Пойтахтимиздаги «Ориент Финанс банк» биносида Халқаро валюта фонди (ХВФ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамкорлигида Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси давлатлари иқтисодиёти таҳлилига бағишланган «Минтақавий иқтисодиёт таҳлили» тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ХВФ вакиллари, Марказий банк раҳбарияти, тегишли вазирлик ва идоралар, банк молия институтлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
ХВФнинг мазкур ҳисоботи жаҳон иқтисодиёти ўсиш тенденциялари таҳлили, Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти ривожланишига таъсир қилувчи омиллар, рискларни бошқариш бўйича мавжуд муаммолар муҳокамаси ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси истиқболини ўрганишга қаратилди.
ХВФнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатлари департаменти директори ўринбосари Юха Кахконен келтиришича, бугунги кунга келиб, жаҳон иқтисодий ўсиш суръатлари секинлашган. Сўнгги йилларда кузатилаётган хомашё нархларининг ошаётгани эса вақтинчалик ҳолат бўлиб, мазкур нарх-наво истиқболда яна пастлай бошлайди. Жумладан, жорий йилда олтин ва бошқа металлар нархлари ўтган йилларга нисбатан бир неча фоизга камайган.
Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси иқтисодиёти бир неча хатарлар, жумладан, мисол учун хомашё нархининг қимматлиги, савдо ва чекловлардаги таранглик ва шу каби омиллар билан тўқнаш келаётгани натижасида бюджет харажатлари кўпайиб, давлатларнинг умумий қарзлари миқдори ошган. Бундан ташқари, мазкур минтақаларда ўрта муддатли ўсиш суръатлари ошган ва бунга эришиш учун солиқ-бюджет сиёсатининг иқтисодий ўсиши бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, хусусий сектор фаолиятини такомиллаштириш, ва глобал шокларга қарши чидамлиликни ошириш зарур, дея таъкидлади мутахассис ўз нутқида.
Тақдимот давомида ХВФ вакили мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам тўхталиб, 2018-2019 йилларда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 5%га ўсиши прогноз қилинаётганини ҳам қайд этди. Шунингдек, мамлакатимизда иқтисодий трансформация жараёнига алоҳида эътибор қаратилаётгани, натижада нархлар эркинлаштирилиши, солиқ тизими қайта ислоҳ қилиниб, хусусий секторлар қўллаб-қувватланаётгани, божхона ва солиқ борасида қатор имтиёзлар яратилаётгани хусусида ҳам тўхталди.
Маълумки, айни пайтда мамлакатимизда нархлар эркинлаштириш бўйича ҳаракатлар бошланган. Табиийки, бу жараёнда инфляция жараёни тезлашуви эҳтимоли бор. Шу сабабдан Марказий банк инфляция назоратини ушлаб туриш борасида фаол чоралар кўрмоқда. Сентябр ойидаги қайта молиялаш ставкасининг оширилиши ҳақидаги қарор ҳам айни шу мақсадда эди.
Бу борада ҳам Ю. Кахконен ўз фикрини билдирди:
– Фикримча, ҳар бир давлатнинг Марказий банки бу муаммодан осон ўтиш йўлларини, албатта, топади. Айниқса, Ўзбекистоннинг. Чунки уларда иш фаолияти тўғри йўлга қўйилган, аниқ позиция сари одимламоқда. Ўйлайманки, Ўзбекистон Марказий Банки мамлакатдаги инфляция назоратини қўлга олади ва бу жараённинг ўсишига йўл қўймайди.
Шунингдек, тадбир давомида Марказий банк раиси ўринбосари Илҳом Норқулов ҳам сўз олиб, бюджет харажатларини ҳаддан ташқари ошиб кетишга йўл қўймаслик ва монетар сиёсатни қатъийлаштириб боришни ўз ичига олган тавсиялар муҳим аҳамиятга эгалиги, Марказий банк ходимлари олдида турган асосий вазифа инфляцияни имкон борича паст даражада сақлаб туриш ва бунинг учун зарур барча чора-тадбирлар кўрилаётганини таъкидлади.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, ХВФ жаҳон молия тизимини мониторинг қилувчи институт бўлиб, у тақдим этган ахборот жаҳон ҳамжамияти томонидан холис ва ҳаққоний деб қабул қилинади.