2023 йилнинг 4 август куни «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ умумий қиймати 100 миллион AҚШ доллари бўлган 5 йиллик халқаро облигацияларни хусусий жойлаштиришни якунлади, деб хабар беради «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Ахборот хизмати.
Транзакцияда инвестор сифатида Халқаро молия корпорацияси, Aвстрия тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Германия тараққиёт молия институти ҳамда ташкилотчи банк сифатида Франциянинг «Societe Generale» банки иштирок этди.
Ушбу транзакция Президентимизнинг 2023 йил 31 июлдаги ПҚ-253-сонли «“Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида амалга оширилди. Ҳужжатда Банк томонидан жорий йил якунига қадар капитал бозорларида 100 миллион АҚШ долларилик «яшил» облигацияларнинг чиқарилиши ва жойлаштирилиши белгиланган.
Жалб қилинган инвестицияларнинг асосий қисми «яшил» лойиҳалар, жумладан, энергия самарадорлигини ошириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, «яшил» қурилиш, қайта тикланадиган энергия ҳамда сувни тежашга оид лойиҳалар, шунингдек кичик ва ўрта бизнес ҳамда аёллар тадбиркорлигини молиялаштиришга йўналтирилади.
Таъкидлаш жоиз, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ 2019 йилда Ўзбекистон тижорат банклари орасида биринчилардан бўлиб халқаро қарз бозорига чиққан. Унда Банк томонидан Лондон фонд биржасига 300 миллион АҚШ долларилик еврооблигациялар жойлаштирилган.