ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 11433.21 +18.16
1 EUR = 12417.61 +20.87
1 RUB = 148.43 +0.02
1 GBP = 14113.15 +8.71
1 JPY = 86.11 -0.61
1 AFN = 131.57 +0.03
1 AMD = 29.28 +0.05
1 AED = 3113.11 +4.86


  Маълумки, жорий йилнинг 22-26 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида «InfoCOM – 2014» ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ҳафталиги доирасида «АКТ-Саммит-2014», кўргазма, семинар, танловлар ўтказилди. 

  Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технология­лари давлат қўмитаси, Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Ўзбекис­тон Ахборот технологиялари корхона ва ташкилотлари уюшмаси ҳамда «ICTNEWS» нашри ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда миллий ва халқаро мутахассис ҳамда экспертлар иштирок этди.

  АКТ ҳафталиги доирасида ўтказилган танловнинг «Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантиришдаги ютуқлари учун» номинацияси бўйича 1-ўрин Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига берилди.

  Бу Марказий банк томонидан ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ҳамда иқтисо­диёт ва ижтимоий соҳанинг барча тармоқларига жорий этиш, 2013-2020 йилларда мамлакатимиз ахборот ресурслари, тизим ва тармоқларини ривожлантириш стратегиясида белгиланган вазифаларнинг жадал амалга оширилаётганига берилган муносиб баҳодир.

  Президентимизнинг 2002 йил 30 майдаги «Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2005 йил 8 июлдаги «Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида тўлов тизимини такомиллаштириш, банк телекоммуникация тармоғини ривожлантириш, банк-ахборот тизимларида ахборотни муҳофаза қилиш ва хавфсизликни таъминлаш, банк пластик карталари асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблардан кенг фойдаланиш, электрон ҳужжат айланиши тизимини татбиқ этиш, интернет тармоғида Марказий банкнинг веб-сайтини яратиш, уни доимий равишда янгилаб бориш, мутахассисларни тайёрлаш ҳамда меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш устувор вазифалар деб белгиланиб, банк тизими инфратузилмаси, ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштириш, янги замонавий ахборот тизимларини яратиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

  Бундай катта кўламдаги вазифаларнинг ижро сифатини таъминлаш учун Марказий банк ва тижорат банкларида Интеграллашган ахборот-таҳлилий тизими (ИАТТ) яратилди. Ушбу тизим банклараро электрон тўлов, Ҳисоб-китоб марказларининг ягона баланс, тижорат банкларининг ягона баланс тизими маълумотлар базаси, шунингдек, Банк депозиторларининг миллий ахборотлар базаси, Кредит ахбороти миллий институти ва бошқа маълумотлар база­ларидан ташкил топган бўлиб, у банклар ва хўжалик субъектлари фаолияти бўйича зарур ахборотлар манбаси ҳисобланади.

  Ҳозирги пайтда маълумотларни унификацияланган ҳолда бошқа давлат идораларига тақдим этиш йўлга қўйилган. Жумладан, Молия вазирлиги, Давлат солиққўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан тегишли электрон маълумотлар алмашинуви амалга оширилади.

  Республикамиз банк тизимида замонавий ахборот технологияларининг татбиққилиниши масофавий банк хизматининг анъанавий банк-мижоз тури билан биргаликда, Интернет-банкинг, Мобиль-банкинг, SMS-банкинг каби технологияларни ҳам жорий этиш, банклар ва мижозлар учун қўшимча қулайликлар яратиш имкониятини берди.

  Банк пластик карталарини қўллаган ҳолда ҳисоб-китоб­лар тизимини ривожлантириш мақсадида Марказий банк, Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва Ягона умумреспублика процессинг маркази томонидан «Uzkart» банклараро тўлов тизими иштирокчилари бўлган тижорат банклари билан биргаликда он-лайн режимида ишлайдиган Smart-vista EMV технологияси жорий қилинди. Бу борада тижорат банклари томонидан он-лайн банк карталари ва терминаллар муомалага чиқарилиб, савдо ташкилотларига кенг татбиққилинмоқда.

