Хизматлар соҳаси мамлакатнинг иқтисодий ўсиши, янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, хизматлар соҳасининг 1 фоизга ўсиши камбағалликни ўртача 1,5 фоизга қисқартиради.
Мамлакатимизда эса ўтган 5 йиллик таҳлилларга асосан, ялпи ички маҳсулотда хизматлар соҳасининг улуши 42 фоиздан 47 фоизга ўсган. Шунингдек, бугунги кунда умумий корхоналар сонининг 65 фоизи, жами банд аҳолининг 50 фоиздан ортиғи хизматлар соҳасига тўғри келиб, жумладан, улгуржи ва чакана савдо, таълим, транспорт, давлат бошқаруви, соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий хизматлар соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.
Хизматлар соҳасининг жойлардаги ҳолати билан танишиш мақсадида «Ўзмиллийбанк» АЖ Матбуот хизмати томонидан 2023 йилнинг 2-3 август кунлари ОАВ ходимлари иштирокида Фарғона вилоятига Пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари Банкнинг Фарғона вилояти Бош бошқармаси, «Meridian Diagnostic Hospital» клиникаси «Fergana deluxe» меҳмонхонаси, «Happy baby» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда «My Garden» ФХ сингари хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритиб келаётган корхоналар фаолияти билан танишиш режалаштирилган.
Дастлабки манзил «Ўзмиллийбанк» АЖнинг Фарғона вилояти Бош бошқармаси бўлиб, бу ерда бугунга келиб 323 нафар профессионал мутахассислар мижозларга сифатли банк хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг Қува, Риштон, Бешариқ туманлари ҳамда Қўқон шаҳрида «Ўзмиллийбанк» АЖнинг Банк хизматлари марказлари самарали фаолият юритмоқда. Мазкур Банк хизматлари марказлари томонидан ажратилган кредитлар ҳисобидан вилоятда умумий овқатланиш масканлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари, ҳамда катта майдонларда интенсив боғлар, йирик сиғимли замонавий музлатгичли фермер хўжаликлари ташкил этилди.
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Ўтган 2023 йил 6 ойи давомида ажратилган кредитларни тармоқлар бўйича таҳлил қилинганда:
– саноат соҳасида – 750,0 млн. сўм;
– қишлоқ хўжалигида – 17,8 млрд. сўм;
– хизмат кўрсатишда – 65,4 млрд. сўмлик лойиҳалар амалга оширилган. Ушбу тадбиркорлик субъектларига кредит маблағлари ажратилиши натижасида 305 та янги иш ўринлари яратилган.
«Ўзмиллийбанк» АЖнинг Фарғона вилояти Бош бошқармаси томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 349,1 мингта мижозларга хизмат кўрсатилди. Шундан 327,0 мингтаси жисмоний шахслар ва 22,1 мингтаси юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Жисмоний шахсларнинг жами депозит қўйилмалари 220,6 млрд. сўмни ташкил этади.
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Таъкидлаш керак, тўлов пластик карточкаларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида жойларда 34 та банкомат, 2 709 та савдо терминаллари дислокация қилинган. Бундан ташқари, аҳолига валюта амалиётларида қулайликлар яратиш мақсадида вилоят ҳудудида филиалга тегишли 10 та валюта айирбошлаш шахобчаси ва 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи 2 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шахобчаси (банкомат) хизмат кўрсатмоқда.
Асосийси, замонавий инновацион банк хизматлари кўрсатилишига алоҳида аҳамият қаратилган. Банк мижозларининг 61 фоизи масофадан бошқариладиган банк хизматларидан фойдаланмоқдалар. Бунда ҳисобрақамларда банк айланмаларини амалга ошириш, онлайн кредит расмийлаштириш ёки кредит қарздорлигини қоплаш, халқаро ва миллий пластик карточкаларда ҳар қандай банк амалиётлари ҳамда тўловларни амалга ошириш, омонат расмийлаштириш, хорижий валюталарда конверсион амалиётлар, пул ўтказмалари каби банк хизматлари шулар жумласидандир.
Бугунги кунда, вилоят иқтисодий кўрсаткичларида хизматлар соҳасининг улуши ҳам ошиб бормоқда. Мазкур соҳада вилоятда жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 29 мингдан зиёд корхона ва ташкилотлар, шундан, 23 мингга яқин кичик тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда.
Бугун вилоятда фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлардан ташқари, яна 6 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш имконияти мавжуд.
