Жорий йилнинг 14 март куни оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Ўзсаноатқурилишбанк томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг амалий натижалари билан таништириш мақсадида пойтахтимиздаги “Toshkent metallurgiya zavodi” қўшма корхонасига пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар банк кўмагида ишга туширилган янги линия иши билан яқиндан таништирилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда йилига 4 миллион тонна металл қўлланилмоқда. 2026 йилга бориб эса, бу кўрсаткич 6 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Бинобарин, металлга кетадиган харажатлар улуши уй-жой қурилиши таннархида 15 фоизни, машинасозликда 40 фоизни ташкил қилмоқда.
Ўзсаноатқурилишбанк тизимида металлургия саноатини жадал ривожлантириш бўйича белгиланган устувор вазифаларга мувофиқ ушбу йўналишдаги лойиҳалар муваффақиятли молиялаштириб келинмоқда.
“Toshkent metallurgiya zavodi”да амалга оширилган “рух ва полимер қопламали пўлат маҳсулотлар ишлаб чиқариш” лойиҳаси шулар жумласидандир.
Қайд этиш жоиз, “Toshkent metallurgiya zavodi” мамлакатимиздаги энг йирик, замонавий саноат корхоналаридан ҳисобланади. 49,7 гектар майдонга эга завод қурилиши лойиҳаси Россиянинг “Метпром” гуруҳи томонидан амалга оширилди. Банк кредити ҳисобига Италиянинг илғор технологик ускуналари билан жиҳозланди. Ҳозирда бу ерда йилига 500 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.
– Ишлаб чиқариш жараёни тўрт босқичдан иборат, – дейди корхона бош директори З. Тўйчиев. – Биринчи босқичда ёйилган металл юзаси турли занг ва чиқиндилардан тозаланади, иккинчи босқичда эса прокатнинг қалинлиги меъёрий ҳолатга келтирилади. Шундан сўнг, коррозиядан ҳимоялаш мақсадида маҳсулот юзаси рух билан қопланади. Рухланган металлпрокат кимёвий тозаланади ва кўп қатламли полимер қоплама суртиш ишлари амалга оширилади. Қоплама нафақат коррозия, намлик ва қуёшдан ҳимояловчи қатлам, балки декоратив қатлам ҳам бўлиб, турли хил ранг ва текстуралар билан безатилган.
Пресс-тур давомида лойиҳа муаллифлари заводдаги ишлаб чиқариш жараёнлари экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган халқаро меъёрларга тўлиқ мос келишини таъкидлади.
Маълум қилинишича, корхонада деярли ҳеч қандай чиқинди ҳосил бўлмайди. Ишлаб чиқаришда ишлатиладиган сув махсус фильтрлар ёрдамида тозаланиб, технологик жараёнга қайтарилади. Замонавий линия ҳавога чиқувчи чиқиндиларни ҳам минималлаштирмоқда.
Завод ҳудудида, шунингдек, сифат бошқаруви тизими ҳамда марказий лаборатория ҳам фаолият юритади. 900 дан зиёд иш ўрни яратилган.
“Toshkent metallurgiya zavodi” маҳсулотларини қурилиш саноатида, хусусан, металл кошинлар, ҳаво қувурлари, сендвич панеллар, енгил пўлатдан ясалган юпқа деворли конструкциялар ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилмоқда.
Заводнинг ишга туширилиши натижасида йилига 350-400 млн. АҚШ доллари миқдорида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Finance.uz