  2014 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимларидан фойдаланувчилар сони 415 278 та бўлиб, уларнинг 58 428 таси интернет-банкинг ва «Банк-мижоз» дастурий мажмуаси хизматларидан фойдаланмоқда. Мобиль-банкинг ва SMS-банкинг хизматларидан фойдаланувчилар сони эса 356 850 нафарни ташкил этади. Жорий йил бошидан буён банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимларидан фойдаланувчилар сони 157 фоиз ошиши таъминланди.

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан «Элек­трон ҳукумат» тизимининг ахборот тизимлари таркибига киритилган Марказий банкнинг «Чакана тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш клиринг тизимини яратиш ва хизмат кўрсатувчиларнинг биллинг тизими билан интеграллаш» лойиҳаси амалга оширилди ва жорий йил биринчи чорагида амалиётга татбиқ этилди. Натижада юридик ва жисмоний шахслар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси, газ учун ҳамда солиқ тўловларини тизим орқали ўтказилиши таъминланди.

  Мазкур тизим нақд пул муомаласини тартибга солиш, пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш ҳамда аҳолига коммунал ва бошқа хизматлар учун чакана тўловларни амалга ошириш бўйича қўшимча қулайликлар яратди.

  Масалан, замонавий банк ахборот-коммуникация ин­фратузилмаси тўлақонли шаклланиши тижорат банклари ўртасидаги вакиллик ҳисобварақлари доирасидаги ҳисоб-китобларни оптималлаштириш ва жадаллаштириш; маблағларни тўловчи ва олувчилар ўртасидаги ҳисоб-китобларнинг реал вақт режимида узлуксиз амалга оширилиши орқали тўловларнинг аниқлик ва ишончлилик, шаффофлик даражасини ошириш; тижорат банклари учун тизим харажатларини камайиши ҳамда вакиллик ҳисобварақларидаги бўш пул маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, банк хизматларининг ликвидли­ги оширилиши; жисмоний шахс­лар ўртасидаги пул ўтказмаларини, электрон тижорат доирасида товарлар ва xизматлар учун тўловларни бошқа депозит ҳисобварақлари орқали реал вақт режимида амалга ошириш каби қатор имкониятлар яратилди.

  Айни пайтда Клиринг тизими хизматлари доирасини кенгайтириш мақсадида мобиль алоқа операторлари ва коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналарни («Сувсоз», «Иссиқлик қуввати», «Махсустранс» ва бошқалар) мазкур тизимга улаш бўйича техник ва ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

  Энг муҳими, ҳозирги кунда коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар хизматлари бўйича аҳоли томонидан амалга оширилган тўловлар реал вақт режимида маблағлар олувчининг ҳисобварақларига ўтказилмоқда. Коммунал хизматлар учун тўланган маблағларнинг суммаси, вақти ва тўлиқ реквизитлари электрон журналларда қайд этиб борилади. Маблағларни тўловчилар учун интернет тармоғи ёки мобиль телефонларига sms-хабарнома келиши орқали ўз шахсий кабинетларидан ҳар бир тўлов тарихини реал вақт режимида назорат қилиш имконияти яратилди.

  Ҳозирги кунда ушбу ахборот тизимини такомиллаштириш ва амал қилиш доирасини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.

  Мамлакатимизда «Гаров реестри тўғрисида»ги Қонуннинг кучга кириши билан Марказий банк мутахассислари томонидан «Гаров реестри» дастурий комплекси ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда интернет тармоғида «Гаров реестри» давлат унитар корхонасининг www.garov.uz домени жойлаштирилди. Гаров реестрида гаров маълумотлари электрон шаклда ҳисобга олинади ва юритилади. Гаров маълумотларини киритиш, ўзгартириш ва олиш телекоммуникация тармоғи орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади. Маълумотларини қайд этиш ва олишнинг оддий тартиби, гаров айланмаси узлуксиз ва кечаю кундуз кириш реал вақт режимида тегишли дастурий таъминот орқали таъминланади. Натижада кредитлар, заёмлар ва бошқа молиявий операцияларни расмийлаштириш жараёнлари янада такомиллаштирилди, гаров мулкига асосан молия­вий хизматлар кўрсатувчи кредиторлар таваккалчиликлари камайтирилди ва гаров айланмасини кенгайтириш ҳисобига кичик бизнес субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди.

  Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонунининг янги таҳрирдаги лойи­ҳаси ҳам Марказий банк мутахассислари томонидан ишлаб чиқилиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан кенг муҳокама этилиб, парламентга тақдим этилди.

  Ишлаб чиқиладиган янги дастур савдо операцияларини амалга ошириш бўйича транзакцион харажатларни анча камайтиради ва элек­трон тижорат субъектларининг бир-биридан географик узоқлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этади; сотувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри тезкор равишда шартномавий муносабатларни ўрнатиш учун шароит яратилади, шу жумладан, бозорда янги иштирокчилар пайдо бўлади (бундай шароитда кичик бизнес субъектлари ҳам халқаро бозорда самарали рақобат қилишлари мумкин); ахборот тармоқлари воситасида электрон савдо қилишда операцияларнинг шаффофлиги ошади, бу эса сотувчилар ва харидорларга қисқа фурсатда нархлар, сифат ва товарни етказиб бериш билан боғлиқ бош­қа рақобатчилар таклиф этган маълумотларни олиш имконини беради.

  Янги технология тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашда қўшимча шароитлар, шу жумладан, халқаро стандартларга жавоб берадиган бозор инфратузилмаси яратилишини таъминлайди ва электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни янада пухталаштиради.

  Мамлакатимизда давлат органлари ва хўжалик субъ­ектлари, шунингдек, аҳолининг кундалик фаолиятида ахборот технологияларини кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Бинобарин, мамлакатимизда яратилаётган «электрон ҳукумат» давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини ташкил этишнинг янги шакли бўлиб, АКТни фаол қўллаш асосида давлат хизматларини тезкор ва қулай тақдим этиш самарадорлигини оширишга қаратилган.

  Марказий банк Интерактив давлат хизматлари ягона порталига биринчилардан бўлиб уланган эди. Натижада Марказий банкнинг давлат идоралари ва бизнес ҳамда аҳоли билан ҳамкорлиги самарадорлиги ошди, ўзаро муносабатларни шаффофлаштирди ва анча қулайлик туғдирди. Бу айниқса, юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифатини оширди, ахборот бериш жараёнлари ва уларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартирди, ортиқча қоғозбозликка барҳам берди. Марказий банк фаолияти ҳақидаги ахборотларнинг очиқлиги оширилди, қабул қилинажак қарорларда аҳоли ва бизнес вакилларининг фикрларини бевосита билиш, эътиборга олиш ва бошқа имкониятлар пайдо бўлди.

  «Электрон ҳукумат»ни шакл­лантириш ва веб-сайтни такомиллаштириш эволюцион жараён бўлиб, мунтазам такомиллаштириб боришни тақозо этади. Шу боис, Ягона портал ва Марказий банкнинг расмий веб-сайтлари орқали кўрсатилаётган интерактив хизматлар сонини ошириб бориш, маълумотлар базасини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.

  Марказий банкда АКТ соҳасида инновацияларни жорий этиш ва ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларнинг эътироф этилиши мамлакатимизда банклар­­аро тўлов ва ўзаро ҳисоб-китоб­лар тизимининг реал вақт режимида, хавфсиз ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, янги банк технологиялари ва хизматларини ишлаб чиқиш, банк-молия, умуман, иқтисодиётнинг турли соҳаларида электрон ҳужжат алмашиш тизимини такомиллаштириш борасидаги изланишларга янги куч ва илҳом беради.

 

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари
Highcharts Example