Пойтахтимизда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи IFC ҳамда SGS компанияси ҳамкорлигида Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларини жорий этишга бағишланган ўқув-семинар ўтказилди.
Икки кун давом этган ушбу тадбирда мамлакатимиз озиқ-овқат тармоғида фаолият юритувчи корхоналар раҳбарлари озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигининг халқаро эътироф этилган стандартларини жорий этиш масалалари бўйича билим ва кўникмага эга бўлдилар.
Мазкур тадбир IFCнинг агробизнес стандартларини Европа ва Марказий Осиёда жорий этиш дастури доирасидаги тадбирларидан биринчиси бўлиб, у 3 йилга мўлжалланган. Ушбу дастур билан IFC Ўзбекистонда хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлашгача бўлган давр хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини такомиллаштириш ҳамда озиқ-овқат тармоғи корхоналарининг рақобатбардошлигини оширишни кўзда тутган.
Бу, ўз навбатида, Давлатимиз раҳбарининг «2012-2015 йилларда республика озиқ-овқат саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1633-сонли Қарори самарали амалга оширилишига хизмат қилади.
Семинар юзасидан ташкил этилган матбуот-брифингида журналистлар хавфли омиллар ва кескин назорат нуқталарининг дунё тан олган таҳлил тизими (Hazard Analysis and Critical Control Points (HACCP)), озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежментининг самарали тизимларини жорий этишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ҳамда замонавий корхоналар учун ушбу тизимнинг бозор нуқтаи-назарини яхшилаган ва рақобатбардошлигини оширган ҳолда тақдим этаётган афзалликлари билан таништирилди.
– Бугунги кунда НАССР тамойилларига риоя қилиш барча мамлакатлар ишлаб чиқарувчилари учун мажбурий ҳисобланади, – дейди IFCнинг Ўзбекистондаги дастури раҳбари Ольга Шербина. – Шунингдек, Ўзбекистон корхоналари ҳам маҳсулотларини Европа ва бошқа давлатларга экспорт қилмоқчи бўлишса, НАССР тамойилларига асосланган тизимни жорий этишлари ва қўллаб-қувватлашлари лозим бўлади. Зеро, мажбурий қонунчилик талабларидан ташқари замонавий тизимларни татбиқ қилган корхоналар бозорда муваффақиятли ишлаб, рақобатга бардош бера олади.
– Мазкур семинар биз учун ҳар томонлама муҳимдир, – дейди «Агромир» компанияси вакили Наталья Глухова. – Тренингда нафақат хавфсизлик менежменти тизимини жорий этиш ва корхонамиз ишининг самарадорлигини ошириш сирларидан бохабар бўлдик, балки уни амалиётга татбиқ этган корхоналарнинг иш тажрибаси билан яқиндан танишдик.
IFC умумий ўқув тадбирларидан ташқари корхоналарга озиқ-овқат хавфсизлиги менежменти тизимларини яхшилашга оид бошқа хизматлар мажмуини ҳам тақдим этмоқда. Хусусан, корхонанинг у ёки бу стандартини жорий этиш ва сертификациялашга тайёрлигини аудитдан ўтказиш, ходимларни ўқитиш ҳамда тизимни бевосита жорий этиш ва халқаро стандартлар бўйича сертификацияланишини кузатиб бориш шулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоиз, IFCнинг агробизнес стандартларини Европа ва Марказий Осиёда жорий этиш бўйича маслаҳат дастури Австрия Молия вазирлигининг ташқи иқтисодий дастури томонидан молиялаштирилиб, унинг фаолияти Жанубий ҳамда Шарқий Европадаги иқтисодиёти ўтиш босқичида бўлган мамлакатларда ривожланишни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Бугунги кунгача Австрия Молия вазирлигининг кўмаги билан Европа ва Марказий Осиёда 80 дан ортиқ корхонага қарийб 160 млн. АҚШ долларига тенг инвестициялар жалб этилди, савдо амалиётлари 323 млн. АҚШ долларига кўпайтирилди ҳамда корхоналар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, харажатларни камайтириш, шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича янги ечимлар топиш, хатарларни муваффақиятли бошқариш ва бирмунча юқори баҳодаги брендларни шакллантиришга эришилган.
Маълумот.SGS компанияси – инспекция хизматлари, экспертиза, тадқиқотлар ва сертификациялаш соҳасида дунёнинг етакчиларидан ҳисобланади. Бугунги кунда компания сифат ва профессионал этиканинг жаҳон намунаси сифатида эътироф этилади. Ўзбекистонда компаниянинг инспекция фаолияти 18 йиллик тажрибага эга.