Жорий йилнинг биринчи ярмида «Ўзбекистон саноат-қурилиш банки» акциядорлик-тижорат банки томонидан 912 398 дона пластик карта муомалага чиқарилди.
Мамлакатимизда пластик карталар орқали тўловларни ўтказиш тизимини янада яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар 2004 йил 24 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 445-сонли қарорга мувофиқ амалга оширилмоқда. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат нақд пулсиз ҳисоб-китоблар механизмини ривожлантириш ҳамда банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириш учун тижорат банклари ва тизимнинг бошқа барча иштирокчиларига кенг имкониятлар яратди. Жумладан, қарорга асосан Ягона умумреспублика процессинг маркази ташкил этилгач, юртимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб савдо ташкилотлари ва хизматлар соҳасида пластик карта эгасига қай бир тижорат банки орқали хизмат кўрсатилишидан қатъи назар банк операцияларини барча савдо шохобчаларида ягона режимда олиб бориш имкони юзага келди.
Бугунги кунда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ мижозлари ҳам пластик карталар асосида барча турдаги тўловларни амалга ошириб, тизимга оид замонавий хизматлардан самарали фойдаланиб келмоқда. Бу, ўз навбатида, муассасанинг ҳукумат миқёсида олиб борилаётган банкдан ташқари нақд пул маблағлари айланишини қисқартириш, уларни банкка жалб қилиш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда фаол иштирок этишини таъминламоқда.
2014 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан «Иш ҳақи» лойиҳаси бўйича ташкилотлар ходимлари ҳамда жисмоний ва юридик шахслар учун 912 398 дона Visa ва Smart-vista пластик карталари муомалага чиқарилди, жойларга 8 607 та ана шундай карталарни қабул қилувчи терминал ўрнатилди. Шундан 7 933 та терминал савдо шохобчаларига, 674 та терминал эса, жамғарма касса ва мини-банкларга жойлаштирилди. Бундан ташқари, барча турдаги тўловларни туну кун амалга оширувчи 14 дона инфокиоск ҳамда аҳолини нақд пул билан таъминловчи 20 дона банкомат ҳам самарали ишлаб турибди.
Ҳисобот даврида банк терминаллари орқали 4 266 119 та транзакция ўтказилган бўлиб, бунда тўловлар миқдори 702,9 млрд. сўмни, жумладан, савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларида ўтказилган тўловлар 605,5 млрд. сўмни (транзакциялар сони 4 151 644 тани) ва карталар орқали берилган нақд пуллар миқдори эса, 97,4 млрд. сўмни (транзакциялар сони 114 475 тани) ташкил қилди.
Шунингдек, ушбу даврда ташкилот ва корхоналар ишчи-ходимларининг пластик карталарига кирим қилинган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар 767,8 млрд. сўмни ташкил этди.