Ўтган 2 йилда вилоятда «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган бўлиб, янгидан янги истиқболли лойиҳалар ишга туширилиб келинмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари «Ўзмиллийбанк» АЖ Фарғона вилояти Бош бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишгач, навбатдаги манзил Фарғона шаҳридаги «Meridian Diagnostic Hospital» хусусий клиникасида давом этди. Банк томонидан ажратилган 5,0 млрд. сўм миқдоридаги кредит маблағи эвазига хусусий клиникага тиббиёт жиҳозлари сотиб олинган. Клиника қошида хусусий тиббиёт университети ташкил этилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 26 млрд. 200 млн. сўмни ташкил этади.
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Хизмат кўрсатиш тармоғининг яна бир оммалашган йўналишларидан бири меҳмонхона хизмати бўлиб, Фарғона вилоятида бу хизматга бўлган талаб ва эҳтиёж катта. Шу боис Пресс-тур иштирокчилари «Fergana deluxe» меҳмонхонаси фаолияти билан ҳам танишдилар. Аҳолига сифатли меҳмонхона хизматларини кўрсатиб келаётган ушбу муассаса учун ажратилган лойиҳанинг умумий қиймати 15 млрд. 300 млн. сўм, бўлиб, шундан «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан ажратилган кредит суммаси 2,0 млрд. сўмни ташкил этади. Бугунги кунда мазкур меҳмонхонада 25 та ишчи ўрни яратилган.
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Айтиш жоиз, айни пайтда Фарғона вилоятида нафақат давлат, шунингдек, хусусий таълимга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида таълим сифати ошиши ва хизмат кўрсатиш даражаси ривожланиб бораётганидан далолат. Пресс-тур иштирокчилари Марғилон шаҳридаги «Happy baby» давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, у ернинг шарт-шароитлари билан танишдилар.
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Маълумот учун айтиш керакки, мазкур мактабгача таълим ташкилоти лойиҳасининг умумий қиймати 2 млрддан ортиқ бўлиб, шундан 300 млн. ўқув жиҳозлари сотиб олиш учун «Ўзмиллийбанк» АЖнинг Фарғона вилояти Бош бошқармаси томонидан кредит маблағи сифатида ажратилган.Бугунги кунда мазкур таълим масканида 25 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, муассасада 150 нафар тарбияланувчи таълим -тарбия олади. Шундан ҳар ўқув йили учун 30 нафардан ортиқ болалар мактабга тайёрлаб берилмоқда.
Яхши маълумки, Фарғона вилояти азал-азалдан боғдорчилик билан машҳур. Олтиариқлик «My Garden» ХК фаолияти мисолида Пресс-тур иштирокчилари агро хизматларни, яъни мева-сабзавотларни сақлаш ва ташиш учун логистика хизматини йўлга қўйган тадбиркор фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Фото: «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати
Таъкидлаш керак, мазкур фермер хўжалиги мазкур хизматларни йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг ўзида «Ўзмиллийбанк» АЖдан 1,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағини расмийлаштирган. Натижада фермер хўжалигида 30 га яқин янги иш ўрни таўкил этилган.
Албатта, бугун Фарғона вилоятида хизматлар соҳасини ривожлантириш тармоғида олиб борилаётган ишлар изчил давом этмоқда. Асосийси, фарғоналиклар бу борада банк кўмагидан самарали фойдалана олаётганидир. Бу эса мазкур йўналишнинг истиқболи учун хизмат қилади. Хусусан, хизматлар соҳасида 2023 йил якуни билан кутилаётган режалар қуйидагиларни ташкил этади:
– 27 трлн. сўм хизмат кўрсатиш хажмига, 114 фоиз ўсиш суръатига эришиш;
– 2 мингта янги хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш;
– 1,8 мингта кўчма савдони ташкил этиш ва 1,1 мингта хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш учун ерларни аукцион савдоларига чиқариш;
– 97 мингта янги иш ўринларини яратиш;
– натижада, аҳолига кўрсатилган хизматлар хажми, 5,5 млн. сўмдан 7 млн. сўмга етказиш прогноз қилинган.
Хизматлар соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар келгусида ҳам тизимли давом эттирилади ҳамда бу соҳадаги корхоналарни замонавий кўринишга келтириш, уларни ҳудудларнинг ихтисослашуви (драйвери)дан келиб чиқиб ташкил этиш, молиявий-қўллаб қувватлаш ва хорижий тажрибалар асосида жорий этиш каби ислоҳотлар жадал олиб борилади. «Ўзмиллийбанк» АЖ эса бу борада ҳар доим ишбилармонлар учун энг ишончли молиявий манба сифатида ҳамкорликка тайёр, деб хабар беради «Ўзмиллийбанк» АЖ матбуот хизмати.