларига жавоб берувчи оптимал ечим топилди.
TransLink.iQ дастурий таъминотининг авзалликлари қаторида, унинг турли русумдаги POS-терминаллар билан мувофиқ тарзда ишлаш қобилиятига эгалигидан ташқари, унда бизнес-харажатларни оптималлаштириш, дастурий таъминотларнинг янгиланиши ҳамда POS-терминаллар тармоқларини реал вақтда масофада туриб мониторинг қилиш ва бошқариш имконияти мавжудлиги ҳам муҳим омиллардан ҳисобланади. Платформа криптографик калитларни автоматлаштириш, масофадан эквайринг тармоғида эҳтимолли носозликларни рўйхатдан ўтказиш ва тегишли чораларни кўриш имкониятини беради. TransLink.iQ халқаро тўлов тизимлари, EMV ва PCI хавфсизлик талабларига жавоб беради. Бу эса ўз навбатида, карта эгаларига тегишли маълумотларнинг ҳавфсиз сақланишини таъминлайди.
ASHBURN International компанияси Penki kontinentai ташкилоти гуруҳи аъзоси ҳисобланиб, POS-терминаллар тармоғини мониторинг қилиш ва бошқаришни таъминлаш, транзакциялар бўйича маълумотлар етказиш, транзакциялар жараёнида маълум пул маблағини карта эгасига қайтариш, ижара хизматлари, банк қурилмаларини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиб келади. Компания томонидан тақдим этилувчи дастурий таъминот ва қурилмалари сертификатланган ва VISAInternational, Mastercard Incorporated, American Express, Diners Club International, JCB ва UnionPay International халқаро ташкилотлар томонидан белгиланган EMV стандартлари талабларига жавоб беради.
Бу ҳақда марказ сайти хабар бермоқда.