ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11405.84 -14.36
1 EUR = 12225.92 -13.11
1 RUB = 141.04 -1.72
1 GBP = 14159.21 +59.83
1 JPY = 81.35 -0.07
1 AFN = 130.22 -0.16
1 AMD = 29.62 -0.04
1 AED = 3105.40 -4.42


Бугунги кунда замонавий технологиялар жадал суръатда ривожланиб, унга мос равишда глобал техник хизмат кўрсатиш сифати ҳам тобора юксалмоқда. Хусусан, мамлакатимиз тижорат банклари ҳам мижозлар учун қулай ва ишончли электрон ҳисоб-китоблар тизимига асосланган хизмат турларини жорий қилиб, пластик карталар муомаласини кенгайтириш ва такомиллаштириш борасида тизим миқёсида олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол ижрочисига айланмоқда.

 

Чунончи, «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ томонидан ҳам нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш борасида жиддий амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бунда банк муомаладаги пластик карталарнинг сонини кўпайтиришга, электрон тўлов тизимларининг инфратузилмасини ривожлантиришга ҳамда ушбу восита асосидаги хизматлар жозибадорлигини оширишга жид­дий эътибор қаратмоқда. Пировардида, бугунги кунга келиб «Қишлоқ қурилиш банк» пластик карталари умумий сони 335 минг­тадан ошди. 2014 йилнинг 6 ойи  давомида банк пластик карталари ҳисоб рақамларига 334,1 млрд. сўмлик маблағлар ўтказилди, 50 минг донадан ортиқ плас­тик карталар муомалага чиқарилиб, 1 200 та мобиль терминаллар банк филиалларига етказиб берилди. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, бугун банк мижозлари ўртасида муомалада бўлган карталар орасида «On-line» карталарига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Ушбу турдаги тўлов воситалари карта эгаси учун «SMS–to‘lov» тизимига уланган ҳолда қатор қулайликларни бериши билан катта аҳамият касб этмоқда.

Ўз навбатида, банкда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришда «Иш ҳақи» лойиҳаси билан амалга оширилаётган тадбирлар ҳам самарали бўлмоқда. Лойиҳа доирасида муассаса икки мингга яқин мижозлар билан яқиндан иш олиб бор­япти. Бу хўжалик субъектлари ходимларига банк чакана хизматлари бозорининг доимий иштирокчисига айланиш имконини бериш билан бирга нақд пулларни банк айланмасига жалб этиш ва уларни самарали жойлаштиришда қулай шароит яратмоқда.

Терминаллар тармоғининг кенгайиши, улардан самарали фойдаланиш бўйича ташкил этилган тадбирлар натижасида улар орқали ўтказилаётган тўловларнинг бир неча баробарга ошиши кузатилди. Жумладан, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига ўрнатилган терминаллар орқали 2013 йилнинг олти ойи давомида 317,1 млрд. сўмлик транзакциялар амалга оширилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг шу даврига келиб, 575,5 млрд. сўмни ташкил этди. Айни пайт­да банк нақд пул тушумига эга савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини терминаллар билан таъминлаш чораларини изчил давом эттириб, 2500 дона қўшимча мобиль терминал сотиб олиш юзасидан иш олиб бормоқда.

Шунингдек, «Қишлоқ қурилиш банк» янги «Smart-Vista» технологиясига асосланган пластик карталарни муомалага чиқариш бўйича ҳам салмоқли чора-тадбирларни амалга оширишга улгурди. Ҳозирда банк савдо терминалларида ушбу турдаги карталарни тўловга қабул қилишнинг тўла имконияти мавжуд. Уларни жойлаштириш юзасидан ишлаб чиқилган режага асосан плас­тик карталар банк филиалларига етказиб берилмоқда. Бугунга келиб, банкнинг барча филиаллари персонализатор қурилмалари билан таъминланган. Бу пластик карталарни очиш бўйича келиб тушган мурожаатларни энг қисқа вақтда амалга ошириш имконини бермоқда. Бундан ташқари, янги тизимни кенг жорий этиш, ходимлар малакасини ошириш бўйича филиалларда амалий ўқув машғулотлари ташкил этилиб, жойлардаги терминалларда «Smart-Vista» карталарини қабул қилиш бўйича алоқа каналларини созлаш, уларнинг Ягона умумреспублика процессинг маркази маълумотлар базаси билан маълумот алмашинишини таъминлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Маълумки, мамлакатимизда «Банк-мижоз», «Интернет-банкинг», «Мобиль-банкинг», «SMS-банкинг» каби банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимларидан фойдаланувчилар сони тобора ортиб бормоқда. 2014 йилнинг 20 июнь ҳолатига «Қишлоқ қурилиш банк»­да «Интернет-банкинг» тизими жорий қилинган мижозлар сони 1 500 тага, «SMS-банкинг» бўйича эса 12 000 тага етди. Масофадан банк хизматлари кўрсатиш тизимининг янги тури – «SMS-тўлов» тизимини татбиқ этиш бўйича муассаса филиалларида дастлабки синов амалиёти ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, банкнинг жойларда пластик карталар орқали барча турдаги тўловларни туну кун амалга ошириш имконини берувчи 27 та инфокиоск ҳам мижозлар хизматида. Ушбу тўлов тизими орқали ҳисобот даврида 429,3 млн. сўмдан ортиқ транзакциялар ўтказилган.

Сирасини айтганда, «Қишлоқ қурилиш банк» пластик карталари аҳоли учун қулай, самарали ва ишончли тўлов воситасига айланмоқда.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example