ВАЛЮТАЛАР КУРСЛАРИ
cbu.uz
1 USD = 12708.86 +21.16
1 EUR = 13817.07 +26.81
1 RUB = 140.54 +0.51
1 GBP = 16168.21 +48.49
1 JPY = 81.41 -0.07
1 AFN = 176.86 +0.3
1 AMD = 32.76 +0.03
1 AED = 3460.08 +5.86


Асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди

2023 йил 27 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Марказий банк Раиси М.Б. Нурмуратовнинг 2023 йил 27 июлдаги Марказий банк бошқаруви йиғилиши натижалари юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманидаги маърузаси

Бугун Марказий банк бошқарувининг таянч йиғилишида жорий ва кутилаётган макроиқтисодий шароитлар, пул-кредит соҳасидаги вазият батафсил кўриб чиқилди ва макроиқтисодий прогнозлар янгиланди.

Муҳокамалардан келиб чиқиб, асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Ушбу қарорга келиниши бир қатор омиллар билан изоҳланади:

Биринчидан, инфляция даражаси пасаётган бўлса-да, фундаментал талаб омилларининг босимлари сақланиб қолмоқда.

Жорий йил иккинчи чорагида умумий инфляция динамикаси секинлашишда давом этиб, июнь ойи якунида 9 фоизгача пасайди ва бу ҳолатни:

–       қишлоқ хўжалигидаги мавсумий омиллар,

–       ўтган йилги юқори база эффекти таъсирларини чиқиб кетиши,

–       импорт нархлари барқарор сақланганлиги;

–       йил бошидан шаклланаётган монетар шароитлар ҳамда

–       тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Айни пайтда, хизматларга бўлган юқори талабнинг сақланиб қолаётганлиги ва ушбу соҳада нархлар мослашувининг давом этаётганлиги ҳисобига ўтган 6 ой давомида хизматлар инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилмади, (8,4 фоиздан 8,0 фоизга) 0,4 фоиз бандга пасайди.

Базавий инфляция ҳам кутилганидан кўра секинроқ пасайиб, июнь ойида 11,3 фоизни ташкил этди.

Натижада, базавий инфляция ва умумий инфляция ўртасидаги тафовут сақланиб қолмоқда.

Яна бир муҳим кўрсаткич, ўртача йиллик инфляция ҳам жорий инфляциядан юқори даражада 11,7 фоиз доирасида шаклланган.

Мазкур ҳолатлар истеъмол бозорларидаги талаб ва таклифнинг тўлиқ мувозанатлашмаганлиги, истеъмол саватида нархлари 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматлар улушининг юқорилигида ҳам намоён бўлмоқда.

Иккинчидан, ялпи талаб ва инфляцион кутилмаларни нархларга оширувчи таъсири сақланиб қолмоқда.

Иқтисодиётда меҳнат ҳақларининг реал ҳисобда кенг қамровли ўсиши кузатилди (2023 йил I ярмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,5 фоиз). Аҳоли даромадларининг кўпайиши уй-жой, мебель, автомобиль, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ва хизматлар соҳасига бўлган талабни оширмоқда.

Аҳолининг реал даромадларининг ўсишини барча соҳаларда кузатилаётганлиги, бир томондан, иш ҳақи харажатлари орқали ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш таннарх харажатларини ошишига олиб келса, иккинчи томондан, истеъмол талабини рағбатлантирувчи асосий драйверлардан бўлмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳам ҳамон инфляция даражасидан юқори шаклланмоқда ва июнь ойида 13-13,5 фоизни ташкил қилди. Аҳолининг валюта курси ўзгариши, иш ҳақи ва нафақалар ошишининг нархларга таъсирини кўчайиши борасидаги кутилмалари ортган.

Истеъмол талабини ошишига чакана кредитларнинг сезиларли даражада ўсиш динамикаси ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг 6 ойида банклар томонидан 116 трлн. сўмлик, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга кўп кредитлар ажратилган. Ушбу ўсишни асосан аҳолига ажратилаётган чакана кредитлар қўллаб-қувватламоқда. Июнь ойи якунлари бўйича аҳолига ажратилган кредитлар (46 трлн. сўм) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробарга ўсди. Бунда, аҳолининг автокредитлар, микроқарз, микрокредит ҳамда ипотека кредитларига талаби юқори бўлди.

