ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11405.84 -14.36
1 EUR = 12225.92 -13.11
1 RUB = 141.04 -1.72
1 GBP = 14159.21 +59.83
1 JPY = 81.35 -0.07
1 AFN = 130.22 -0.16
1 AMD = 29.62 -0.04
1 AED = 3105.40 -4.42


  «InfoCom ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги»нинг жорий йилги мавсуми ўз ишини бошлади. 22-26 сентябрь кунларига мўлжалланган ушбу йирик анжуманга 20 дан зиёд мамлакатнинг ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳаси ишлаб чиқарувчилари, компания ва экспертлари ташриф буюриши кўзда тутилган.

  Мамлакатимиз АКТ тизимидаги ушбу энг муҳим тадбир иштирокчи ва ташриф буюрувчиларни ўз номига мувофиқ бир ҳафталик дастурга жалб этади. Чунончи, анжуманнинг дастлабки кунида меҳмонлар пойтахтимиздаги «Ёшлар ижод саройи»да Bеstsoft Uzbеkistan-2014 кўргазмаси билан танишдилар.

  Унда 40 дан ортиқ компания ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Кўргазма майдони 450 кв. метрга тенг бўлиб, унинг экспозициялари «Ишланмаларни тайёрлаш воситалари», «Лойиҳаларни амалга ошириш», «Таълим», «Ахборот хавфсизлиги», «Мультимедиа ва дизайн» мавзулари доирасида намойиш этилди.

  Шунингдек, кўргазмада 15 июлда бошланган миллий Uz домени-2014 интернет фестивалининг натижалари эълон қилиниб, унга кўра ғолиблар 10 та мавзули ва 2 та махсус йўналишлар бўйича тақдирланди.

  Бу йил Ахборот-коммуникация технологиялари бўйича саммит (АКТ Саммит-2014)да иштирок этувчи мутахассис ва экспертлар сони 500 нафарга етди. У «Давлат секторида АКТдан фойдаланиш», «Тадбиркорликда АКТдан фойдаланиш» ҳамда «Интернет ва ахборот ресурслари» каби йўналишларда ташкил этилди. Тадбир якунида мавзу ва йўналишлар бўйича таклиф ва қарорлар қабул қилинди. 

  Ҳафталикнинг ёшлар ўртасида ўтказилган MIT.UZ миллий интернет танловида эса ғолиблар 10 та асосий ҳамда 4 та қўшимча йўналишлар бўйича рағбатлантирилди. Танлов шартларига мувофиқ, унда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари иштирок этишди. Танловга тақдим этилган ишлар нафақат ҳакамлар, балки интернет фойдаланувчилари томонидан ҳам баҳоланди.

  24-26 сентябрь кунлари InfoCom-2014 АКТ ҳафталиги доирасида Тошкент, Урганч ва Гулистон шаҳарларида бир вақтнинг ўзида анъанавий ICTExpo-2014 миллий ахборот технологиялари кўргазмаси бўлиб ўтади. Кўргазма бир қатор лойиҳалар, семинар ва давра суҳбатлари, ҳамда турли акцияларни ўз ичига олган. Уч кун давомида ушбу тадбирга 35 минг нафар кишининг ташрифи кутилмоқда. ICTExpo-2014 кўргазмаси АКТ соҳасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва мустаҳкам тижорат алоқаларини боғлашда янги имконият бўлиб хизмат қилади. Кўргазма ниҳоясида ташкилий қўмита томонидан стенд ва бўлимлари энг яхши деб топилган ғолиблар тақдирланади.

 24 сентабрь куни «Кўргазма савдо маркази» мажмуасида Ўзбекистонда интернет провайдинг ва миллий контентнинг ривожига бағишланган давра суҳбати ўтказилади.

 26 сентабрь куни «Пойтахт» бизнес марказида «Электрон ҳукумат» ҳукумат платформасида ахборот воситалари ривожланишини қонуний тартибга солиш мавзуидаги халқаро семинар бўлиб ўтади. Семинарда ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари, «электрон ҳукумат» тизимини жорий қилиш доирасида ишлаб чиқилаётган ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари комплекси инфратузилмаси ҳамда интеграциясига қўйиладиган талабларга доир таклифлар кўриб чиқилиши белгиланган.

  Компьютер ўйинлари бўйича Ўзбекистон миллий чемпионатининг якуний босқичи 29 сентябрь куни ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур ўйинлар ғолиблари WCG-2014 жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

  Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan CyberGames-2014 компьютер ўйинлари бўйича Ўзбекистон миллий чемпионатига жорий йилнинг 16-17 август кунлари Бухорода старт берилган эди. Ўзбекистон чемпионатининг навбатдаги турнири Самақандда 23-24 август кунлари ўтказилди.

  FIFA-2014 бўйича Ўзбекистон чемпиони эса Францияда бўлиб ўтадиган ESWC-2014 жаҳон кубоги финалида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example