Тошкент молия институтининг «Кредит-иқтисод» факультетида «Алоқабанк» акциядорлик-тижорат банки ва «Фидо-бизнес» МЧЖ билан ҳамкорликда «ИАБС операцион тизимида банк амалиётларини расмийлаштириш ва ҳисобини юритиш» мавзуида семинар ташкил этилди.
Тадбир Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 26 ноябрдаги «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги 1438-сонли Қарори ҳамда мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилиб, унда талабаларни «Банкларда бухгалтерия ҳисоби» ва «Банк иши» фанлари бўйича ўқитиш жараёнида ИАБС операцион дастуридан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
– Маълумки, бугунги кунда банклардаги барча амалиётлар ахборот-коммуникация технологиялари асосида автоматлаштирилган, – дейди «Кредит-иқтисод» факультети декани Одилжон Сатторов. – Уни қамраб олган дастурий маҳсулотлар эса, йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Ўқув жараёнига ИАБС операцион дастуридан фойдаланишни жорий қилиш бир томондан факультетда ўқув тизими сифатини ошириш, талабаларнинг даврий амалиёт босқичини қисқартириш имконини берса, иккинчи томондан, уларнинг келажакда мустақил фаолиятларида амалиётга тезда мослашишлари ва банк операцияларини сифатли бажаришларига замин яратади. Машғулот 3-4-босқич талабалари учун ташкил қилинади. Бунда талабалар 2-босқич амалиёт даврида бевосита тижорат банкларида гувоҳи бўлган амалиётларни ўзлари бажаришга муваффақ бўлади.
Шу ўринда таъкидлашим жоиз, факультетимизда имитацион банк ўқув маркази фаолияти бир неча йил олдин ишга туширилган. Мазкур ташаббус эса, бу борадаги ишларимизни янада мукаммаллаштиради. Бундай амалий ўқитиш келажакда ҳам давом эттирилиб, талабалар ўз билим ва кўникмаларини АИСБТ, Globus, NCI каби дастурлар доирасида ҳам бойитишади.
Семинарда тижорат банклари ходимлари, дастурлаш тизимида фаолият юритувчи мутахассислар, олийгоҳ профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди. Унда талабалар «Фидо-бизнес» компанияси томонидан ташкил этилган тақдимот асосида ИАБС операцион тизимида мижозларга ҳисобварақлар очиш ва уларга хизмат кўрсатиш амалиётлари ҳисоби, банк операцион тизимида касса амалиётлари ва уларнинг ҳисобини юритиш тартиби, кредит операцияларини расмийлаштириш ҳамда муаммоли автивлар бўйича захираларни ташкил этиш ҳамда чет эл валютасидаги операцияларнинг расмийлаштирилиши ва улар ҳисобини юритиш каби амалий жараёнлар билан яқиндан танишди.
– Бугунги кунда банк тизими олдига қўйилган асосий талаблардан бири мижозларга тез ва сифатли хизмат кўрсатишни ташкил қилишдан иборат, – дейди «Алоқабанк» АТБ вакили Камолиддин Муродов. – Бу борада эса, банк ходимларининг ахборот-коммуникация технологиялари ва улар асосида яратилаётган дастурий маҳсулотларни ўз вақтида ўзлаштириши муҳим ҳисобланади. Шу жиҳатдан, тадбир ҳам олийгоҳ талабалари, тижорат банклари фаолияти учун долзарб аҳамият касб этади.