Ушбу ҳолат, уй-хўжаликлари ўртасида ўтказилган сўровларда ҳам қайд этилди. Респондентларнинг аксарияти келгусида уй-жой, мебеллар, маиший техника ҳамда автомобиллар хариди учун кредитлар олишини ва харажатлари кўпайишини маълум қилган.

Чакана кредитларга бўлган талабнинг ортиб боришига аҳолининг келгусидаги даромадлари ўсиши бўйича ишончларининг ошаётганлиги асосий сабаблардан бўлмоқда.

Ажратилаётган кредитлар асосан, истеъмолни қўллаб-қувватловчи хусусиятга эга эканлиги келгусида талаб инфляциясининг узоқроқ муддат сақланиб қолиши бўйича сигналлар бермоқда.

Ушбу сегментда «иқтисодий қизиш»ни олдини олиш учун макропруденциал талаблар кучайтирилди ва чакана кредитларнинг йиллик ўсиш суръатлари июнь ойида ўтган ойлардаги кўрсаткичларга нисбатан бироз секинлашди.

Айни пайтда корпоратив секторга ажратилган кредит ҳажми 2023 йилнинг дастлабки 6 ойида (70 трлн. сўм) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ўсган бўлса, банклар кредит портфелидаги қолдиғининг йиллик ўсиши номинал ЯИМ ўсишига мос келади.

Бундан ташқари, кредитлар қолдиғининг секин ўсаётганлиги ушбу даврда қайтувчанлик даражасининг яхшилангани билан ҳам изоҳланади (82 фоиздан 90 фоизга).

Жорий йилнинг I ярмида фискал харажатларнинг кутилганидан кўпроқ бўлиши ҳам юқори талабни қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги рағбатлантирувчи фискал сиёсатнинг таъсирлари давом этаётган бир шароитда жорий йилда ҳам харажатларнинг кутилганидан кўпроқ бўлиши иқтисодиётда ялпи истеъмол талабини рағбатлантирувчи асосий драйверлардан бўлиб, 2023 йил якунига қадар инфляцияни прогноз кўрсаткичларининг юқори чегараларида шаклланишига олиб келиши мумкин.

Умуман олганда, истеъмол бозорларида таклиф омилларининг барқарорлашишига қарамасдан иқтисодиётда шаклланаётган инфляцион вазият асосан юқори талаб эвазига ҳосил бўлаётганлиги борасида хулоса қилиш мумкин.

Учинчидан, ички ва ташқи иқтисодий шароитларлардаги ижобий тенденциялар таъсирида иқтисодий фаоллик сақланиб қолмоқда.

Иқтисодий ўсиш суръатлари жорий йил биринчи ярим йиллигида 5,6 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос давридан юқори даражада шаклланди.

Биринчи чоракдаги айрим пасайишлардан кейин иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар (+24,4 фоизга), кўчмас мулк бозорида уй-жой олди-сотди битимлар сони (+5,3 фоизга), банклараро транзакциялар ҳажми (+38 фоизга), чакана савдо айланмаси ҳажмлари (+6,9 фоизга) ўзгаришларида ҳам ўз аксини топди.

I ярим йилликда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,0 фоизга ошди.

Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш физик ҳажмида сўнгги 5 йилликдаги энг юқори ўсиш кўрсаткичи кузатилиб, 6,4 фоизни ташкил қилди.

Шу билан бирга, юқори инвестицион фаоллик сақланган ҳолда асосий капиталга инвестициялар 7,9 фоизга, шу жумладан, марказлашмаган инвестициялар ҳажми 8,7 фоизга кўпайди.

Импорт динамикасида ҳам юқори ўсиш суръатлари кузатилиб (ўтган йилнинг мос дарига нисбатан 17 фоизлик ўсиш), бу бир томондан, ички иқтисодий фаолликни ошаётганлигини кўрсатса, иккинчи томондан, импорт ва инвестиция мақсадлари учун валюта маблағларига бўлган эҳтиёжни оширади.

