қонунчилик базасини янада такомиллаштириш орқали мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда қуйи палатанинг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамкорлигида электрон тижоратнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришнинг долзарб вазифаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир электрон тижоратни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама этиш, мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш ва амалдаги қонунчиликни, авваламбор, янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган тегишли тавсиялар ва таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Давра суҳбатида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Б.Ёқубов, қуйи палатанинг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев, Марказий банк раисининг ўринбосари А.Ҳайдаров ва бошқалар мамлакатимизда ахборотлаштириш соҳасида самарали қонунчилик базасини яратиш, замонавий телекоммуникация инфратузилмасини шакллантириш борасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич ва тизимли равишда амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтдилар.
Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Электрон рақамли имзо тўғрисида», «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида», «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунлари, Президентимизнинг соҳага оид фармон ва қарорларига мувофиқ давлат ва жамият қурилиши, айниқса, иқтисодиёт ва бизнес соҳаларини ахборотлаштириш жадаллашиб, электрон тижорат ва электрон тўловларнинг замонавий тизимлари фаол ривожлантирилмоқда.
Давлат ва жамият қурилиши, айниқса, иқтисодиёт ва бизнес соҳасига ахборот технологияларини татбиқ этиш жараёнлари жадаллик билан олиб борилмоқда, электрон тижорат ва электрон тўловларнинг замонавий тизимлари жорий қилинмоқда, интернет тармоғи миллий сегменти тараққий этмоқда.
Хусусан, 2013 йилда электрон савдоларда амалга оширилган давлат харидлари ҳажми 417 млрд. сўмни ташкил этди, савдолар якунлари бўйича бюджет маблағларининг тежалиши эса 83 млрд. сўмга тенг бўлди. Бунда давлат харидлари доирасида етказилган товарлар ва хизматларнинг 83 фоиздан ортиғи кичик бизнес субъектлари улушига тўғри келди.
– Давра суҳбатида иштирокчилар жаҳондаги ривожланган мамлакатларнинг мазкур соҳадаги тажрибасини муҳокама этишга алоҳида эътибор қаратдилар, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Фахриддин Солиев. – Хусусан, Корея Республикаси, Сингапур, Канада ва бошқа мамлакатлардаги электрон тижорат соҳасидаги қонунчилик ҳамда тегишли халқаро ташкилотлар ҳужжатлари муҳокама этилди. Янги таҳрирдаги қонун билан анъанавий сотув усуллари электрон тижорат шаклларига ўзгартирилмоқда. Аҳамиятлиси, қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар электрон тижорат бўйича халқаро ташкилотларнинг Актларида белгиланган қоида ва тавсияларга тўлиқ мос келади. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, электрон тижорат давлат ва жамият бошқарувида ахборот-коммуникация технологияларининг қай даражада тараққий этганига бевосита боғлиқ. Бугунги кунда мамлакатдаги ахборотлаштириш даражаси 100 фоизга тенг бўлса, компьютер билан таъминланганлик даражаси ҳар 100 кишига – 28,8 фоизни, давлат идоралари – 99,7 фоизни, бизнес-тузилмалар – 83,4 фоизни, шаҳар ва қишлоқларнинг интернет билан қамраб олинганлик даражаси – 20,2 фоизни, интернетдан умумий фойдаланувчилар сони 10 млн. нафардан зиёдни ташкил этмоқда.
Умуман олганда, дунёдаги етакчи таҳлилий марказлар маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунё аҳолисининг қарийб 10 фоизи интернет тармоғи орқали харидларни амалга оширмоқда ва бу рақам барқарор ўсиш динамикасига эга. Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси фаолияти мисолида олиб қарайдиган бўлсак, биржада электрон савдоларнинг татбиқ этилиши интернет орқали реал вақт режимида ўтадиган 100 дан зиёд савдо майдончалари фаолиятига замин ҳозирламоқда.
Муҳокамалар жараёнида қайд этилганидек, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида электрон тижорат субъектлари учун ҳужжатларда электрон рақамли имзодан фойдаланиш бўйича қатъий талаб бекор қилиниши ҳамда электрон рақамли имзонинг бир марталик идентификаторидан ёки шахсий имзонинг аналогидан фойдаланишга рухсат берилиши, электрон битимларни расмийлаштиришни соддалаштириш ва интернет тармоғи орқали банк карталаридан фойдаланган ҳолда тўлов механизмини жорий этиш имконини беради.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси билан электрон тижорат соҳасида махсус ваколатли орган, унинг ваколатлари ҳамда электрон тижорат субъектларига электрон битимларни амалга ошириш бўйича хизмат кўрсатувчи ахборот воситачилари таркиби (телекоммуникация тармоғи операторлари, тўлов агентлари, электрон савдони ташкил этишни амалга оширувчи ва электрон ҳужжатларни депозитар сақлаш бўйича хизмат кўрсатувчи шахслар) кенгайтирилиб, уларнинг ҳуқуқ ва вазифалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари қонун лойиҳасида соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналишларини, электрон тижорат иштирокчилари, ахборот воситачиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ қилиб белгилаб беришни, электрон тижоратда ахборотни ҳимоя қилишга доир талабларни белгилаш ҳамда электрон тижорат иштирокчиларига, айнан ушбу тизим орқали экспорт қилувчи кичик бизнес субъектларига солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда енгиликларини бериш юзасидан ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Бир сўз айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ҳамда республикада электрон тижорат янада кенг жорий этилиши савдо операцияларини амалга ошириш бўйича харажатлар (транзакцион харажатлар)ни камайишига, электрон тижорат субъектларининг бир-биридан географик узоқлиги билан боғлиқ муаммолар ҳал этилишига, сотувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри тезкор равишда шартномавий муносабатларни ўрнатиш учун шароит яратишга, шу жумладан, бозорда янги иштирокчиларнинг пайдо бўлишига (бундай шароитда кичик бизнес субъектлари халқаро бозорда ҳам самарали рақобат қилишлари мумкин) олиб келади. Шу билан бирга, қонун лойиҳаси тадбиркорликнинг ривожланишига ва ишбилармонлик муҳити яхшиланишига, халқаро стандартларга жавоб берадиган технологик бозор инфратузилмасини шакллантиришга қўшимча шароит яратади.