Трансчегаравий пул ўтказмалар ҳажми ўзининг фундаментал тренди доирасида ўсиб бормоқда. Йил бошидан 5,2 млрд. АҚШ долларилик ўтказмалар келиб тушди.

Глобал иқтисодий вазият борасида тўхталиб, жаҳонда иқтисодий фаоллик кутилганидан кўра тезроқ ошишига қарамасдан унинг келгуси ривожланиш траекторияси бўйича ноаниқликлар юқорилигича қолаётганлигини қайд этиш лозим.

Аксарият давлатларда умумий ва базавий инфляция йил охиригача юқори даражаларда сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

Айрим асосий ҳамкорларимиз бўлган давлатлар миллий валюта курсларига бўлаётган босимни сақланиб қолаётганлиги ҳам, ўз навбатида, миллий иқтисодиётга маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Хулоса сифатида шуни қайд этиш лозимки, фискал юмшатишлар ва истеъмол талаби юқори даражаларда сақланиб қолаётган даврда, базавий инфляцияни барқарор пасайишини таъминлаш учун пул-кредит шароитларини «нисбатан қатъий» сақлаб турилиши муҳим аҳамият касб этади.

Шу сабабли, пул-кредит сиёсатида асосий эътибор, пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставкаларининг асосий ставкага яқинлаштириш орқали ижобий реал фоиз ставкаларни таъминлашга қаратилмоқда.

Июнь ойида пул бозоридаги операциялар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 13,9 фоиз доирасида шаклланди.

Реал фоиз ставкаси эса 4,3 фоиз бандни ташкил этиб, «нисбатан қатъий» пул-кредит шароитлари таъминланди.

Июнь ойида кредит ва депозит бозорларида ўртача фоиз ставкалар (22,6 фоиз ва 19,8 фоиз) ўтган ойлардаги кўрсаткичларга нисбатан ўзгаришларсиз шаклланди.

Миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажмининг ўсиш динамикаси сақланиб, йил бошидан 1,2 баробарга ошди (7,3 трлн. сўм).

Ушбу тенденция депозитларнинг долларлашув даражасини пасайишига хизмат қилиб, депозитлар долларлашуви йил бошидан 5,5 фоиз бандга пасайиб, 28,7 фоизни ташкил қилди.

Айни пайтда кредитлар бўйича долларлашув даражаси 2 фоиз бандга пасайиб, 44 фоизни ташкил қилди.

Макроиқтисодий прогнозлар

Янгиланган прогнозларга кўра, ташқи иқтисодий шароитларга иқтисодиётнинг мослашувини давом этаётганлиги ва айрим ноаниқликларни сақланиб қолаётганлигини сабабли 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши 5,0-6,0 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Бунда, аҳоли даромадлари ошиши, фискал рағбатлар, инвестиция ва хизматлар соҳасидаги фаолликнинг юқорилиги иқтисодий ўсишни асосий қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлади.

Жорий йил якуни бўйича инфляция даражаси макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида шаклланиши, 8,5-9,5 фоиз атрофида бўлиши борасидаги прогнозлар ўзгаришсиз қолдирилди.

Юқорида қайд этганимиздек, ички иқтисодий фаоллик ортаётган даврда базавий инфляциянинг юқори даражада сақланиб қолиши иқтисодиётда нархларни оширувчи фундаментал талаб омиллари устунлигини билдириб, пул-кредит шароитларининг жорий тенденциясини узоқроқ муддат сақлашни талаб қилмоқда.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда глобал иқлим шароитларининг тобора кескинлашиб бораётганли, юқори талаб динамикаси шароитида нархларга қўшимча босим яратиши мумкин.

Келгуси даврларда базавий инфляция прогнози ва инфляцион кутилмаларнинг ишончли пасайиш траекториясига ўтиши, асосий ставкани пасайтириш имкониятларини кучайтиради.

«UCI» Биржа индекси кўрсаткичлари